Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

05.04.2018, 21:23

Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3655-сон қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий лавозим маошлари миқдорларини табақалаштирилган ҳолда: 

олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларининг – ўртача 25 фоизга ва стажер-ўқитувчи ҳамда фан доктори илмий даражасига эга профессор иш ҳақининг миқдорлари ўртасидаги тафовутни икки бараваргача ошириш;

илмий-тадқиқот муассасаларининг фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини амалга ошириш ва инновация ишларида иштирок этаётган илмий ходимларининг – ўртача 25 фоизга ва стажер-тадқиқотчи ҳамда фан доктори илмий даражасига ва профессор илмий унвонига эга бош илмий ходим иш ҳақининг миқдорлари ўртасидаги тафовутни икки бараваргача ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

базавий докторантурада таълим олаётган шахсларга – илмий унвон ёки илмий даражага эга бўлмаган (2 йилгача илмий фаолият тажрибасига эга бўлган) кичик илмий ходимнинг лавозим маоши базавий миқдорларига тенглаштирилган стипендиялар;

докторантурада таълим олаётган шахсларга – фан номзоди (ёки фалсафа доктори (PhD) даражасига ва хорижий давлатларнинг тегишли мутахассислик бўйича унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига) илмий даражасига ёки илмий унвонга эга бўлган етакчи илмий ходимнинг лавозим маоши базавий миқдорларига тенглаштирилган стипендиялар тўланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 1 июлгача:

олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари, шунингдек, бошқа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошларини;

илмий-тадқиқот муассасаларининг фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурлари лойиҳаларини амалга ошириш ва инновация ишларида иштирок этаётган илмий ҳамда раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошларини ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда бюджет маблағлари ҳисобидан қайта кўриб чиқсин. 

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар Академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорда белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

     Ўзбекистон Республикаси
               Президенти                                                                           Ш. Мирзиёев

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига 
ШАРҲ

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда таълим ва илм-фан тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ҳамда изчил ишлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий устувор вазифалари билан бирга ижтимоий-иқтисодий ва соҳа тармоқларини жадал ривожлантиришга қодир бўлган янги, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун зарур бўлган шароитларни таъминлаш мақсадига мувофиқ кўзланган марраларга эришишнинг жадаллаштирилишига олиб келди.

Бироқ, айни вақтда республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидаги илмий ҳамда илмий-педагогик кадрларнинг салоҳияти паст даражада қолиб кетмоқда. Илмий унвон ёки илмий даражага эга бўлган олий малакали илмий ва илмий-педогогик кадрларнинг мазкур жараёнлардаги улуши тинимсиз пасайиб бораяпти. Кўп ҳолларда бу вазият илмий ходимлар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий унвон ёки илмий даражалар олишга бўлган уриниши сўнги йиллар давомида моддий манфаатдорлик оқибатида пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда, чунки стажерлар (илмий унвон ва даражасиз) билан профессор-бош илмий ходимлар (илмий унвон ёки даражага эга) ўртасидаги фарқ 50 фоиздан ортмаган ҳолда сақланиб қолинмоқда.

Илмий фаолиятни рағбатлантириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг моддий манфаатдорлигини тубдан ошириш, шу жумладан, лавозимлар, илмий унвон ва даражалар ўртасидаги табақалашувни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб 81 та олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари таркибининг барча базавий лавозим маошлари миқдорлари сезиларли оширилишини назарда тутади: ҳаммаси бўлиб 38 мингдан ортиқ олий таълим муассасалари (28,1 минг одам) ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари (8,0 минг одам), шунингдек 1,9 минг докторантлар.

Базавий лавозим маошлари табақалаштирилган ҳолда оширилиб, биринчи ўринда илмий унвон ёки даражага эга бўлган ходимларга тадбиқ этилади. Ўртача ҳисобда базавий лавозим маошлари 25 фоизга оширилади (стажерларга 5% дан олий таълим муассасалари профессорлари ва илмий-тадқиқот институтларининг бош илмий ходимларига 38% гача). Табақалаштирилган базавий лавозим маошлари оширилишини назарда тутган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан, илмий унвон ёки даражаси борлигидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда стажер билан профессор ўртасида базавий лавозим маошлари миқдорлари 100 фоизга, ёки икки бараварига оширилиши кўзда тутилади. Таклиф қилинаётган чора-тадбирлар олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва илмий-тадқиқот институтларининг илмий ходимлари ўз билимлари ва касбий кўникмаларини доимий равишда ошириб боришлари, илмий фаолиятларини олиб боришлари учун рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилди.

2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб базавий лавозим маошлари оширилишига ҳаммаси бўлиб 73,8 млрд. сўм (38,4 – давлат бюджети маблағлари), улардан 60,3 млрд. сўм – олий таълим муассасалари учун (24,9 - млрд.сўм давлат бюджети маблағлари), 11,3 млрд. сўм – илмий-тадқиқот институтлари учун, шунингдек, 2,2 млрд. сўм олий таълимдан кейинги таълим институтлари учун қўшимча ажратилиши режалаштирилган. Шу билан бирга республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларига меҳнат ҳақи тўлашда қўшимча ойлик ҳаражатлари миқдори 18,4 млрд. сўм бўлиб, жумладан, 9,6 млрд. сўми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор билан алоҳида белгиланганки, олий таълимдан кейинги таълим институтларида таълим олаётган 1923 нафар тадқиқотчиларга илмий унвони ёки даражаси бўлмаган кичик илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорларига тенглаштирилиб, 1,76 млн. сўм, (базавий докторантура, 1669 нафар) ҳамда фан номзоди илмий даражаси ёки унвони бўлган етакчи илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорларига тенг бўлган - 2,2 млн. сўм (докторантура, 254 нафар) миқдорида оширилган стипендия (17 фоиз-18 фоизга оширилади) тўланади.

Мазкур қарор билан фан доктори илмий даражаси бўлган профессорлар меҳнат ҳақи миқдори 38-44% га оширилади ва амалдаги 2,5 млн. сўм ўрнига 3,46 млн.сўм бўлади ва шу билан стажер-ўқитувчининг меҳнат ҳақи миқдори билан 100 фоизли тафовутни ҳосил қилади (стажер маоши – 1,73 млн.сўм).

Илмий-тадқиқот муассасаларида фан доктори даражаси ёки профессор унвонига эга бош илмий ходимнинг меҳнат ҳақи амалдаги 2,25 млн. сўм ўрнига 38 фоизга оширилиб, 3,11 млн. сўмга етади, стажер-тадқиқотчи меҳнат ҳақи миқдоридан 100 фоизга ёки икки бараварга оширилади (стажер маоши – 1,55 млн. сўм.).

Қабул қилинган қарор республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўли орқали таълим сифатини ва илмий фаолиятни ошириш масалаларини ҳал этиш, олий таълим муассасалари ва академик илм-фанини янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, истеъдодли ёш олимлар ва талабаларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб қилишга ёрдам беради.

  • Кўрилди
    3170
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+