Кўзбўямачиликка уринган раҳбарлар жазоланади (ВИДЕО)

17.04.2018, 16:04

Кўзбўямачиликка уринган раҳбарлар жазоланади (ВИДЕО)

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 13 апрель куни Сирдарё вилояти фаоллари иштирокида ўтказган йиғилишда вилоятларга сафарлар олдидан ижтимоий соҳа ходимларининг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётгани, айрим жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини жиддий танқид остига олинган эди. Бу лавҳа оммавий ахборот воситалари орқали барчанинг эътиборига ҳавола қилинди. 


Бу ҳақда кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистон Миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби, Президент ижро аппарати раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов давлатимиз раҳбарининг мазкур сўзларидан кейин кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди. 

– Президент бундай ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун ҳуқуқий механизм яратиш бўйича топшириқлар берди. Топшириққа кўра, аҳолини, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари, талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ишлаб чиқилади, – деди К.Алламжонов. –Ушбу қарорда жойлардаги ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам акс этади. Бунда хорижий давлатларнинг тажрибаси инобатга олинади. 

Брифингда фуқароларни жамоат ишларига мажбурлаш ҳолатлари яна кузатилса, Президентимиз таъкидлаганидек, жазо қаттиқ бўлиши, жумладан, жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилиши маълум қилинди. 

Алоҳида қайд этилганидек, Президентимиз бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бош прокуратура олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйди. Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирда бу ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. 

Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев жойлардаги кўзбўямачилик ҳолатларидан ҳам қаттиқ норозилигини билдирди. Қайд этилган хўжакўрсин ишлар юзасидан прокурорлик текшируви ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Давлатимиз раҳбари яна шундай кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида доимий ва қатъий назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Эндиликда кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади. 

Брифингда Президентимиз берган топшириқлар ижроси, айбдорларнинг жазолангани ҳақида оммавий ахборот воситалари, жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги медиа-марказ орқали хабарлар бериб борилиши таъкидланди.  

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1623
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+