Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклиги янги, янада юксак босқичга кўтарилмоқда

02.10.2018, 10:46

Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклиги янги, янада юксак босқичга кўтарилмоқда
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.
 
Ташрифнинг иккинчи куни “Раштрапати Бхаван” саройида давлатимиз раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди. 
 
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлат мадҳиялари янгради. Давлатимиз раҳбари фахрий қоровул сафи олдидан ўтди. 
 
Президент Шавкат Мирзиёев шу ерда мамлакатимиз ва Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари учун қисқача баёнот берди. 
 
Давлатимиз раҳбари Ҳиндистон Президенти ва Бош вазирига таклиф учун миннатдорлик билдириб, халқларимизни тарихий ришталар, ўхшаш анъаналар, маънавий ва маданий яқинлик боғлаб туришини таъкидлади. 
 
Бугунги кунда Ҳиндистон жадал ривожланмоқда, замонавий қиёфа касб этмоқда. Унинг қудратли давлат ва иқтисодиёти ривожланган мамлакат сифатида жаҳондаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда. Ушбу мамлакат, айниқса, юқори технологиялар, инновациялар, саноат, дастурлаш, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларида илғор ҳисобланади. 
 
Биз олий даражадаги учрашувларимиз натижасида фаоллашиб бораётган Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларининг бугунги суръатини юқори баҳолаймиз. Ишончим комилки, ушбу ташриф ва самарали музокараларимиз мамлакатларимиз стратегик шериклигини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради, деди Президентимиз. 
 
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Нью-Деҳли шаҳридаги «Раж Гхат» ёдгорлигига ташриф буюриб, ҳинд халқининг миллий қаҳрамони Маҳатма Ганди хотирасига ёқилган мангу олов ёнига гулчамбар қўйди. 
 
Моҳандас Карамчанд Ганди Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг буюк раҳнамоси, «гандичилик» ғоясининг асосчисидир. У ўз ватанининг миллий истиқлоли учун курашган ва Ҳиндистонда мустамлакачиликка чек қўйган инсон сифатида қадрланади. Маҳатма Ганди туғилган кун – 2 октябрь миллий байрам сифатида кенг нишонланади. Мазкур ёдгорлик мажмуаси унинг мамлакати ва халқи олдидаги хизматларига ҳурмат ифодаси сифатида бунёд этилган. 
 
Шавкат Мирзиёев буюк давлат ва сиёсат арбоби хотирасига ҳурмат бажо келтирди, мажмуанинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди. 
 
Ҳайдаробод саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. 
 
Мулоқот чоғида таъкидланганидек, ўзбек ва ҳинд халқларини тарихий ва маданий муштараклик боғлаб туради, стратегик шерикликни ривожлантириш ва кўплаб йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам пойдевор мавжуд. 
 
Ўзбекистон билан Ҳиндистон халқаро майдонда, жумладан, БМТ ва ШҲТ доирасида бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқин. 
 
Халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, бошқа минтақавий ва глобал таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда икки томонлама ва кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. 
 
Учрашувда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, инновация, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. 
 
Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирди. 
 
Ҳиндистон улкан иқтисодий имкониятларга эга, саноати ривожланган мамлакат. Ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда олтинчи ўринда туради. Юқори технологиялар, инновациялар, дастурлаш, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожига катта эътибор қаратаётган мамлакатимиз учун Ҳиндистон тажрибаси ва технологиялари муҳим аҳамиятга эга. Ҳиндистон учун ҳам изчил ривожланаётган, инвесторларни қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон истиқболли ҳамкордир. 
 
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик мамлакатларимиз муносабатларининг асосий йўналишларидан биридир. Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокида 145 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 58 таси тўлиқ хориж капитали эвазига ташкил этилган. 2018 йилнинг биринчи чорагида Ҳиндистон сармояси иштирокида 9 та корхона ташкил этилгани ҳинд ишбилармонларининг мамлакатимизда фаоллиги ошаётганидан далолатдир. 
 
