Йилни муваффақиятли якунлаш ва барча макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш – муҳим вазифа

10.10.2018, 23:50

Йилни муваффақиятли якунлаш ва барча макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш – муҳим вазифа

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2018 йил 10 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ва иқтисодий идоралар раҳбарлари иштирокида мамлакатни жорий йил 9 ойида ижтимоий-иктисодий ривожлантириш ҳолати ва йил якунлари бўйича кутилаётган натижалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Молиявий бозорнинг ривожланиши иқтисодиётни янада либераллаштириш ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг асосий омили ҳисобланади.

Шу боис мамлакатимизда бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони амалда бўлган валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, валюта сиёсатини либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратишнинг мутлақо янги тизимига асос бўлди.

Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, мазкур ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, инвестиция салоҳиятининг юксалишига, пировардида, иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигининг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда валюта бозорининг эркинлаштирилиши – иқтисодиётда ликвидлилик даражаси ошишига ҳамда бўш пул маблағларининг муҳим инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига жалб этилишини тақозо қилади.

Ўз навбатида, капитал бозорини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар, банклар ва суғурта компанияларининг бўш маблағларини муҳим лойиҳаларга жалб қилиш ҳам яхши самара беради. Бу борада янги ислоҳотларни амалга ошириш давлат бюджети харажатларини бир маромда молиялаштириш учун имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Йиғилишда “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурининг жойлардаги ижроси бўйича мутасадди раҳбарлар ҳисоботи эшитилди.

Давлатимиз раҳбари Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар, тижорат банклари ва суғурта компанияларининг бўш маблағларини муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш мақсадида қимматли қоғозларни муомалага чиқариш, шунингдек, жорий йилни муваффақиятли якунлаш ва барча прогноз қилинган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришишни таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

 

  • Кўрилди
    1404
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+