Ҳалоллик рейтинги: НЕЧАНЧИ ЎРИНДАМИЗ?

29.07.2018, 18:20

Ҳалоллик рейтинги: НЕЧАНЧИ ЎРИНДАМИЗ?

Тиниб-тинчимаган, изланишдан чарчамайдиган европаликларга қойил. Қизиқмаган иши йўқ. Ҳатто энг ҳалол инсонлар қайси давлатда яшашини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказишибди. Бунинг учун дунё миқёсида 16  шаҳарни танлаб, одамлар гавжум бўлган савдо марказлари, бозорлар, хиёбонларга 12 бир хил ҳамёнга маълум миқдорда пул, эгасининг телефон рақами ва уй манзилини ёзиб ташлаб қўйишибди. Ўрганишлардан маълум бўлдики, рўйхатнинг бошини ҳам, охирини ҳам европаликлар эгаллаган. Биринчи ўринда финландияликлар турибди. Улар 12 ҳамёндан 11 тасини ўз эгасига қайтарган бўлса, охирги ўринда турган португалларнинг бирортаси бу ишни қилмаган.

Бу хислат қанчалик муҳим дейсизми? Келинг, буни японлар мисолида кўриб чиқамиз.

Япониянинг тез тараққий этишида ҳалоллик асқотган. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги ислоҳотлар даврида ҳар бир ташкилоту корхонада раҳбар ва ходимларнинг муносабати ўзаро ишонч ва масъулиятга қурилган. Иш берувчи ҳам, ишчи ҳам берилган вазифани чин дилдан бажаришга, бир-бирининг ишончини оқлашга ҳаракат қилган. Натижада иш унуми ҳам, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам ортиб бораверган. Бу ҳолат бутун мамлакатни қамраб олган, натижада қисқа фурсатда Япония илғор давлатлар қаторидан жой олган. Японларнинг ўзига хос фазилатини — маданиятли, тартибли халқ эканини футбол бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионати яна бир бор исботлади (буни изоҳлашга ҳожат йўқ).

Франсузлар ҳам савдо-сотиқ борасида анча ишончли. Улар нимаики сотмасин, албатта, камчилигини, айбини айтиб сотади.

Агар бизда ҳам юқоридаги каби тадқиқот ўтказилса, нечанчи ўринда бўлардик? Буни ҳамёну қўл телефонини йўқотганлардан сўраш керак. Шу пайтгача ҳамёнини йўқотиб топганларни жуда кам учратдик. Телефон борасида-ку аҳвол бундан ҳам аянчли. Нега дейсизми? Қимматбаҳо ёки оддий қўл телефонни бирор жойда унутиб қолдирсангиз, ярим соатдан сўнг қўнғироқ қилсангиз, оператор қизнинг “хизмат доирасидан ташқарида” деган мулойим овози юрагингизни ўйнатиб юборади. Ёки мен адашяпманми?!

Тасаввур қилинг, бозорчиларимиз фрасузлар каби тўғри сўз, ҳалол ва виждонли бўлганда, сув қўшилган сутни, сут қўшилган қаймоқни, пакетга солинган таги чиригу усти бутун картошкаларни, бир килосига ярим кило суяк қўшилган гўштни уйга кўтариб бориб, аёлимиздан дакки эшитмасдик. Йўқ, бундай одат бизга тўғри келмайди. Агар шундай бўлса, бозоримиздан “файз-барака”, чўнтакдан даромад кетиб қолади-да.

Буларни ўйлаб, бир олимнинг “Агар бизда ҳар соҳада ҳалоллик бўлганида, бундан икки-уч баробар яхшироқ яшаган бўлардик”, деган гапи ёдимга тушди. Ҳа, унинг гапларида жон бор. Чунки яқин-яқингача бирор жойга ишга кирсанг, айримлар “Левийси борми?”, “Ёғли жойми?” дея суриштирарди. Даромад фақат ойликдан десанг, “ойликка яшаб бўларканми?”, дея ишонқирамасди. Уларнинг наздида “ёғли жой” бу — давлат корхонасини каламуш каби кемиришдан иборат. Бундайларга ҳалолликдан гап очсанг, ўзини эшитмаганга олади. Улар учун “ҳалол” сўзи фақат озиқ-овқат маҳсулотларига ишлатилади. Топилаётган пулга эмас.

