Барча даражадаги раҳбарлар бир мақсад – халқ розилиги йўлида меҳнат қилиши лозим

31.03.2018, 11:54

Барча даражадаги раҳбарлар бир мақсад – халқ розилиги йўлида меҳнат қилиши лозим

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 30 март куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. 

Жиззах вилояти қадимдан шарқ ва ғарбни боғловчи Буюк ипак йўлининг муҳим қўналғаларидан бири бўлиб келган. Мустақиллик йилларида ҳудуднинг юртимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти янада ортди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ҳудуднинг қулай жуғрофий ва транспорт-коммуникация имкониятларидан, ер ости ва ер усти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланилмоқда. 

Президентимиз ўтган йил 28 апрель куни вилоятга ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан танишган, аҳоли фаровонлиги, янги иш ўринлари яратиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган эди. Ўтган вақт давомида вилоятда улкан ишлар амалга оширилди. 

Давлатимиз раҳбари тамал тоши қўйиб берган Зафаробод туманидаги нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида катта воқеа бўлди. Айни пайтда лойиҳа қиймати 2,2 миллиард АҚШ доллари бўлган корхонани бунёд этиш ишлари юқори суръатларда давом этмоқда. "Жиззах" эркин иқтисодий зонасида хорижий инвестициялар иштирокида бунёд этилаёган “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” заводи, яқинда ишга туширилган шиша маҳсулоти ишлаб чиқарадиган “Ming Yuan Sily industry” масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона, Жиззах шаҳрида бунёд этилаётган “SILK EXPERT processing” ипак етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишига хизмат қилади. 

Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли бундай йирик лойиҳалар олис туманларда ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Фориш туманининг Эгизбулоқ қишлоғида Буюк Британиянинг “Leigh Barrier LLP” компанияси билан ҳамкорликда “Mega invest industrial” МЧЖ шаклидаги композит арматуралар ишлаб чиқариш заводи, Ғаллаорол туманидаги “Marjon global” доривор гиёҳларни қайта ишлаш, Зомин туманида “Зомин-Фарм” эркин иқтисодий зонаси таркибидаги корхоналар вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. 

9831b15c-6018-4470-dcfc-7f55a862fdf3.jpg

Президентимиз бу галги ташрифи давомида вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифда берилган топшириқлар ижроси, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари дастлаб Зарбдор туманидаги "Zarbdor textile" масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Жорий йил апрель ойида ишга туширилиши режалаштирилган корхонада 17,5 миллион долларлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. 

Корхонада йилига 31 миллион квадрат метр мато ҳамда 6,5 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона ўз фаолиятини бошлаши билан 864 иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш эвазига жорий йил учинчи чорагида яна 196 нафар хотин-қиз иш билан таъминланади. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда етиштирилаётган пахта ўзимизда тўлиқ қайта ишланиши қўшимча қийматли маҳсулот тайёрлаш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш имконини беришини таъкидлади. 

Шу ерда Жиззах шаҳридаги собиқ тўқимачилик комбинатининг бўш турган бинолари негизида замонавий тўқимачилик мажмуаси барпо этиш, “Жиззах”, “Зомин-фарм” эркин иқтисодий зоналарида 2018-2019 йиллар учун режалаштирилган инвестиция, шунингдек, вилоятда енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими 2-сон ички ишлар бўлинмасида бўлди. 

Юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Буни профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, сафарбарлик отрядлари қайта ташкил этилаётгани, ички ишлар органларининг моддий-техник базаси мунтазам мустаҳкамлаб борилаётганида ҳам кўриш мумкин. 

Президентимиз 2017 йил 17 август куни ички ишлар идоралари ходимлари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Жиззах шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини татбиқ этиш бўйича топшириқ берган эди. Ушбу топшириқ ижроси бўйича Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими 2-сон ички ишлар бўлинмасида «Хавфсиз шаҳар» бошқарув ситуацион маркази ташкил этилди. Марказ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, патруль-пост хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқаради. Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш техникаси бунда қўл келади. Бу жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда фош этишда муҳим аҳамиятга эга. 

– Бу каби видеокузатув мосламаларини шаҳардаги профилактика инспекторлари хонаси, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар атрофига ҳам ўрнатиш керак, – деди Президент. – Шунда ўқитувчи ва ўқувчиларда ҳам масъулият янада ошади. 

