Қизми бу ёки йигит..?

04.07.2018, 16:39

Қизми бу ёки йигит..?

Кийим – инсон зийнати. У киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. 

Ўзбек халқи ўзининг асрлар оша қадрланиб келинаётган миллий либослари билан ҳам бутун дунёга довруғ таратган. Турли рангларда товланиб, кўзни қамаштирувчи атласу адраслар нозик ҳилқат вакилларининг кўркига кўрк қўшишда катта аҳамият касб этса, беқасам тўн, миллий дўппи ва белбоғ алп ўғлонларнинг мард, жасур ва довюрак бўлиб камол топишида муҳим ўрин тутади. Бугун маданият ва қадриятлар глобаллашуви либосларга ҳам маълум бир маънода ўз таъсирини ўтказаётганини ачинарлидир. Ғарбдан кириб келаётган ажнабий суратлар ва турли ёзувлар акс этган кийимларни кўриб, ёқа ушлайсан киши. Айниқса, айрим ўсмир йигитлар устидаги либослар ҳар қандай инсонни таажжубга солиши шубҳасиз. 

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида кийиниш маданияти тўғрисида кўплаб мақолалар ёзилиб, кўрсатув ва эшиттиришлар берилаётир. Уларнинг аксариятида деярли хотин-қизларнинг кийиниши “нишон”га олинмоқда. Шу ўринда бир қанча саволлар туғилади. Бугун барча йигитлар ҳам кийиниш маданиятига амал қиляптими? Улар эгнидаги либосига бир қур бўлса-да назар солиб, қандай кийим кияётганлиги хусусида фикр юритяптими? 

Шу каби саволлар атрофида мушоҳада юритиш мақсадида айрим юртдошларимиз фикр-мулоҳазаларига ҳам қулоқ тутдик. 

– Башариятнинг кийган кийими унинг дунёқараши, ички маданияти ва индивидуал психологиясидан далолат беради, – дейди психолог Отабек Мухторов. – Ҳар бир инсон кийган либос унинг ёшига, менталетитетига, жинсига мос ва ҳар қандай вазиятда ноқулайлик туғдирмайдиган, кўркам ҳамда бежиримлиги билан атрофдагиларнинг руҳиятига ижобий таъсир ўтказадиган бўлиши лозим. Айримлар эса ўзи идеал деб билган инсонларга ёхуд машҳур кишиларга тақлид қилиб кийинадилар. Мана шундай ва аёллар либосига ўхшаш бичимда тикилган кийимларни эгнига уялмасдан кийиб олган эркакларни кўрганда, юзимиз беихтиёр ориятдан қизариши бор гап. Эркакларнинг айниқса, ўсмир йигитларнинг ўта тор, юпқа ва калта кийимлар кийиши замирида мақтанчоқлик, ўзини ва баданини кўз-кўз қилиш каби ўткинчи ҳою ҳаваслар ҳам ётади. Бундай либослар кийишга қизиқувчан йигитлар психологияда “оғишган руҳият” деб аталади. Бу каби иллатлар албатта, ташқи таъсир натижасида юзага келади. Кийиниш маданияти, энг аввало, оилада шаклланади. Демак, ҳар бир ота-она бу масалага жиддий ёндошиб, фарзандига ўрнак бўлиши зарур. 

Дарҳақиқат, бугун “оммавий маданият”нинг бу каби турини ўзига эп кўрган эркаклар, айниқса, йигитлар афсуски, кўплаб учрайди. Бундай ҳолатларнинг янада оммалашишига санъаткорларимизнинг ҳам оз бўлсада “ҳисса”си бор, деб ўйлаймиз. Концертларда қизиқчиларнинг томошабинларни кулдириш мақсадида кийган аёллар кийими ва қилиқлари ҳам ўсиб келаётган ёшларга салбий таъсир этиши айни ҳақиқат. Оилада ота-она, таълим муассасаларида эса устоз ва мураббийларимиз ёшларга ҳар жиҳатдан намуна бўлишлари зарур. Биринчи ўринда кийимнинг қулай ва чиройли, кўркамлигига катта аҳамият бериш лозим. Чунки покиза ва гўзал либос кайфиятни кўтаради, қалбга ором бағишлайди ҳамда кўнгил тубидаги эзгу ва пок ниятлар, орзуларни ифодалашга хизмат қилади. 

Кийиниш маданияти борасида буюк мутафаккир ва алломалар ҳам ўз асарларида турли фикр-мулоҳазаларни баён этишган. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”, дея таъкидлаб ўтган. 