Бу билан кўпчилик ҳаром пул топяпти, демоқчи эмасман. Аслида халқимиз бировнинг ҳақидан ҳазар қилади. Аммо бозор иқтисодиёти, ўтиш давридаги қийинчиликлар кишилар назарини бироз оч қилиб қўйди, шекилли, “Текин бўлса, михни ют” қабилида иш юритадиганлар илдиз отди. Шу боис кейинги пайтда алдов, фирибгарлик ёшу бош, касбкор, аёлу эркак танламай ўз комига тортмоқда. “Фалончини тушириб кетибди, қарз олиб, пулини еб кетибди, ташкилотни еб битирди”, деган гапларни, ҳатто “учар” йигитларимиз ўзга юртларга бориб, бу борада кўпчиликка “ўрнак” бўлаётганини ҳам эшитамиз.

Бироқ орамизда кўплаб тўғри сўз, диёнатли, ҳалол инсонлар ҳам борки, уларнинг биргина хатти-ҳаракати барчага ўрнак. Мисол учун яқинда ижтимоий тармоқда бир киши қора сумкада катта миқдорда пул топиб олганини, эгаси чиқса қайтариши ҳақида эълон берибди. Куни кеча бир дўкон хўжайини сотувчиси харидорларга маҳсулотни қиммат пуллаётгани учун анча дакки бериб, бировларнинг ҳақидан эҳтиёт бўлишини уқтирди. Буларни кўриб, қанийди, ҳамма ҳам шулар каби ҳалол бўлса, ошиғимиз олчи бўлиб, мамлакатимиз ривожланган мамлакатлар қаторига етиб олган бўлармиди, деб ўйлаб қолдим.

Бугун ҳалол ва ҳаромни ажратиб олиш, дунёга теранроқ назар ташлаш пайти келди. Ўзганинг ҳақидан қорин қаппайтириш, айниқса давлат мулкини, халқ бойлигини ўмариш даври ўтди. Бугун юртимизда яхшилик, ҳалоллик, шамоллари эсяпти. Диний бағрикенглигу, маърифат борасидаги кенг кўламли ишлар бир томондан бўлса, жамиятда адолат, ҳақиқат ўрнатиш учун ҳаракат қилаётган Халқ қабулхоналари, Мажбурий ижро бюроси, Давлат хизматлари маркази каби қатор ташкилотларнинг хатти-ҳаракатлари иккинчи томондан камарбаста бўлаётир. Буларнинг барчаси шу эл, сизу биз учун.

Мабодо, ўша европалик олимлар бизга келиб тадқиқот ўтказишса, ҳалоллик нималигини бир кўрсатиб қўяйлик! Нима дейсиз?

Бу ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

 Бобур МУҲАММАДИЕВ,

“Ҳуррият” шарҳловчиси

O‘zLiDePнинг Facebook ҳамда Instagram'даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1912
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холматова Дилноза Наманган вилоят Кенгаши2018-07-30 12:16:43

Ҳақиқатда жуда яхши моқола чиқибди, бу каби тарбиявий мақолалар барчамизни халол диёнатли булишга ундайди


Чилонзор туман Кенгаши Мўминова Нигора2018-07-30 11:54:57

Мақола жуда яхши чиқибди.Бу мақола халқимизни халол яшаш ва софдил бўлишга ундайди.


Шовот туман Кенгаши 2018-07-30 10:04:19

Жамият ривожида халоллик, жокуярлик, фидоийлик, сидқидилдан мехнат қилиш каби фазилатларнинг ўрни беқиёс.


Oripov Samariddin2018-07-29 23:49:41

Juda ajoyib maqola chiqibdi. Tarbiyaviy ahamiyatga ega maqolalarni ijtimoiy tarmoqlarda ko'proq targ'ib qilish kerak. Rahmat.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+