Фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

08.05.2018, 09:22

Фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Мамлакатда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли ҳаёт даражаси ва фаровонлигининг барқарор ўсишига имкон берувчи фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишга, фан ва инновацион фаолият жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил натижалари мамлакатда фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни янада яхшилашга тўсқинлик қилувчи, жумладан, қуйидаги қатор тизимли муаммолар мавжудлигидан далолат беради: 

биринчидан, ҳудудларнинг мавжуд ресурс базаси ва салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда илғор ва замонавий инновацион ишланмалар, технологик лойиҳалар-стартаплар ва инновациялар бозорини тизимли таҳлил қилиш йўлга қўйилмаган; 

иккинчидан, инновацион лойиҳалар-стартапларга инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасига инновацияларни фаол жорий қилувчи иқтидорли тадбиркорлар фаолиятига кўмаклашиш ва мувофиқлаштириш ишлари лозим даражада амалга оширилмаяпти; 

учинчидан, инновацион ривожланиш соҳасида, айниқса, жойларда ишбилармонлик муҳити паст даражада, шунингдек, инновацион ва муваффақиятли технологик лойиҳалар-стартапларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича зарур кўникмаларга эга тадбиркорларнинг етишмовчилиги сақланиб қолмоқда; 

тўртинчидан, 
инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларнинг маълумотлар базаси мавжуд эмас, янги ресурсларни яратиш ва тажрибани бизнес-тузилмаларга ўтказиш амалиёти ривожланмасдан қолмоқда; 

бешинчидан, инновацион ишланмалар бозорини қўллаб-қувватлаш механизмлари суст даражада ишлаб чиқилган, инновацион ғоялардан самарали фойдаланишни мувофиқлаштириш йўлга қўйилмаган, инновацион ишланмаларнинг сифати эса бозор талабларига жавоб бермайди; 

олтинчидан, инновацион ишланмалар, технологик лойиҳалар-стартаплар соҳасига техника олий таълим муассасалари битирувчилари ва иқтидорли ёшларни жалб этишга, шунингдек, бизнес-инкубаторларни яратишга лозим даражада эътибор қаратилмаяпти; 

еттинчидан, аҳоли ўртасида инновацион тадбиркорликни оммалаштириш ишлари самарали олиб борилмаяпти, инновацион маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқишга ва илгари суришга жалб қилишда техник ва психологик тўсиқлар сақланиб қолмоқда. 

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда фаол тадбиркорликни ривожлантириш, инновациялар бозорининг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инновацион ишланмаларни иқтисодиётнинг реал секторига илгари суриш учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг давлат-хусусий шериклик шартларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида инновацион лойиҳалар-стартапларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ўзлаштириш, инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштиришни амалга оширувчи Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

Белгилансинки, марказлар ўз фаолиятини тижорат асосида амалга оширади ва ташкил этилган пайтдан бошлаб беш йил муддатга барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилади. 

2. Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

ишлаб чиқариш ва хизматларнинг янги ва замонавий турларини яратиш мақсадида ҳудудларнинг салоҳияти ва ресурс базаларини чуқур тадқиқ қилиш; 

инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инновацион менежментни ривожлантириш; 

янги ва талаб юқори бўлган маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқиш бўйича инновацион лойиҳалар-стартапларни, жумладан, хорижда қўлланиладиган илғор услуб ва технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ўзлаштириш; 

инновациялар бозорининг маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, ишлаб чиқарилган инновацион маҳсулот (иш, хизмат)лар бозорларини шакллантириш, уларнинг бозор талабларига йўналтирилиши ва мослашиши учун тавсиялар ишлаб чиқиш; 

инвесторлар ва инновацион маҳсулот (иш, хизмат)лар истеъмолчиларини қидириб топиш ишларини, жумладан, инновацион инфратузилма субъектлари ўртасида кооперацияни ривожлантириш орқали ташкил этиш; 

инновацион фаолиятни амалга ошириш масалалари бўйича манфаатдор шахсларнинг кенг доирасига маслаҳат бериш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни оммалаштиришга қаратилган реклама ва кўргазма тадбирларини ташкил этиш; 

қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, стартаплар ҳамда саноат ва қишлоқ хўжалигининг устувор тармоқларидаги бошқа шериклар билан инновацион ҳамкорликни ривожлантириш; 

инновацион фаолиятнинг ишлаб чиқилган ва муваффақиятли синовдан ўтказилган натижаларини илгари суриш ва тижоратлаштириш. 

