Шавкат Мирзиёев: қишлоқларни обод қилсак, халқнинг кайфияти ўзгаради, уларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади

26.04.2018, 19:38

Шавкат Мирзиёев: қишлоқларни обод қилсак, халқнинг кайфияти ўзгаради, уларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 апрель куни “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ қишлоқларни ободонлаштириш ишларини сифатли ташкил этиш ва жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Қишлоқларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари комплекс ёндашувлар асосида олиб борилмагани оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси эскича кўринишда қолган эди. Баъзи жойларда уйлар тартибсиз қурилиб, инфратузилма объектлари қаровсиз аҳволга келганди. 

Шавкат Мирзиёев: хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди. Иккинчи томондан, улар ҳам фуқароларимиз, нима учун улар шароит йўқ жойда яшаши керак? Биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, уларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий ўсади. Бунинг натижасида Ватанимиз обод бўлади ва мамлакатимизнинг иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Жиззах вилояти Дўстлик тумани Манас қишлоғида амалга оширилган ободончилик ишлари хайрли тажриба бўлди. Бу тажрибадан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги барча қишлоқларни босқичма-босқич обод қилиш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 29 мартдаги фармони ва қарорида ушбу дастурни амалга оширишга қаратилган муҳим вазифалар ва механизмлар белгилаб берилди.  

Дастурга мувофиқ жорий йилда республикадаги ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқда, кейинги йилдан бошлаб эса ҳар йили ҳар бир туманда 3 тадан қишлоқда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. 

Хусусан, жорий йилда 368 та қишлоқ обод қилиниши тасдиқланган. 127 мингта уй-жойларни таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш, 1 минг 900 километр ичимлик суви тармоғи, қарийб 2 минг километр электр ва 263 километр газ тармоқлари барпо этиш, 850 та ижтимоий ҳамда 2 минг 400 та бозор инфратузилмаси объектлари қуриш ва таъмирлаш, 440 километр йўлларни капитал таъмирлаш, 470 та замонавий автобус харид қилиш, 330 дан зиёд бекат қуриш ва янги қатнов йўналишларини очиш кўзда тутилган.

Президент ушбу кенг миқёсли ишларни ташкиллаштириш, молиялаштириш, лойиҳалаштириш ва сифатли бажариш билан боғлиқ ҳар бир масалага алоҳида тўхталди. Қишлоқларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш, бунинг учун зарур маблағ ажратиш ва махсус штаблар ишини самарали ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.  

Дастурнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши қурилиш материаллари таъминотига боғлиқлиги таъкидланиб, зарур материалларни жойларга етарли миқдорда ва арзон нархда етказиб бериш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 

Ҳокимликларга уй-жойларни таъмирлаш учун керак бўлган қурилиш материаллари турлари ва миқдорини аниқлаб, қишлоқларда уларнинг савдосини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Қишлоқлар аҳолиси маънавиятини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, айрим одамларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш, ҳамма ўз уйи остонасини ўзи обод қилиши зарурлигини тушунтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Қишлоқларда муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий инфратузилма ҳолатини яхшилаш, маиший хизмат турларини кўпайтириш орқали аҳоли эҳтиёжини қондириш, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Йиғилишда “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди. Муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    3081
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Улуғбек Ишанходжаев - O'zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши аппарати бўлим мудири2018-07-03 10:22:15

Бунёдкорлик инсоният тарихида қўллаб-қувватланган бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланади. Мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари халқимизни яхши яшаши, юртимиз фаровонлигини янада ошишига хизмат қилади. Бугунги кунда, қоғозда эмас, амалда ўзингиз кўряпсиз миллий дастуримизни, унинг асосида амалга оширилган улкан ишларимизни дунё ҳамжамияти тан олмоқда. Бу борада Муҳтарам Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган адолатли тўғри сиёсат туфайли жойларда олиб борилаётган ижобий ишлардан аҳоли жуда ҳам хурсанд. Шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, малакатимиз обод бўлиб бораверсин.


Ансатбаев Парахат Азатбаевич ЎзЛиДеП ҚР Кенгаши бўлим мудири2018-05-15 20:43:34

“Обод қишлоқ” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар тақсинга лойиқ. Чунки қишлоқларнинг қиёфаси тубдан ўзгариши биринчи навбатда инсонларнинг дунёқараши ўзгаради ва эртанги кунга бўлган ишончи ортади.


Жиззах вилояти Дўстлик ҚХКХК БПТ раиси Абдурахимов Ғулом2018-04-29 18:30:14

Дастурга мувофиқ жорий йилда республикадаги ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқда, кейинги йилдан бошлаб эса ҳар йили ҳар бир туманда 3 тадан қишлоқда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларини амалга оширилиши мамлакатимиз аҳолисининг турмуш-тарзининг юксак ўсишига хизмат қилади


Жиззах вилояти Холхўжаев МФЙ БПТ раиси Наби Арзиев2018-04-29 18:26:04

"Обод қишлоқ" дастури асосида қишлоқлар иқтисоди ўсади.