– Охирги пайтларда кино актёрлар ва машҳур санъаткорларга тақлид сифатида адрас ва атласлардан тикилган кастюмни кийиб олган тенгдош йигитларга ҳам кўзимиз тушмоқда, – дейди Андижон давлат университети талабаси Гулжаҳон Рустамова. – Улар бундай “мода” йигитлик ғурури ва шаънига доғ туширишини яхши билишмайди, назаримда. Кўп ҳолларда сиздан ўн беш, йигирма метр олдинда қизил ва пушти аралаш кўйлак, тор тикилган йиртиқ, кўк шим ва турли ранглар уйғунлашган пойафзал кийиб кетаётган инсонни кўриб, унинг қиз ёки йигит эканлигини ҳам ажратиб олишда анча бош қотирасиз. Айниқса, 
у ўсган сочини алламбало усулда турмаклаганини кўрганда на кулишингизни биласиз, на куйишингизни. Унинг кимлигини билиш мақсадида ёнига борсангиз, йигит киши эканлигини кўриб, уялиб кетасиз. Ўзбек ўғлонлари азалдан мадр ва жасур сифатида ўзгаларга ибрат бўлиб келган. Очиғини айтсам, қизларга ҳам ана шундай ҳақиқий довюрак, “белида белбоғи бор” йигитлар ёқади ва ҳурмат қилишади. Бир сўз билан айтганда, тенгдош йигитларимиз ҳам ўзларига хос ва мос эркакча кийинсалар нур устига аъло нур бўларди. 

Шу ўринда қайд этиш жоизки, шариатимизда ҳам кийиниш одоблари ва кийимларга оид кўплаб ҳукмлар мавжуд. Ислом динида эркак кишининг аёл кишидай, аёл кишининг эркак кишидай либос кийиши ман этилган. Расуллуллоҳ (с.а.в.) айтганларидек, “Кимки бир қавмга ўзини ўхшатаверса, у ўша қавмдан бўлади”. Демак, инсон ҳар кимга кўр-кўрона тақлид қилавермаслиги лозим. 

Биз мавзу юзасидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳам шахсий фикрларини билишга қизиқдик. Шаҳноза исмли аёл “Ҳа, бу жуда ҳам хунук манзара. Ҳаттоки классик шимларни ҳам торайтириб, тиктириб олишяпти. Эркакни кийими эмасда бу. Жамоат жойларида бу ҳолат янада яққол сезилади. Ҳақиқий классик бичимдаги шимлар эркак кишига ўзгача салобат бериб туради”, дея мулоҳаза юритса, Қалдирғоч Исраилова “Тор шим майлику-я, қизил, пушти, ялтирок, тошли, мунчокли, тилларанг, гулли кийимлар кийиб юришгани асабни бузади. Бизнинг эркакларга ҳеч ярашмайди”, деган фикрларни баён этган. Бундан ташқари, яна юзлаб тармоқ фаоллари мавзуга ўз қарашларини билдиришган. 

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, аслида, қандай кийим кийиш ҳар бир инсоннинг шахсий иши. Лекин, бу борада “оммавий маданият” таъсирига берилиш, бошқа миллат вакилларига тақлид қилиш миллийлигимизга умуман тўғри келмайди. Кийим танлаш борасида аввало, меъёрни унутмай, тоза, озода, ярашган либосларни кийишимиз керак. 

Юқорида таъкидлаганимиздек, либос инсон кайфияти, руҳияти, маънавияти, қолаверса, қай даражада тарбияли эканини белгилаб беради. Шундай экан, тез-тез эгнингиздаги либосингизга назар солиб туринг, азиз ўғлонлар. У сизга ярашиқлимикин? 

МАНБА

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2031
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Эшниёзов М,Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилоти аппарат раҳбари в.б2018-07-04 17:53:40

Ота-оналарнинг кўпчилиги яратгандан фарзанд сўраганда фарзанди ўғил бола бўлишини орзу қилиши сир эмас. Сабаби биринчидан эртага чироғи ўчмаслиги бўлса иккинчидан суянгувчи тиргаги бўлишини исташади. Мақолада келтирилган "ўғил бола"лар ҳам қайсидир ота-онанинг орзуси бўлгандир. Кийиниши билан одамни жирканчини қўзғайдиган бундай ёшларга қараб ота-она тарбияси бўшашиб кетаётганлигини кўриш мумкин. Тўғри кийиниш уларнинг шахсий масаласи, бироқ бугун на қиз- на йигитнинг кийимига ўхшамайдиган алфозда кийинган йигитларнинг эртаги "ўғил бола" фарзандлари нима кийишаркан!?


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+