Президент ташрифидан сўнг Хоразмда қандай ўзгаришлар кузатилди?

04.12.2018, 10:28

Президент ташрифидан сўнг Хоразмда қандай ўзгаришлар кузатилди?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи доирасида жойлардаги учрашувлар, самимий мулоқотлар, янги лойиҳалар тақдимотларида билдирган фикрларини юртдошларимиз катта қизиқиш билан кузатиб борди. Давлатимиз раҳбари томонидан, айниқса, халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида илгари сурилган таклифлар ва белгилаб берилган устувор вазифалар аҳоли томонидан зўр мамнуният билан кутиб олинди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар қилмоқда. 

Қадим Хивага “Afrosiyob” етиб келди

Юртбошимиз 2017 йилнинг январида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Урганчдан Хивагача темир йўл ҳамда Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берган эди. Қисқа фурсатда бу эзгу ташаббус амалга ошди.

Вокзал биносининг ташқи кўриниши Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттириб, унда VIP-зал, она ва бола, тиббиёт хоналари мавжуд. Вокзалда 35 нафар ишчи бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатади. 20 ўринли меҳмонхона юртдошларимиз ва туристларга қўшимча қулайлик яратади.

— Маълумки, Хоразм вилояти туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш сайёҳларга транспорт хизмати кўрсатишни яхшилашни талаб этади, — дейди Бизнес ва туризмни ривожлантириш маркази директори Одилбек Раҳимов. — Қадимий шаҳарга ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг бир қисми самолётда парвоз қилишни хуш кўрса, айримлари, айниқса, кекса ёшдагилари тезюрар поездда йўлга чиқишни маъқул кўради. Дунёнинг аксарият давлатларида сайёҳларга транспорт хизмати кўрсатишда тезюрар поездлардан кенг фойдаланилади. Эндиликда бундай қулайлик Хивада ҳам яратилди ва бундан ҳудуд аҳолиси жуда мамнун.

Вокзал ва “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ўртасидаги 2 километрлик масофада қатор инфратузилма объектлари қурилди. Айни чоғда барча қулайликка эга 3 та меҳмонхона ва “Хива — Локомотив” истироҳат боғи барпо этиляпти. Бу ерда сунъий кўл, 27 хил аттракцион, амфитеатр, замонавий савдо расталари фаолияти йўлга қўйилади.

350миллион АҚШ долларилик инвестиция лойиҳалари

Хоразмда қулай инвестиция муҳити яратиш орқали хориж сармоясини тўғридан-тўғри жалб этишга алоҳида эътибор бериляпти. Натижада янги лойиҳалар бирин-кетин рўёбга чиқарилмоқда.

Бундан икки йил муқаддам давлатимиз раҳбари “Uztex” компаниялар гуруҳига Шовот туманининг чекка ҳудудида юқори технологик имкониятга эга янги корхона ташкил этиш ва одамларни иш билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берган эди. Шу асосда орадан кўп вақт ўтмай Италия ва Буюк Британияда ишлаб чиқарилган сўнгги русумдаги дастгоҳлар билан жиҳозланган, мингдан ортиқ иш ўринларига эга тўқимачилик корхонаси фаолият бошлади. Лойиҳа қиймати 65 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур корхонада йилига 70 миллион жуфт ёки қиймати 30 миллион долларлик аёллар, эркаклар ва болалар пайпоқлари тайёрланади.

— Маҳсулотларимиз АҚШ, Россия, Молдова, Украина каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда, — дейди қўшма корхона бош директори Умрбек Абдуллаев. — Давлатимиз раҳбари қўшма корхонага ташрифи чоғида тўқув, қадоқлаш цехлари, логистика маркази, лаборатория фаолияти билан танишди, ишчиларга яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди. Маҳсулотларнинг янги моделларини ўзлаштириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берди. Булар фаолиятимизни кенгайтиришимизда дастуриламал бўлади.