3. Марказларни ташкил этишда қуйидагилар давлат-хусусий шерикликнинг асосий шартлари этиб белгилансин: 

марказларни ташкил этиш ва уларга тегишли инфратузилмани (транспорт боғламалари, автостанциялар, автобекатлар мавжудлиги ва ҳ.к.) қуриш учун зарур ер участкалари, бўш бинолар хусусий шерикларга ҳақ ундирилмасдан, истисно тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар асосида ажратилади; 

марказ биноларини қуриш учун ер участкаларини танлаш белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади; 

давлат ва хусусий шериклар тенглик асосида марказларнинг таъсисчилари сифатида иштирок этади; 

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув марказлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб йигирма йил муддатгача тузилади; 

марказлар фаолиятининг йўналиши давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув амал қилишининг бутун муддати давомида сақланиб қолади; 

марказларнинг интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказишга қилинган харажатларини қоплаш Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади; 

давлат шериги иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этишни рағбатлантириш, жумладан, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни давлат харидлари доирасида тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш бўйича шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш мажбуриятини олади; 

давлат ва хусусий шерикларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат-хусусий шерикликнинг бошқа шартлари давлат ва хусусий шериклар ўртасида Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгашининг розилиги билан тузиладиган келишувларда белгиланади. 

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5308-сон Фармони билан қуйидагилар 2023 йил 1 январга қадар муддатга ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин: 

юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар; 

венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар; 

илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар, лойиҳа-конструкторлик бюролари ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотишдан (фойдаланишга беришдан) олинган даромадлар бўйича; 

янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилувчи ташкилотлар бу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича. 

Давлат ва хўжалик бошқарув органлари раҳбарларига уларнинг тармоқ ихтисосликларини ҳисобга олган ҳолда маблағлари марказларнинг тадқиқотлари ва ишланмаларини молиялаштиришга йўналтириладиган, жумладан, уларнинг устав капиталига кириш орқали корпоратив венчур фондларни ташкил қилиш тавсия этилсин. 

5. Белгилаб қўйилсинки: 

марказлар учун Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг инновацион лойиҳаларни молиялаштириш умумий ҳажмининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларини захира қилиш назарда тутилади; 

марказларни давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этишда давлат шериги сифатида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, бошқа давлат органлари, корхоналар ва ташкилотлар иштирок этиши мумкин; 

хусусий лойиҳаларни танлаб олишнинг асосий мезонлари давлат шериги томонидан белгиланади; 

келишув хусусий шериклар ташаббуси билан бекор қилинганда уларнинг марказларни ташкил қилишдаги харажатлари қопланмайди, қурилиши тугалланмаган объект давлат мулкига ўтказилади ва хусусий шерикларни қидириб топиш мазкур қарорга мувофиқ қайтадан ўтказилади; 

марказларнинг қурилаётган биноларига барча зарурий ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини, коммунал инфратузилмаларни олиб келиш электр энергияси қисми бўйича – “Ўзбекэнерго” АЖ ҳисобидан, газ таъминоти қисми бўйича – “Ўзтрансгаз” АЖ ҳисобидан, телекоммуникация тармоқлари қисми бўйича – “Ўзбектелеком” АК ҳисобидан, автомобиль йўлларини қуриш қисми бўйича – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳисобидан, сув таъминоти, канализация ва автостанцияларни қуриш қисми бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан марказларни ташкил этиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда белгиланган муддатларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади; 

марказларнинг бинолари фойдаланишга қабул қилинганидан кейин маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қулай транспорт йўналишлари ва йўловчи транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этади. 

6. Тижорат банкларига марказлар томонидан инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни амалга оширишда, жумладан, марказларга ва бошқа тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитларни ажратиш орқали кенг иштирок этиш тавсия қилинсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси: 

икки ой муддатда потенциал инвесторларни қидириб топиш ва улар билан мазкур қарорда белгиланган давлат-хусусий шериклик шартларида марказларни ташкил этиш тўғрисидаги келишувларни тузишни; 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда марказларни ташкил этишда қатнашишга жалб қилиш, жумладан, грант ва ҳомийлик маблағларини ажратиш мақсадида халқаро ва хорижий ташкилотлар, молия институтлари вакиллари билан музокаралар ўтказишни; 

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида марказларга ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни, жумладан, давлат харидлари доирасида тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтиришда ҳар томонлама кўмаклашадиган Марказлар ишланмаларини тижоратлаштириш ягона марказини ташкил этиш тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритишни; 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг ёритиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказишни таъминласин. 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига мазкур қарор шартларини қўллаган ҳолда туман (шаҳар)ларда марказларни ташкил қилишга рухсат этилсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари уч ой муддатда давлат ва хусусий шерикларнинг мурожаатлари бўйича марказларни ташкил қилиш учун ер участкалари ёки бўш биноларни, жумладан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари оптималлаштирилиши ҳисобига бўшайдиган биноларни ажратишни таъминласин ёхуд уларни намунали лойиҳалар бўйича қуриладиган давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштиришни назарда тутсин. 

