Uzcard тизимида юзага келган техник носозлик тўлиқ бартараф этилди. Бунга нима сабаб бўлган эди?

17.09.2018, 15:58

Uzcard тизимида юзага келган техник носозлик тўлиқ бартараф этилди. Бунга нима сабаб бўлган эди?

Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) бош директори Аҳрор Маҳмудовнинг маълум қилишича, UzCard чакана тўлов тизимида юзага келган техник носозлик тўлиқ бартараф этилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларида яна пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоб қилина бошланди. Бу ҳақда "Халқ сўзи online" хабар берди. 

...Халқимиз орасида “электрон ҳамён” деб аталувчи пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоб тизими шунчалик оммалашиб кетганки, эндиликда унинг сиз кундалик фаолиятимизни тасаввур қилиш жуда қийин. Буни охирги икки кун ичидаги ноқулайликлар туфайли янада теранроқ ҳис этиб турибсиз.

Гап шундаки, 15 сентябрда UzCard чакана тўлов тизимида юзага келган техник носозлик оқибатида пластик карточка орқали бажариладиган барча турдаги банк операциялари тўхтаб қолди. Шу жумладан, савдо терминаллари орқали тўлов қилиш, банкоматлар орқали пул ечишнинг имкони бўлмаяпти.

Ягона умумреспублика процессинг маркази ушбу кўнгилсиз ҳолатни тизимда юзага келган техник носозлик билан изоҳлаб, муаммони бартараф этиш учун соҳа мутахассислари, дастурчилар танаффуссиз ишлаётганини таъкидлади. Бунинг самараси ўлароқ, 17 сентябрнинг биринчи ярмида тизимда тўлов карталаридаги қолдиқ ҳақида маълумотларни қайта тиклашга муваффақ бўлинди.

Айтиш жоизки, техник носозликнинг бундай узоқ давом этиши аҳоли ўртасида республикамиздаги 28 та банкнинг тўлов тизимлари бирлаштирилган Uzcardга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқараётир. Энг ачинарлиси, иқтисодиётимизнинг савдо, хизмат кўрсатиш каби тармоқларига катта миқдорда иқтисодий зарар кўрмоқда. Негаки, Марказий банк маълумотларига қараганда, 2018 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, 18 миллионтадан ортиқ пластик карточкалар муомалага чиқарилган. Ўрнатилган терминаллар сони 243 минг 236 та, банкомат ва инфокиоскларэса 6 минг 279 тани ташкил этади. Жорий йилнинг ўтган саккиз ойида тўлов терминаллари орқали 39 триллион 278 миллиард сўмликдан зиёд тушумлар тушган. Бу терминаллар орқали кунига ўртача 164 миллиард сўмлик ҳисоб-китоб қилинади, деганидир. Шу ҳисобда техник носозлик ортидан кўрилаётган иқтисодий зарар ҳажмини ўзингиз чамалаб кўраверинг.

Марказий банк мутасаддиларининг айтишича, UzCard тизимини қайта ишга тушириш учун ҳар томонлама ёрдам қўллари чўзилмоқда. Зарурат бўлса, фуқаролар уларга хизмат кўрсатадиган банкларга ўзларига керакли миқдорда нақд маблағ олиш учун мурожаат қилишлари мумкинлиги, бунинг учун барча тижорат банклари ҳамда филиалларини керакли миқдорда нақд пул билан таъминлаш чоралари кўрилганлиги ҳақида расмий баёнот ҳам берилди.

Унда келтирилишича, Марказий банк юз берган вазиятни шунчаки эътиборсиз қолдирмайди. Қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича ташаббус илгари сурилади. Унда чакана тўлов тизимларининг барқарор фаолият юритиши мақсадида уларнинг ишини назорат қилиш ва тартибга солиш бўйича Марказий банк ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш кўзда тутилади.

Мустақил экспертлар муаммоларнинг юзага келиши чакана тўлов инфратузилмаси битта операторга боғланиб қолганида, дейишмоқда. Шунинг учун тизимда, энг аввало, рақобат муҳитини юзага келтириш зарур.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги тегишли қарорида Миллий банк процессинг марказини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Хўш, унинг ижроси қай даражада?

“Бу борадаги ишлар изчил давом эттириляпти. Бугунги кунга қадар унинг концепцияси ишлаб чиқилди, шунингдек, қарор лойиҳаси ва “йўл харитаси” тайёрланди. Ушбу ҳужжатлар яқин кунларда имзоланиши кутиляпти. Янги марказ эса 2019 йилда ишга туширилиши мўлжалланмоқда“, — дейди Марказий банкнинг Тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департаменти директори ўринбосари Улуғбек Маҳмудов.

— Одамлар орасида тизимнинг ишдан чиқишига ташқи омилларнинг таъсири йўқмикан, деган хавотир ҳам пайдо бўлган. Айтинг-чи, мижозлар ҳисобрақамидаги қолдиқ маблағлар тўлиқ сақланиб қолиндими?

“Амалиётда техник носозликлар бўлиб туриши табиий ҳол. Бу жараён одатда узоғи билан бир соатда изга тушиб кетади. Чунки тизимдаги асосий сервер ишдан чиқса, захирасидан фойдаланилади. UzCard чакана тўлов тизимининг икки кунлаб ишламаслиги турли хавотирларни келтириб чиқараётганидан кўз юмиб бўлмайди. Лекин ортиқча гап-сўзларга ҳожат йўқ. Пластик карточкалардаги маблағлар ҳамда барча маълумотлар тўлиқ, хавфсиз сақланмоқда“, — дейди У. Маҳмудов.

Табиий савол туғилади. Аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган тизимдаги техник носозлик қаердан келиб чиқди? Бу кўнгилсиз ҳолатнинг асл сабаби нимада? Келгуси бундай вазият такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўрилади?

Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) бош директори Аҳрор Маҳмудовнинг айтишича, POS ва E-POS АТМ қурилмаларига улана олмаслик туфайли юзага чиққан муаммо босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Вазиятга тегишли барча маълумотлар эса мутасаддилар, соҳа мутахассислари томонидан ҳар томонлама чуқур ўрганилмоқда. Унинг натижаларига кўра, тугал фикрга келиш мумкин.


O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    479
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+