Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи бошланди

13.04.2018, 11:47

Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 13 апрель куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. 

Мустақиллик йилларида вилоят ҳар томонлама ривожланди, унинг шаҳар ва қишлоқлари обод бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошди. Ҳудудда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришилмоқда. 

Президентимиз ўтган йилнинг 17 май куни вилоятга ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан танишган эди. Ўтган вақт мобайнида вилоятда улкан ишлар амалга оширилди. 

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури доирасида 2017 йил якунига кўра, умумий қиймати 507 миллиард 200 миллион сўм инвестицияларнинг ўзлаштирилиши ҳисобига 1 минг 108 катта ва кичик лойиҳалар доирасида янги қувватлар ишга туширилиб, 6 минг 200 янги иш ўринлари ташкил этилди. 

Вилоятда фаолият юритаётган 7 мингдан ортиқ тадбиркор ва хусусий бизнес субъектлари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида “Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази” дирекцияси ташкил этилди. Сирдарё тумани “Малек” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида 10 минг бош зотли эчки боқишга, сутни қайта ишлаш ва махсус ем ишлаб чиқаришга мўлжалланган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг илк босқичи жорий йилда тўлиқ амалга ошади. Бу ерда ойига 614 тонна сут етиштирилиб, ундан 120 тонна пишлоқ ва 98 тонна бринза жами 5,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда қўшма корхонада 20 нафар сирдарёлик ёшлар иш билан таъминланган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач 100 янги иш ўрни барпо этилади. 

Сирдарё туманида “Sirdaryo Golden Fruits” МЧЖ томонидан қиймати 6,8 миллион доллар бўлган полиэтилен қоп ишлаб чиқариш ва совутгичли сиғим ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди. Бу ерда, йилига 1 миллион дона полиэтилен қоп ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилиб, 25 янги иш ўрни яратилди. 

“Янгиер кичик саноат зонаси” ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган 136 лойиҳа бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиб, шу асосда қиймати 737,4 миллиард сўм ҳамда 31,3 миллион долларлик 78 лойиҳа ишга туширилади. Натижада, 2 минг 800 янги иш ўрни яратилади. 

Ўтган бир йил давомида вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, Сирдарё, Гулистон, Сайхунобод ва Сардоба туманларида иш сўраб мурожаат қилган 8 минг 400 нафар ишсиз фуқароларнинг 5 минг 600 нафари ишга жойлаштирилди. 2018 йилда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида 40 мингдан зиёд фуқарони жамоат ишларига жалб этиш учун 19 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланиши белгиланган. 

Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги қарорига асосан вилоятда “Бек кластер” корхонаси ташкил этилди. Мирзаобод туманидан 13 минг гектар, Ховос туманидан 5 минг гектар ер майдони ажратилди. Пахта етиштиришнинг янгича тизими жорий этилди. Мазкур корхона томонидан 165 миллион АҚШ доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилиниши ҳамда 30 минг тонна пахта, 80 минг тонна озуқа экинлари, 10 минг тонна пахта толаси, 15 минг тонна уруғлик чигит, 100 гектар иссиқхона ташкил этилиши ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. 

Вилоятда 2017-2018 йилларда 1 минг 820 янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзонлаштирилган уй-жойлар қуриб битказилиши кўзда тутилган бўлиб, айни чоғда, уларнинг 826 таси фойдаланишга топширилган. 

Мирзаобод туманида 2 минг гектар майдонда янги анорзорлар барпо этилиб, бугунги кунда 1 минг 11 гектар майдон фермер хўжаликларига анорзорлар ташкил этиш мақсадида ажратиб берилган. Етиштирилган маҳсулотлар экспортга йўналтирилади. 

2017 йилда Инвестиция дастурига асосан 6 миллиард 700 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, 7 дона қудуқ янгидан қазилди, 31 километрдан ортиқ ичимлик сув тармоғи қурилди ва 40 қишлоқ аҳолисининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 596 километр зиёд узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 386 дона трансформатор пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Аҳолини табиий газ билан таъминлаш, суюлтирилган газ балонлари ва кўмир етказиб беришда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилди. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури асосида Ховос туманидаги Ховособод қишлоғи намунали қишлоққа айлантирилиб, одамларга муносиб турмуш шароити яратилди. 

Президентимизнинг навбатдаги ташрифи давомида ҳам вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифда берган топшириқларнинг ижроси, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган. 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    2202
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+