«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар кимларга берилади?

12.06.2018, 15:15

«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар кимларга берилади?

Аввал хабар берганимиздек Президент қарорига асосан юртимизда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури амалга оширилади.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур дастур доирасида кредитларни ажратиш тартиби тўғрисидаги низом рўйхатдан ўтказилди. Қуйида "Ҳуқуқий ахборот" канали томонидан «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредит ажратиш тартиби ҳақида тушунча берилади.

Қандай мақсадларда берилади?

Низомга мувофиқ дастур доирасида имтиёзли кредитлар қарз олувчиларга тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш мақсадлари учун ажратилади.

Қандай мақсадлар учун олиб бўлмайди?

Кредитлар:

  • илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • савдо-воситачиликни амалга ошириш;
  • умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;
  • ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олиш;
  • маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан хизмат автомобиллари таъминоти;
  • мебель, уяли телефон сотиб олиш, шунингдек алоқа хизматларига тўлов мақсадлари учун ажратилмайди.

Кимларга берилади?

  • тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахслар;
  • кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик корхоналар;
  • деҳқон ва фермер хўжаликлари;
  • оилавий тадбиркорлар.

Қанча миқдорда берилади?

энг кам иш ҳақининг 150 бараваридан – 1000 бараваригача миқдорда.

Фоизи

Кредитларнинг фоиз ставкаси йиллик 7 фоиз миқдорида белгиланади. Бунда кредит линияси 3 фоизни, банк маржаси 4 фоизни ташкил этади.

Муддати қанча?

Микрокредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

Кредитлар амалга ошириладиган лойиҳанинг бизнес-режасига мувофиқ ўзини ўзи қоплаш жиҳатларидан келиб чиқиб 2 йилгача имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ажратилиши мумкин. Бунда берилаётган имтиёзли давр ва кредитни қайтариш муддати батафсил асослантирилиши керак.

Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

  1. Кредит олиш учун қарз олувчи — жисмоний шахслар кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
  • ариза;
  • паспорт нусхаси;
  • жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлаш бўйича тавсиянома.

2. Кредит олиш учун қарз олувчи — кичик тадбиркорлик субъектлари кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • ариза;
  • бизнес-режа;
  • тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), (янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно);
  • таъминот турларидан бири (учинчи шахс кафиллиги, суғурта полиси, мол-мулк, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги).

Тижорат банклари қарз олувчи — кичик тадбиркорлик субъектларига юқорида назарда тутилган таъминот турларини талаб қилмасдан энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача бўлган миқдорда бланкли (ишончли) микрокредит бериш ҳуқуқига эга.

Кўпроқ маблағ керакми?

Туман ва шаҳарларда самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд лойиҳаларга дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 1000 бараваридан ортиқ миқдорда йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратилиши мумкин.

Самарали лойиҳалар тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан танлаб олинади ва ушбу лойиҳанинг ҳақиқатда мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамияти қайд этилган ҳолда имтиёзли кредитлашга хулоса тайёрланади ва хулоса ишчи гуруҳларнинг барча аъзолари томонидан имзоланади.

Кредит неча кунда берилади?

Қарз олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки томонидан уч иш кунидан ошмаган муддатда ушбу ариза бўйича асослантирилган қарор қабул қилинади.

Тижорат банки кредит беришни рад этган тақдирда, банк қарз олувчига ҳамда тавсифнома берган тегишли секторлар раҳбарларига ва маҳалла фуқаролар йиғинига бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ёзма шаклда асослантирилган маълумот тақдим этади.

Кредит нақд пул шаклида бериладими?

Кредитлар қарз олувчига алоҳида кредит ҳисобварағи очиш ва унинг тўлов топшириқномаларига мувофиқ, ушбу ҳисобварақдан нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади.

Жисмоний шахсларга лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари товарни пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш имконияти бўлмаган ҳолда микрокредитнинг бир қисми нақд пулда берилиши мумкин.

Кредит қандай қайтарилади?

Қарз олувчи кредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни нақд пулда, банк пластик карточкалари орқали ёки қарз олувчининг ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш йўли билан тўлаши мумкин.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    4241
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Даврон2018-08-18 12:56:24

Мен давлат ишида ишлайман ишдан буш вактларимда кушимча даромад олиш учун кредитга ускуна сотиб олиб кичик ишлаб чикаришни йулга куймокчиман бунинг учун албатта тадбир булиб руйхатдан утишим шартми


Икбол2018-08-15 15:32:19

мониторинглари качон тугаб качон кредит беришни бошлашади узи?Хар гал хали рухсат йук деб кайтариб юборишябти ку?


Жалолдин2018-07-31 22:50:51

кредит олишда карз олувчига кулай банклардан олиш имкони берилса ва ушбу сахифада берилган фикр ва саволларга жавоб хам урнида кайтарилса максадга мувофик булар эди


Жалолдин2018-07-31 22:44:31

берлган саволларга качон ва кай тарзда жавоб оламиз


Жалолдин2018-07-31 22:33:48

Бизнинг худудга микрокредит тижорат банки масул. Ушбу банкдан кредит шунчалик машакатки бази ходимлари билан умуман мулокот килиб булмайди. Бошка тижорат банклари аллакачон узига тегишли худуд кредит олувчиларини 60-70фоизига кредит ресурсларини чикариб булсада бу банк халигача 20фоизига хам кредит бергани йук. Бу холат буйича текширадиган мутасаддилар борми?


нозим2018-07-27 14:53:23

купчилик фермерлар (хаммаси хам эмас) кредит олувчи фукарога уз хайвон еки паррандаларини жуда хам киммат нархга сотишяпти. мисол учун 800 000 сумлик кучкорни 1 200 000 сумдан, 30 000 сумлик товукларни 45 000 сумдан ва хо казо.... ХОХЛАСАНГ ШУ БУЛМАСАМ НАКД ПУЛ ОЛИБ КЕЛ кабилида иш тутяпти. ноинсоф фермерларни бой килгандан кура олмаган яхши бу кредитни. хорамдан тушган пуллар барибир тешиб чикади. нима учун мониторинг текширувлар факат кредит олувчини текширишяпти. фермерларни хам неч пулга сотганликларини хам текширишса яхши буларди.


Шерзод2018-07-23 13:38:39

Ушбу кредитни кайси банклардан олса булади?


Шерзод2018-07-23 13:37:27

Ушбу кредитни кайси банклардан олса булади?


Oqila2018-07-23 09:00:53

kredit banklarga MFY kesimida berilganmi ? Dastur qachondan ishga tushgan xargal banklardan limit to`lgan degan javoblar bilan qaytyapman.


Yazdon Toshonov O'zLiDeP Kattaqurg'on tuman Kengashi raisining birinchi o'rinbosari ,apparat rahbari.2018-07-11 10:00:59

Qishloq xo'jaligi yo'nalishida berilayotgan kreditlarni imtiyozli muddatini eng kami 18 oygacha uzaytirishni taklif qilaman muddatini esa besh yilgacha.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+