Деҳқончилик билан шуғулланиш юзасидан ҳуқуқий тавсиялар

26.04.2018, 12:27

Деҳқончилик билан шуғулланиш юзасидан ҳуқуқий тавсиялар

Қонунчилигимизда фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги юритиш учун ер участкалари олиш ҳуқуқлари кафолатланган. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар бермоқда.

Хусусан, оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга томорқа ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади.

Қишлоқ жойларда камида уч йил яшаб турганлик тўғрисидаги талаб янги суғориладиган ер массивлари учун қўлланилмайди. Бунда деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Деҳқон хўжалиги учун ажратилган ерларда иморат қуриш мумкинми?

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади. Мазкур қоида якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкаларига татбиқ этилмайди.

Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар доирасида томорқа ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди савдоси асосида реализация қилиниши мумкин.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди савдоси асосида реализация қилиниш тартиби Якка тартибда уй-жой қуриш (деҳқон хўжалигини юритиш) учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича очиқ аукцион савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда  белгиланган.

Деҳқон хўжалигига ажратилган ернинг чегаралари натурада (жойнинг ўзида) ер тузиш хизмати органлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан расмийлаштирилади.

Шунингдек, томорқа ер участкасидан оқилона ва самарали фойдаланаётган деҳқон хўжалигига туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва реализация қилиш, озуқа етиштиришни ташкил этиш, шунингдек, яйлов яратиш учун қисқа муддатли ижарага қўшимча равишда ер участкалари берилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини олишга муҳтож бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимига оиласининг таркибини ва ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беради.

Туман (шаҳар) ҳокими ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг хулосаси асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тўғрисида қарор қабул қилади ёки аризачига ер участкаси бериш бўйича асослантирилган рад жавобини юборади.

Деҳқон хўжалиги қаерларда ташкил этилиши мумкин?

Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва дов-дарахтлар билан қопланмаган ўрмон фонди ерларида, шунингдек, захира ерларда ташкил этилади.

Шу ўринда, туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаси беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1699
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+