Франция матбуоти: “2018 йил дунё тарихида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номи билан қолади”

08.10.2018, 10:34

Франция матбуоти: “2018 йил дунё тарихида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номи билан қолади”

Франция матбуотида юртимиз, унинг тарихи, маданияти ва замонавий тараққиёти ҳақида ҳикоя қилувчи материалларга кенг ўрин берилмоқда.

Хусусан, “France 24” телеканали “ўзбек дипломатияси”нинг сўнгги вақтда сезиларли даражада фаоллашгани, республика қўшни мамлакатлар, етакчи хориж давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаб бораётгани ва бу унинг халқаро майдондаги мавқеи юксалишига хизмат қилаётганини эътироф этди, дея хабар қилмоқда "Халқ сўзи". 

“Ўзбекистон раҳбарияти давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини ислоҳ қилишга интилмоқда. Бундан ташқари, хорижликлар учун виза тартиби енгиллаштирилди, миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётир”, дейилади телеканалда.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Мўйноқда бўлиб ўтган биринчи Электрон мусиқа фестивали ҳам “France 24” эътиборидан четда қолмади. Маданий тадбирнинг Орол денгизининг қуриган ҳудудида ўтказилгани ниҳоятда долзарб ушбу экологик ҳалокатга халқаро ҳамжамият эътиборини тортишга туртки беради. “Орол яна тўлмоқда. У оҳанглар уммони билан тўлмоқда, — деб ёзади мухбирлар. — Шу билан бирга, мазкур муаммонинг салбий оқибатлари аллақачон Ўзбекистон чегарасидан ташқарига чиққан бўлиб, дунё ҳамжамиятининг ўзаро келишилган саъй-ҳаракатларини талаб қилади”.

“Le Monde” газетаси расмий Тошкентнинг Афғонистон бўйича янгиланган сиёсатини юқори баҳолайди. Ўзбекистон афғон ҳукумати ва “Толибон” ўртасида тўғридан-тўғри тинч музокаралар ўтказилиши тарафдори бўлибгина қолмай, бунинг учун шароит яратиб беришга ҳам тайёрдир. Тошкентнинг ушбу масала борасидаги позицияси дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан олқишланмоқда ва қўллаб-қувватланяпти.

“Le Monde” ўлкамизда маданият обидаларини асраб-авайлаш, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш, муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолайди. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Халқаро ислом академиясини ташкил этиш борасидаги ташаббусларига ниҳоятда муҳим қарорлар, дея тавсиф берилади.

“Courrier International” ҳафталик газетасида таъкидланишича, “2018 йил дунё тарихида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номи билан қолади. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро эътирозлар ва ишончсизликни енгиб ўтиб, узоқ йиллардан кейин илк бор Остона шаҳрида минтақавий саммит ўтказишди. Ўзбекистон раҳбари қисқа муддатда барча қўшнилар билан алоқаларни йўлга қўя олди”.

Мамлакат ички ҳаётида ҳам муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар кузатувчилар томонидан либераллашув, қайта фикрлаш ва илиқлик сингари тушунчалар билан эътироф этилмоқда. Ушбу жараёнда республика ички барқарорликни сақлаб қолаётгани эътиборга моликдир. “Тадбиркорларга валютадаги даромадларни топширмасликка рухсат берилди. Кўплаб чекловлар бекор қилинди... Пахта далалари майдони камайиб, уларнинг ўрнига озиқ-овқат экинлари экилмоқда. Бизнес учун янги имкониятлар очилаётир”, деб ёзади журналистлар.

“Skyscanner” сайёҳлик журналида “ҳар қандай сайёҳни ҳайратда қолдирадиган шаҳар” — пойтахт Тошкент ҳақида катта репортаж чоп этилди.

Шаҳар бўйлаб саёҳатни унинг бозорларидан бошлаган маъқул, дейди мухбирлар. Масалан, Чорсу бозори ўзбек маданиятини тушуниш ва унга “сингиб кетиш” имконини беради.

“Чорсуда маҳаллий урф-одат ва анъаналар хилма хиллигини кўриш мумкин. Умуман олганда, ўзбекона бозор шундай жойки, бу ерда сизнинг ҳис-туйғуларингиз ҳаракатга айланиб, кўзингизга тушган ҳамма нарсани сотиб олишни истайсиз”, дейилади “Skyscanner”да.

Тошкент музейлари ўзига хос тарихга эга. Уларнинг ҳар бири ўлка ўтмиши ҳақида сўзлайди. Масалан, Ўзбекистон тарихи Давлат музейида бўлсангиз, ўзбек заминида илк одамлар пайдо бўлган даврларга “саёҳат” қилишингиз мумкин. Тўрт қаватдан иборат масканда экспонатлар жуда ноёблиги билан машҳур.

“Тошкент сайёҳларни ўзининг беқиёс муҳити, уй-жой ва транспортнинг арзон нархлари, мазали таомлари, гўзал метрополитени ва кенг боғлари билан оҳанрабодек тортади. Агар ҳали бу ерда бўлмаган бўлсангиз, албатта, Тошкентга боринг! Афсус қилмайсиз!”, дея ўқувчиларга мурожаат этади “Skyscanner”.

  • Кўрилди
    6142
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Асилабону Султонова O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши Мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири2018-10-08 17:45:46

Мамлакатимизда мухтарам Юртбошимизнинг сайъ-харакатлари билан олиб борилаётган ислохотлар хақиқатда бутун дунё хамжамиятини лол қолдирмоқда. Хориж матбуотларида давлатимиз хамда давлатимиз рахбари тўғрисидаги бу каби ижобий фикрларнинг юритилиши хар биримизнинг қалбимизда фахр ва ифтихор туйғусини уйғотади...


Рахманова Гульнара УзЛиДеП Тахтакупир туман Кенгаши 2018-10-08 16:27:22

“2018 йил дунё тарихида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номи билан қолади” бу кушни француз давлатидаги бизнинг юртбошимизга деган хурмати иззатидан дарак. Хакикатдан хам Узбекистонимиздаги хар кунги узгаришлар ривожланишлар, янгиланишларни дунё тан олмокда. Юртимиз бахтига Президентимиз сог омон булсин!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+