Президентимиз ташрифи арафасида ўтказилган икки мамлакат мутасадди вазирлик ва идоралари ҳамда ишбилармон доираларнинг қўшма бизнес-форумида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд бўлган сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. 
 
Музокарада савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, юқори технологиялар, тиббиёт, фармацевтика, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди. 
 
Бу борада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларига янги суръат бахш этиши таъкидланди. Бунда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш алоҳида аҳамиятга эга. 
 
Нью-Деҳлида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида имзоланган ҳужжатларни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон-Ҳиндистон мулоқоти якунида икки мамлакат ҳамкорлигини турли соҳаларда янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган 20 та ҳужжат имзолангани қайд этилди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазирининг Қўшма баёноти қабул қилинди. 
 
Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш, туризм, қишлоқ хўжалиги, фан-техника ва инновациялар, коинотни тадқиқ этиш ва ундан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт илми соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар имзоланди. 
 
Бундан ташқари, ҳарбий таълим, ҳуқуқ ва адлия, фармацевтика соҳаларидаги муносабатларни ривожлантиришга доир ўзаро англашув меморандумлари қабул қилинди. Имзоланган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим, шунингдек, Андижон вилояти билан Ҳиндистоннинг Гужарат штати, Самарқанд ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик ва шерикликни йўлга қўйиш, Андижон шаҳрида Эркин фармацевтика зонасини ташкил этиш тўғрисидаги англашув меморандумлари алоҳида аҳамиятга эга. 
Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ҳиндистон билан алоқаларга устувор аҳамият қаратиши, амалий руҳда ўтган музокаралар томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлаганини таъкидлади. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олингани қайд этилди. 
 
Анъанавий дўстлик руҳида ўтган бугунги музокаралар мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаати йўлида интилишларимиз қатъий эканини кўрсатди. Очиқлик, ўзаро англашув ва манфаатларга ҳурмат асосида қарор топган ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб бораётганини юксак қадрлаймиз, деди давлатимиз раҳбари. 
 
Биз Ўзбекистон Президенти билан мамлакатларимиз ҳамкорлигини ҳар томонлама муҳокама этиб, унинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдик. Ўзаро савдода преференциялар қўллаш, ахборот технологиялари, ҳудудлараро ҳамкорлик ва бошқа қатор масалалар бўйича самарали келишувларга эришдик, деди Ҳиндистон Бош вазири. 
 
Давлатимиз раҳбари ҳинд халқига юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида Нарендра Модига буюк мутафаккир Робиндранат Тагорнинг ўзбек тилида чоп этилган 8 жилдли асарлар тўпламини совға қилди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Нью-Деҳли шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сушма Сваражни қабул қилди. 
 
Мулоқотда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Жорий йилда томонларнинг интилиши натижасида ўтказилган учрашувлар, қатор делегациялар алмашувлари давлатлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани юқори баҳоланди. 
 
Шавкат Мирзиёев мазкур давлат ташрифига тайёргарлик кўришда Свараж хонимнинг хизматлари катта эканини қайд этар экан, олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларда янги даврни бошлашга, икки томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Деҳли шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Ҳиндистон Республикаси вице-президенти, сенат раиси Венкая Найдуни қабул қилди. 
Учрашувда мамлакатларимиз алоқаларини ривожлантиришнинг турли жиҳатлари, ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалалари хусусида фикр алмашилди. 
Давлатимиз раҳбари «Раштрапати Бхаван» саройида Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинд билан учрашди. 
 
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди. Ушбу ташриф, унда эришилган натижалар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихидан муҳим ўрин эгаллаши ва ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариши муқаррар. 
 
ЎзA
 
  • Кўрилди
    1528
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Суннатилло Умиров2018-10-03 18:16:26

Катта давлатлар- мамлакатимиз учун дунё давлатлари орасида янада ривожланиши учун катта имкониятларга эга бўлишига хизмат қилади.


Акбар Якубов, Жиззах вилояти2018-10-03 10:31:33

Ўзбекистон ва Ҳиндистон муносабатлари янада ривожлансин.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+