Президент педагогларнинг ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича топшириқлар берди

17.07.2018, 18:52

Президент педагогларнинг ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича топшириқлар берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Кейинги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлигининг бошқарув тизими такомиллаштирилди, асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Яқинда вазирлик раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилиб, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар қўйилди. 

Йиғилишда ушбу кўрсатмалар асосида ишлаб чиқилган халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилди. 

Президент педагогларнинг ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берди.

Турли назорат органлари томонидан ўқитувчилар фаолиятини текширишларни чеклаш, педагогларни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обуна ва шу каби касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик кераклиги таъкидланди. Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизмат ташкил этиш вазифаси қўйилди. 

“Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш керак. Ҳар бир синфда болаларнинг нималарни билиши зарурлигидан келиб чиқиб, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини қайта кўриб чиқиш лозим. Дарсликларни энг замонавий методикалар асосида яратиш ва чоп этиш, мактабларда технология, мухандислик фанлари, математика, санъат, чет тиллари йўналишларини кучайтириш, бу борадаги лабораторияларни қайта жиҳозлаш талаб этилади. Мактабгача таълим ва олий таълим тизимлари билан узвийликни таъминлашга ҳам эътибор бериш керак”, деди Шавкат Мирзиёев. 

умумтаълим мактаблари директорлари ва ўринбосарларига бўлган талабни қайта кўриб чиқиш, бу лавозимга ҳақиқий бошқарувчилик – менеджерлик қобилиятига эга шахсларни тайинлаш, маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари масъулиятини кескин ошириш кераклиги қайд этилди. 

Халқ таълими тизимини молиялаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2019 йил учун давлат бюджетини шакллантиришда мазкур соҳага молиялаштиришни ошириш, шунингдек, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш учун Халқ таълими вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Мактабларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини сифатли бажариш учун халқ таълими тизимида махсус инжиниринг компанияси ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.  

Шунингдек, таълим тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, мактабларнинг бюджетдан ташқари топаётган даромадларини уларнинг ихтиёрида қолдириш, мактабларда ички жамоавий назорат тизимини йўлга қўйиш, намунавий мактабларни кўпайтириш мақсадида мактаблар рейтингини ишлаб чиқиш каби масалаларга эътибор қаратилди.  

Йиғилишда муҳокама қилинган йўналишлар бўйича мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди ва тегишли топшириқлар берилди. 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2433
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ибрагимов Шерзод Мардонович Қизилтепа туман бўлими аппарат раҳбари2018-07-18 16:31:57

Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасини такомиллаштиришга бўлган бу эътиборлари келажак авлодларимиз учун жуда катта имконият албатта. Турли назорат органлари томонидан ўқитувчилар фаолиятини текширишларни чеклаш, педагогларни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обуна ва шу каби касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик ҳам бу ўқитувчиларнинг ўз вазифаларини тўлиқ амалга оширишга имконият яратади ва масьулиятларини оширади.


Андижон туман Кенгаши ижрочи котиби Н.Толипова 2018-07-18 09:07:10

Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтарилиши бу келажак авлодларимиз учун жуда катта имкониятлар эшигини очиб беради.


Носирова Шоира Навоий вилояти туман Кенгаши депутати2018-07-17 23:34:25

Мактабларимизда АКТини кенг жорий қилиш, ички жамоавий назорат тизимини йўлга қўйиш, намунавий мактабларни кўпайтириш ва албатта мактаблар рейтингини аниқлаш механизмини ишлаб чиқиб, жаҳон стандартларига жавоб берадиган мактабларимизни кўпайтиришимиз керак.


Нилуфар Джаббарова Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби2018-07-17 22:31:23

Устоз, мураббийларнинг мехнатларини хар канча эзозласак хам оз. Сабаби хар бир инсоннинг камолга етишида, ок-корани танишида хурматли педагогларнинг хиссаси катта. Давлатимиз рахбарининг педагогларга каратаетган этиборларидан жуда хурсанд булдим ва албатта, мен катори бошка касб эгалари хам мазкур янгиликдан кувонганига ишончим комил.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+