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмурадов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 5 май 
 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2471
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Чориева Умида Жаркургон тумани2018-05-12 00:05:06

Мамлакатимизда ахоли уртасида иннавацион тадбиркорликни оммолаштириш ишлари самарали олиб борилар экан мамлакатнинг ривожига хисса кушади албатта.


Ravshanbek Umarov2018-05-10 19:13:16

Xurmatlik prezidentimiz tadbirkorlar xaqida toģri va oqilona qarorlar qabul qilishdi lekin bank xodimlarini yolga solish kerak tadbirkor ming xarakat qilib kredit olaman deydi bank xodimlari xafsalani pur qilib qoyadi


Расуlжон Tayloq tumani2018-05-10 18:47:45

Prezidentimizning mazkur qarorlari inovasiyalsrni keng joriy etish uchun xuquqiy huqiy asos bulib iqtisodiyot tarmoqlari va boshqa sohalarni jadal suratlardarivojlsnishini taminlaydi


Сарвархон Иброхимхонов - Тошкент шаҳар Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири2018-05-08 18:07:03

Президентимизнинг "Фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари бугунги кунда ёшлар яратилаётган янги ишланмалар, таклифлар ва ғояларни хаётга татбиқ этишдаги асосий кўмакчи ташкилотга айланишига ишонаман. Яратилган янги инновацияларни хаётга табиқ этиш орқали яшаш даражаси, турмуш даражаси янада енгиллаштириш, қулайлаштириш, иқтисоётимизни олдинга суришда етакчи локомотивларга айланади. Ушбу марказлар ишига ривож тилаб қоламан.


Д.Рахманова-УзЛиДеП Сурхондарё вилояти кенгаши2018-05-08 17:23:39

Мазкур қарорга асосан ишлаб чиқариш ва хизматларнинг янги ва замонавий турларининг яратилишига туртки бўлса ажаб эмас. Энг аввало, инновацион ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилишида кредит билан молиялаштирилиши ўйлайманки, шу каби лойҳалари мавжуд тадбиркорларимиз, ишбилармонларимиз, интеллектуал мулк эгаларининг режаларининг амалга оширилишига катта ўрин тутади. Бу жуда муҳим хужжатдир, ва бундан оқилона фойдаланишимиз натижасида ҳудудларнинг салоҳияти ҳам юксалишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.


Холмат Тўраев Жиззах вилояти2018-05-08 15:40:54

Ишлаб чиқариш ва хизматларнинг янги ва замонавий турларини яратиш мақсадида ҳудудларнинг салоҳияти ва ресурс базаларини чуқур тадқиқ қилиш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инновацион менежментни ривожлантиришга хизмат қилади.


Жахонгир Хужамкулов. ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят Кенгаши Ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири2018-05-08 15:29:05

Инновацион лойиҳалар-стартапларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ўзлаштириш, инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштиришни амалга оширувчи Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказларини ташкил этилиши инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларнинг маълумотлар базаси шакллантиришга, янги ресурсларни яратиш ва тажрибани бизнес-тузилмаларга ўтказиш амалиёти ривожланишига олиб келади.


O'zLiDeP Боғот туман Кенгаши депутати Б.Қобулов2018-05-08 15:28:08

Тадбиркорлик соҳасидаги янги қабул қилинган қарор ишбилармонларни янада руҳлантирди.


Чилонзор туман Кенгаши мухримов Абдунаби 2018-05-08 15:18:41

Президентимизнинг мазкур қароридан сўнг партиямизнинг тадбиркорлар билан ишлаш бўлими 2 йилдан бери фаолият юритиб келаётган " Стартап ва инвесторлар" лойихасига ахамият берар.


УзЛиДеП Термиз шахар Кенгаши ижрочи котиби Б.Ф.Маманоров2018-05-08 15:03:16

Президентимиз Ўзбекистон халқи учун шунчалик куюб-пишиб барча шарт-шароитларни яратиб бераётган экан биз ҳам ўз фаолият соҳамизда У кишининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб ишончларини оқлаймиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+