Жисмоний шахсларга ҳам такси хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи берилади

11.04.2018, 21:07

Жисмоний шахсларга ҳам такси хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи берилади

Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек бизнес юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, улардан ўтишнинг соддалаштирилган механизмларини белгилашга қаратилган. Унда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини расмийлаштириш ёндашувлари ва тамойиллари тубдан қайта кўриб чиқилган.

Фармонда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари белгиланди. Таъкидлаш жоиз, мазкур асосий вазифалар орасида жамоатчилик назорати, ўзини-ўзи бошқариш, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни суғурталаш ва бошқалар каби тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил услубларидан кенг фойдаланиш кўрсатилган.

Давлат сиёсатининг белгиланаётган муҳим устуворликлари ва асосий вазифаларидан келиб чиқиб, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, миллий қонунчилик

ва хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини таҳлил қилиш асосида, мазкур ҳужжат  билан 42 турдаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини бекор қилиш назарда тутилмоқда. Уларнинг орасида – нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишни лицензиялаш, божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширишга рухсат бериш, ташқи рекламани жойлаштиришга рухсатнома ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятининг айрим соҳаларида бир неч турдаги лицензияларни ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни олиш талаб этиладики, бу тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча сарсонгарчилик ва молиявий харажатларни орттиради. Лицензиялар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни олиш механизмини соддалаштириш мақсадида шунингдек 38 турдаги лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини 17 турга бирлаштириш назарда тутилмоқда.

Бюрократик ғовларни олиб ташлаш, тадбикорлик субъектларининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги 25 турдаги лицензиялар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари ички расмийлаштириш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш эвазига қисқартирилмоқда, шунингдек 9 та турдаги фаолиятни лицензиялаш тартиби лицензиялаш бўйича функцияларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан тегишли давлат органларига топшириш йўли билан соддалаштирилмоқда. Шу билан бирга, 5 турдаги лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш функциялар республика давлат бошқарув органларидан уларнинг ҳудудий бошқармаларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, Фармонда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги 19 турдаги лицензияларни ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган. Масалан 2018 йил 1 июндан:

- телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш

ва хизмат кўрсатиш, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш, баҳолаш, ветеринария ва туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилмоқда;

- риэлторлик ташкилотлари учун устав капиталининг мажбурий миқдорига нисбатан қўйиладиган лицензион талаблар бекор қилинмоқда, олиндан тўлов олмаган ҳолда риэлторлик хизматларини кўрсатиш имконияти берилмоқда;

- енгил автомобилга эга бўлган жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор шаклида йўналишли такси сифатида йўловчиларни тижорат асосида ташиш ҳуқуқи берилмоқда;

- кўчма савдони амалга оширишга рухсатнома якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам, рухсатнома амал қилиш муддатини ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга бериш ҳуқуқи берилмоқда, битта рухсатнома билан бир нечта жойда кўчма савдони амалга оширишга рухсат берилмоқда.

Муҳим янгиликлардан бири бу тиббиёт ва фармацевтика фаолияти, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш, шунингдек, кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари ва телерадиоэшиттиришларни тарқатиш тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берадиган лицензиялардан ташқари, фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган барча лицензиялар уларнинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилишидир.

Шу билан бирга Фармонда лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогарига кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг аризада кўрсатилган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқи берилиши белгиланган.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2305
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+