Салоҳиддин Сирожиддинов, меҳнат фахрийси2018-04-27 19:28:16

“Обод қишлоқ” дастури: Каттакўрпада ишлар қизғин Бугун мамлакатимиз катта ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Мамлакатимиз Раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳар соҳада ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган селектор йиғилишини катта ҳаяжон билан кузатдик. “Обод қишлоқ дастури” доирасида юртимизга амалга оширилаётган ишлар алоҳида таҳсинга сазовордир. Биз бир гуруҳ нуронийлар Президентимизнинг сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда Каттақўрғон туманидаги “Каттакўрпа” МФЙ раиси Абдухафиз Ашуров бошчилигида маҳалламизни обод қилиш мақсадида 2018 йил январь ойидан бошлаб гузаримиздаги 985 та хонадонларига кириб, томорқа ерларига экин экиш, чорва, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш орқали аҳолининг моддий шароитини яхшилаш бўйича маслаҳатлар бериб келмоқдамиз. Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлаш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши раҳбарияти “Обод кўча” лойиҳаси доирасида бизнинг “Каттакўрпа” маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Каттакўрпа ва Кичиккўрпа қишлоқларида кенг кўламли ишларни бошлаб юборишди. 2018 йил март ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар маҳалламизда бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳудуддаги узунлиги 6 км га яқин асосий кўчани таъмирлаш бўйича 12 камаздан ортиқ шағал тошлари ётқизилиб, текисланди. Кўча атрофидаги хонадонларнинг деворлари оқланиб, ариқлар тозаланди. Гул кўчатлари ўтқазилиб, маҳалламиз чиройига чирой қўшилди. Партия вилоят Кенгаши ёрдами билан ташкил қилинган сайёр қабулда вилоят ва тумандаги мутасадди ташкилотлардан вакиллар келиб, маҳалладаги катта-кичик муаммоларни ўрганишди. Муаммоларни ҳал этишда ЎзЛиДеП депутатларининг хизматларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Биз маҳалла оқсақоллари, нуронийлар Партия вилоят Кенгаши ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда маҳалладаги ёшу-қарини хонадон ва кўчаларни обод қилишга ўз ҳиссасини қўшишга чақирдик. Натижада маҳалламиз кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Бундан ташқари, ЎзЛиДеП вилоят ва Каттақўрғон туман Кенгашлари ташаббуслари билан “Каттакўрпа” МФЙ биносида “ЎзЛиДеП кутубхонаси” ташкил этилди. Бу воқеа маҳалла аҳлининг қувончига қувонч қўшди. Фарзандларимиз китоб ўқишса, билимли бўлади. Билимли бўлса, юртимизга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб етишади. Амалга оширилаётган хайрли ишларнинг бошида туриб, Президентимизга елкадош бўлаётган ЎзЛиДеП вилоят ва Каттақўрғон туман Кенгашларига ўз ташакуримизни билдирамиз!


Ғайратжон Абдуллаев2018-04-27 19:12:33

Илгари чекка худудлар эътибордан четроқда эди.Кўпинча марказларда ободончилик ишлари қилинарди.Чунки чекка қишлоқларга рахбарлар кўпам борверишмас эди.Энди аксинча.ЎзЛиДеП фарғона вилояти кенгаши хам Тошлоқ туманинг энг олис Қумқишлоғида мазкур йўналишда ишларни бошлаб юборди.Дастлаб "сайёр қабул" ўтказиб,одамлар билан уйма уй юриб гаплашилиб аниқланган камчилдикларни бартараф этишга киришилди.Биз бу хайрли ишни самарали амалга ошириш бўйича бор имкониятларимизни ишга солиб амалий натижаларга эришамиз.


Ўришев Фарход Халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши депутати2018-04-27 18:34:53

“Обод қишлоқ” дастури асосида мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ишларидан халқимиз рози бўлмоқда. Шу билан бирга бизнинг туманимизда хам Хонбанди МФЙсида "Обод қишлоқ" дастури доирасида ишлар амалга оширилмоқда.


ЎзЛиДеП Янгиариқ туман Кенгаши "Довруғ" БПТ2018-04-27 18:22:43

Янгиариқ туманидаги Гулобод қишлоғида Обод қишлоқ дастури доирасида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда халқимиз президентимиздан миннатдор.


Отаев Нусрат Халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгаши депутати2018-04-27 18:19:53

Обод қишлоқ дастури халқимизни турмиш шароитларини яхшилашга қаратилганлиги билан мухимдир.


Ўтаев Бобур Жиззах вилояти Дўстлик тумани Агробанк БПТ раиси2018-04-27 18:16:16

Айни пайтда туманимиздаги Бунёдкор ҚФЙда "Обод қишлоқ" дастури доирасида ишлар амалга оширилмоқда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+