“The Financial Times”: “Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш кузатилмоқда”

17.04.2018, 14:43

“The Financial Times”: “Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш кузатилмоқда”

Жорий йил 18 апрель куни Лондонда мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий имкониятларига бағишланган Британия – Ўзбекистон энергетика форуми бўлиб ўтади. Шунинг муносабати билан нуфузли “The Financial Times” газетаси саҳифасида мазкур тадбирда қатнашишдан манфаатдор бўлган барча мутахассисларни таклиф этадиган “Ўзбекистоннинг ўсувчан иқтисодиётидаги имкониятлар хусусида” сарлавҳали ахборот материали босилиб чиқди. Форумдан кўзланган мақсад компанияларга ўзбек бозорига чиқиш йўлларини тақдим этиш ҳамда мамлакатда яратилаётган имкониятлардан фойдаланишга бўлган интилишларни қўллаб- қувватлашдир.

Нашр қайд этганидек, тез ўсиб бораётган ва 30 миллиондан зиёд аҳолисига, Марказий Осиёдаги йирик истеъмол бозорига эга бўлган Ўзбекистон изчил тараққий этаётган давлат ҳисобланади. Материалда мамлакатимиз табиий ресурсларга бой ва минтақадаги энг диверсификациялашган иқтисодиётга эга эканлиги ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган. Газета бугунги кунда республика савдо ва сармоялар учун янги имкониятларни яратаётгани ҳолда иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан дунёга очилаётганини таъкидлаган.

“Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш кузатилмоқда (2017 йилда 5,3 фоиз). Жуда катта қамровдаги ислоҳотлар иқтисодиётни ўзгартирмоқда. 2017 йилнинг кузида валюта бозорининг либераллаштирилгани мамлакатга сармояларни жалб этиш йўлидаги ўта муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон Жаҳон банкининг жорий йилги “Бизнес юритишдаги қулай шароитлар” ҳисоботида энг йирик ислоҳотчи мамлакатлар ўнлигидан жой олди”, деб ёзади нашр.

Газета Ўзбекистон ва Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар мавзусига мурожаат қилар экан, изчил ривожланиб бораётган икки томонлама ишбилармонлик алоқалари ҳар икки томон учун устуворлик ҳисобланишини таъкидлаган. “Британия компаниялари энергетика, таълим, молия, ҳуқуқшунослик ва бошқа соҳаларда катта тажрибага эга ва улар Ўзбекистонда амалдаги ҳамда бўлажак лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун ажойиб шериклар топишади”, деб ёзади “The Financial Times” газетаси.

Юқоридагилар билан бирга, 2017 – 2019 йилларда Ўзбекистонда энергетика жабҳасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилиши, Британия компаниялари уларнинг ҳаётга тадбиқ этилишида иштирок этишдан мамнун бўлиши ҳам маълум қилинган.

“Жаҳон” АА,

Лондон

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1485
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+