Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

21.04.2018, 17:03

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Мамлакатимизда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ерлардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларни мақбул жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, ер участкаларини бериш тартиб-таомиллари ношаффоф ва бюрократиялаштирилган бўлиб қолмоқда, бу эса тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳудудларнинг замонавий меъморий қиёфасини яратишда ерлардан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ер участкаларини беришдаги ҳуқуқбузарликлар ёки уларни асоссиз олиб қўйиш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар ер участкаларини беришнинг танлов тартиби лозим даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда. 

Ваколатли органлар фаолиятида ер участкаларини бериш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва келишишда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш таъминланмаяпти, бу эса рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларининг чўзилишига ва бюрократик тўсиқларга сабаб бўлмоқда. 

Кўпчилик аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари комплекс қуриш талабларига риоя этилмаслигига ва аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси ёмонлашувига олиб келмоқда. 

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш механизмларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларни қисқартириш мақсадида: 

1. 2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгилансинки, унга кўра: 

юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади; 

ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қонун ҳужжатлари нормаларини ва амалиётда уларни қўллашдаги мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиш асосида юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирхиллаштириш бўйича қарор қабул қилсин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда: 

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга бериладиган ер участкаларини ажратиш бўйича материалларни йиғиш ва ваколатли ташкилотлар билан келишиш тартиб-таомилларини бажариш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишни, шунингдек, унинг “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси билан интеграция қилишни; 

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион ўтказиш орқали берилишини ташкил этишни таъминласин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда: 

аҳоли пунктларининг бош режалари лойиҳаларига, қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига бўлган талабларни лойиҳаларнинг таркибини, уларни келишиш тартиби ва муддатларини соддалаштирган, шунингдек, аҳоли пунктларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш нархларини пасайтирган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқишни; 

аҳоли пунктлари қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ишларни молиялаштиришда тадбиркорлик субъектлари – давлат-хусусий шериклик иштирокчиларига батафсил режалаштириш лойиҳаларида кўрсатилган чегаралар доирасида ер участкаларини олишга устунлик ҳуқуқини тақдим қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишни; 

аҳоли пунктлари бош режаларидан, қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларидан уларнинг очиқ график қисмини Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари веб-сайтларида эълон қилиш орқали ҳамманинг фойдаланиш имкониятини таъминлашни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

4. Қуйидагилар: 

ҳисоб-китоб (смета) қиймати 2 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқлаш; 

қурилиш (реконструкция, капитал таъмирлаш) қиймати олдин эълон қилинган қийматидан ошган ижтимоий ва фуқаролик аҳамиятга эга объектлар бўйича хулосалар бериш тартиби бекор қилинсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 декабрдаги “Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–1666-сон қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 20 апрель 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2522
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Баходир2018-09-06 05:53:12

Мен электрон ауксионда катнашиш истагим бор, лекин кандай катнашиш хисобини килолмадим, илтимос батафсил маълумот юбориинг...


Жиззах вилояти Зафаробод туман ЯТТ Турдиев Саидманас 2018-05-03 10:56:44

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш механизмларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларни қисқартириш биз тадбиркорлар учун жуда кенг имконият деб ўйлайман.


Саломат Ядгаровна УзЛиДЕП туман кенгаши депутати2018-04-30 19:35:34

Тадбиркорлар учун жуда катта имконият ва кулайликлар яратилаябди.Энди хурматли тадбиркорлар изланишлари лозим бундай кулайликлардан унумли ва сифатли окилона фойдаланиш лозим шундагина кишлок ва овуллар куркам бикес шахар тимсолида барк уриб турадиган ишлаб чикаришлар барпо этилади.шу билан ишсизлар сони камаяди.натижада Мустакил юртимизни ривожланишига уз хиссамизни кушган буламиз.


Шухрат Рахмонов2018-04-30 11:34:17

Дар ҳақиқат Президентимиз айни вақтида имзолаган "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори биринчи навбатда коррупцияни олдин олади ҳамда тадбиркорларнинг имкониятини янада ошади.


O`zLiDeP Олтинсой туман Кенгаши раиси ўринбосари-аппарат раҳбари Тиркашов Абдурасул Холиқович2018-04-28 11:27:16

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори тадбиркорларимизга яратилаётган янги имкониятлардандир.тадбиркорлик учун ер участкалари элетрон савдо майдонида сотилиши бу Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислохатлардан яна бири корупцияга карши кескин бархам бериш, давлатимизни ривожланишига катта имкониятлар яратилади.


Файзулла 2018-04-27 16:39:06

Ер участкаларини электрон савдо майдони орқали сотиш: - биринчидан коррупцияга берилган шахсларнинг кескин камайишига олиб келса, -иккинчи тарафдан тадбиркорларда ошкоралик, шаффофлик, ҳалоллик, ўзига ишонч каби туйғуларнинг, умуминсоний қадриятларнинг нормал шаклланишига хизмат қилади.


O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Мафкуравий, ташвиқот - тарғибот ишлари бўлими мудири Мўминова Насиба Абдуҳалимовна 2018-04-24 14:24:14

Мазкур қарор ерлардан, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлардан самарали фойдаланишга имкон яратади ва албатта барча ҳуқуқбузарликларни олдини олади.


Хислат Зайниддинов2018-04-23 08:52:06

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга Ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилиши бу албатда корупция ҳолатларига барҳам беради.


Аброр Отабоев2018-04-23 08:21:19

Президентимизнинг "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори тадбиркорлар учун яна бир имконият яратади. 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик учун ер участкалари элетрон савдо майдонида сотилади. Бу эса турли бюрократик тўсиқларни олдини олишга ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+