“Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

13.04.2018, 16:33

“Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


Сирдарё вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда оқилона фойдаланишини таъминлаш, шу аснода янги иш ўринлари ташкил этиш ва маҳаллий аҳолининг даромадларини ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ПФ-4516-сонли Фармонига асосан Жиззах вилоятида “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда “Жиззах” ЭИЗ деб аталади) Сирдарё вилояти Сирдарё тумани филиали ташкил этилгани ва унинг чегаралари тасдиқлангани маълумот учун қабул қилинсин. 

2. Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда “Сирдарё” ЭИЗ деб аталади) “Жиззах” ЭИЗ Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги филиали ва Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонаси негизида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

3. Қуйидагилар “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин: 

Сирдарё вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда маҳаллий минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш; 

мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларни, шунингдек, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш; 

эркин иқтисодий зона корхоналари ўртасида ҳамда бошқа маҳаллий корхоналар билан мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш асосида маҳаллий хом ашё ва материаллардан юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш; 

“Сирдарё” ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, ушбу ҳудудда сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш; 

эркин иқтисодий зоналарнинг соҳа кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этишда ва уларнинг эркин иқтисодий зонада жойлашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташида қатнашиш. 

4. Сирдарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши (Ғ.Ғ.Мирзаев) Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Сирдарё” ЭИЗнинг чегараларига аниқлик киритиш, кейинчалик кенгайтириш бўйича таклифларни икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашига киритилишини таъминласин. 

5. Белгилаб қўйилсинки: 

“Сирдарё” ЭИЗ таркибига киритилган ер майдонлари Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг бевосита тасарруфида бўлади; 

“Сирдарё” ЭИЗнинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин; 

“Сирдарё” ЭИЗ фаолият юритадиган муддат давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона тартиблари амал қилади; 

“Сирдарё” ЭИЗ иштирокчиси мақоми Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарори билан берилади; 

собиқ Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонаси иштирокчиларига нисбатан, ушбу мақомни аввал олган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 мартдаги “Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ПҚ-2860-сонли қарорида кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлар сақланиб қолинади. 

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ҳамда республика ва ҳудудий даражадаги муҳандислик-коммуникация хизматлари кўрсатувчилар эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг коммуникацияларга, уларни “Сирдарё” ЭИЗнинг ҳудудигача белгиланган тартибда кафолатли уланишини таъминлайди. 

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ҳар йили келгуси йиллар учун ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда белгиланган тартибда уларга “Сирдарё” ЭИЗнинг муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар киритилишини назарда тутсин. 

8. “Сирдарё” ЭИЗ фаолиятини оператив бошқарув функцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5032-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган “Сирдарё-фарм” ЭИЗ дирекцияси” давлат унитар корхонасига юклатилсин ва унинг номи “Сирдарё” ЭИЗ дирекцияси” давлат унитар корхонасига ўзгартирилиб, ходимлари сони 3 нафардан 5 нафарга оширилсин. 

9. Белгилансинки, “Жиззах” ЭИЗ дирекцияси” давлат унитар корхонасининг ва “Жиззах” ЭИЗ иштирокчиларининг Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги “Жиззах” ЭИЗнинг филиали бўйича ҳуқуқ ва бурчлари белгиланган тартибда “Сирдарё” ЭИЗ дирекцияси” давлат унитар корхонаси ва “Сирдарё” ЭИЗ иштирокчиларига ўтади. 

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4853-сон Фармонининг 3-, 4- ва 5-бандлари қоидалари “Сирдарё” ЭИЗ иштирокчиларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4931-сонли Фармонининг 8-банди қоидалари “Сирдарё” ЭИЗ дирекциясига татбиқ этилсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги ПФ-4516-сон Фармонига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши билан биргаликда: 

бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин; 

икки ой муддатда Сирдарё вилоятининг мавжуд минерал–хом ашё ресурсларини инобатга олган ҳолда, “Сирдарё” ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар – “йўл харита"лари ишлаб чиқилишини таъминласин. 

13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмурадов ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Ғ.Мирзаев зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                              Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 12 апрель 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

 
  • Кўрилди
    1720
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+