Бўлинма икки қаватли бинода жойлашган бўлиб, бу ерда "Заргарлик" маҳалла фуқаролар йиғини, маҳалла посбони, профилактика инспектори хоналари ўрин олган. 

Шавкат Мирзиёев маҳалла раиси ва профилактика инспектори билан аҳоли фаровонлигини ошириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш масаласида суҳбатлашди. 

Давлатимиз раҳбарига ички ишлар бўлинмаси томонидан ишлаб чиқилган мобиль дастур ҳақида маълумот берилди. “Jizzax IIB” мобиль дастури аҳоли учун бепул бўлиб, фуқароларнинг мобиль телефонига юкланади. Ушбу дастур орқали фуқаролар қидирувда бўлган ва бедарак кетган шахслар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши, профилактика инспектори фаолиятига оид маълумотларни олиши мумкин. 

Ходимларга тезкор ахборот етказиш мақсадида вилоятдаги уяли алоқа компанияси билан ҳамкорликда 2 мингда ортиқ телефон рақами тарқатилган. Мазкур қулайлик орқали тезкор ахборот етказиш имкони яратилмоқда. Яъни, навбатчилик қисмида мавжуд бўлган планшет орқали кунлик содир бўлган жиноятлар, йўл-транспорт ҳодисалари, эслатма ва янгиликлар ходимларга тезкорлик билан етказилади. 

Давлатимиз раҳбари тегишли мутасаддиларга ушбу тизимни янада такомиллаштириш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берди. 

Шу ерда Президентимиз бир гуруҳ нуронийлар билан учрашди, самимий ва очиқ руҳда ўтган суҳбатда мамлакатимиз ва халқаро аҳамиятга молик масалалар ҳақида сўз юритилди. 

Кейинги манзил Жиззах шаҳар Мустақиллик кўчасида барпо этилаётган кўп қаватли арзон уй-жойлар бўлди. 

Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан барпо этилаётган мазкур уй-жойлар аҳолининг кенг қатлами учун замонавий уйлардан фойдаланиш даражасини тубдан ошириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бундай замонавий уйлар юртимиз кўркига кўрк қўшиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, одамларда давлатга, эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамламоқда. 

Жиззах шаҳрида қурилаётган уй-жойларни жорий йил сентябрь ойида тўлиқ фойдаланишга топишириш кўзда тутилган. 7 қаватли, 420 хонадонга мўлжалланган уйлар 2 ва 3 хонали. Шаҳар кўркига кўрк қўшаётган ушбу 10 та уй уй-жойга муҳтож аҳолини босқичма-босқич замонавий уйлар билан таъминлаш имконини беради. 

Президентимиз янги қурилаётган уй-жойлар лойиҳалари билан танишди. 

Шу ерда вилоятда олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шароф Рашидов туманидаги Учтепа шаҳарчасида кўп қаватли турар жой биноларининг жойлашув лойиҳаси, мазкур тумандаги “Тоқчилик” ҚФЙ ҳудудида барпо этилаётган замонавий 3-4 қаватли арзон уй-жойлар массиви лойиҳаларида аҳоли эҳтиёжи ҳисобга олинган бўлиб, қурилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. 

Бундан ташқари, Жиззах шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси бўйлаб қуриладиган инфратузилма объектлари, кўп қаватли турар жойлар, Сайлжойи маҳалласи ҳудудидаги 37-мактабгача таълим муассасаси биносини қайта таъмирлаш каби қатор истиқболли лойиҳалар тақдим этилди. 

– Жиззах шаҳрида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунинг учун бу ерда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Ана шунда қурилаётган биноларнинг нархи арзон тушади. 

Президентимиз вилоятда ичимлик сув тизимини ривожлантириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича барча манбаларни ишга солиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. 

Жиззах вилояти кўп қаватли уй-жой фондини таъминлаш дастурига асосан, 2017 йилда 345 та кўп қаватли уй-жой таъмирланган. Бу ишларни амалга оширишда тижорат банклари томонидан 16,3 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. 2018 йилда 409 та кўп қаватли уй-жой ва уларнинг атрофини ободонлаштириш кўзда тутилган. Ушбу мақсадларга 59,6 миллиард сўм маблағ жалб этилади. 

Шавкат Мирзиёев лойиҳалар билан батафсил танишди. Мутасаддиларга ажратиладиган маблағлар, қурилиш ишларини якунига етказиш муддатини назорат қилишни топширди. 

Президентимиз Дўстлик туманидаги Манас қишлоғига ташриф буюрди. 

“Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Давлатимиз раҳбари терини қайта ишлаш, агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат кластери барпо этиш, туя сути билан даволайдиган клиника ташкил қилиш борасидаги таклифларга алоҳида эътибор қаратди. Аҳолининг томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш, фермер ва деҳқон хўжаликларига бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича консалтинг хизмати кўрсатиш, молиялаштириш базасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

“Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилиши чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётини яхшилашга, уларга муносиб турмуш тарзи яратишга қаратилган долзарб вазифа экани таъкидланди. Манас қишлоғи мамлакатимизда бошланган “Обод қишлоқ” дастурини татбиқ этишда намуна сифатида тарихда қолди. 

Ўтган асрнинг 60-йилларида вилоятнинг энг чекка ҳудудида барпо этилган Манас қишлоғида бугунги кунда 6,5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Кейинги йилларда инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий-маший хизмат кўрсатиш талабга жавоб бермаслиги натижасида одамлар анча қийналаётган эди. 

“Обод қишлоқ” дастури асосида бу ерда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа муддатда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Дастур доирасида сизот сувлари сатҳи кўтарилишини бартарф этиш учун 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди. Икки қаватли 34 та уйнинг томи қайта ёпилди. Уй-жойлар атрофидаги режасиз қурилишлар ўрнида янгидан ёрдамчи бинолар, тандирхоналар курилди. Мевали ва 10 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. 

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Сувоқова” давлат унитар корхонаси жамоаси томонидан 6,5 километрлик сув қувури ётқизилди. Сув тарқатиш иншоотлари таъмирдан чиқарилди. 2 умумтаълим мактаби таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Ушбу мактабларда ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси барпо этилиб, дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланди. 17 болалар майдончаси, 2 мини футбол майдони, 250 ўринли стадион барпо этилди. 

“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бошлангандан буён қишлоқда 200 дан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, “Жиззахпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг 100 ўринли, “Заминтекс” масъулияти чекланган жамиятининг 20 ўринли тикувчилик цехлари қурилиб, қишлоқ хотин-қизларидан 120 нафари ишга жойлаштирилди. 

30 иссиқхона, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг молларини боқиш учун 100 бошга мўлжалланган замонавий ферма қурилди. Ветеринария пункти ишга туширилди. Замонавий кўринишдаги 31 савдо дўкони, новвойхона, ҳаммом барпо этилди. 500 ўринли “Манас” маданият саройи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, маданий-маърифий масканга айлантирилди. Қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилиниб, унинг ўрнида 500 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ташкил этилди. 

Президентимиз мазкур поликлиникадаги шароитларни кўздан кечирди. 

– Жойларда замонавий тиббиёт муассасалари барпо этаётганимиз яхши, албатта. Эндиги талаб ушбу муассасаларни малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишдан иборат бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари. 

Шавкат Мирзиёев қишлоқда “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ташаббуси билан барпо этилган новвойхонани бориб кўрди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган новвойхонада кунига 30 турдаги 2 минг дона қолипли нон тайёрланади. 

Давлатимиз раҳбари қишлоқдаги 125 ўринли “Айчурек” мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлди. Жанубий Корея стандарти асосида барпо этилган ва жиҳозланган муассасада болаларнинг илғор хорижий тажрибалар асосида дастлабки билим ва кўникмаларини шакллантириш учун барча қулайликлар яратилган. 

“Манас” маданият саройида халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди. 

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари иштирокида ўтган йиғилишда туманлар билан видеоконференция орқали мулоқот қилиниб, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топилди. 

Янги саноат корхоналари ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни давом эттириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Пахта майдонини қисқартириш эвазига мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган корхоналар ташкил этиш, экспортбоп экинлар экиш, тоғолди ҳудудларда доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачиликни ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган Эргаш Солиев Жиззах вилояти ҳокими этиб тайинланди. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи давом этмоқда. 
 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    1900
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+