Иқтисодиётга хориж инвестициясини жалб қилиш, тадбиркорликни кенг ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда эркин иқтисодий зоналарнинг ўрни катта. Буни “Ҳазорасп” ЭИЗ мисолида ҳам кўриш мумкин. Дастлаб унинг учун Ҳазорасп туманининг 2 та ҳудудидан 325 гектар бўш ер майдони ажратиб берилган эди. Кейинчалик қурилиш ва инфратузилма тармоқларини ўтказиш харажатини камайтириш мақсадида ЭИЗ корхоналарини, биринчи навбатда, бўш турган бино ва иншоотлар негизида жойлаштириш бўйича таклифлар асосида яна 7 та ҳудуддаги 89 гектар ер майдони қўшиб берилди.

Бу ерда Малайзиянинг “Serba Dinamik Group” компанияси томонидан тўлиқ молиялаштирилаётган каустик сода ишлаб чиқариш заводи қурилади. Яъни компания томонидан 250 миллион АҚШ доллари йўналтирилади. Корхона ишга тушгач, йилига 33 минг тонна каустик сода ва 30 минг тонна хлор ишлаб чиқариш мумкин. Тайёрланадиган маҳсулотлар тўлиқ экспорт қилиниши мўлжаллангани диққатга сазовордир.

Умуман, бу ЭИЗда 2019-2020 йилларда 350 миллион АҚШ долларилик инвестиция лойиҳалари бажарилади. Бунга қарийб 300 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хориж сармояси йўналтирилади. Натижада бу ерда юк мотоцикллари, электроскутерлар, “Дамас” ва “Лабо” автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар, каустик сода, тиббиёт қўлқоплари, пойабзал, трикотаж маҳсулотлари каби экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи буюмлар ишлаб чиқарилади.

Президентимиз ташриф давомида бу эркин иқтисодий зона фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, ҳудуд иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича аниқ топшириқлар берди. Айни кунда шу йўналишда кенг қамровли амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

— Ҳудудимизда 5 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди, —дейди “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси директори МуродбекДавлетов. — Натижада “Дамас” ва “Лабо” автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар, маиший кир ювиш воситалари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Келгуси йилда эса биргина “Dererlop Textile” МЧЖ томонидан 9 миллион АҚШ долларилик инвестиция киритилиб, тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилса, “Ню Бест стайл” МЧЖ томонидан 5,6 миллион долларлик сармоя ҳисобига гулқоғоз ва гулқоғоз елими ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилади.

Умуман, келгуси йилда эркин иқтисодий зонада аралаш толали калава ип, тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, замонавий иссиқхона барпо қилиш, вилоятда инновацион технопарк ташкил этиш кўзда тутилган.

Ҳар қатраси олтинга тенг

Суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш ҳосил тақдирини ҳал қилувчи муҳим омил ҳисобланади. Шу боис Хоразмда ирригация ва мелиорация борасида қатор чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг изчил ижроси таъминланаётир.

Шундай лойиҳалардан бири Тошсоқа каналлар тизимида рўёбга чиқарилмоқда. Президентимиз Хоразмга ташрифи чоғида Тошсоқа магистраль каналида бажарилаётган реконструкция ишлари билан танишиб, канал атрофидаги ерларни ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги экинлари парваришида сув сарфини камайтириш чора-тадбирларини қўллаш бўйича кўрсатмалар берди.

Ҳозирги кунда вилоятда 276,7 минг гектар суғориладиган майдон бўлиб, унинг 191,3 минг гектарига обиҳаёт ушбу тизим каналлари орқали етиб боради. Бошқача айтганда, Янгибозор ва Гурлан туманларидан ташқари, барча ҳудудни шу тизимга кирувчи каналлар сув билан таъминлайди. Бу тизимга кирувчи Тошсоқа, Шовот, Полвон-Ғозовот, Ғозовот каналлари ўтган асрнинг 30 — 40-йиллари оралиғида қазилган бўлиб, сўнгги йилларда уларда сув сатҳи пасайиши туфайли далаларни сувнинг ўз оқими билан суғориш имконияти чекланди. Натижада обиҳаёт экин майдонларига уч юздан ортиқ насослар ёрдамида чиқариладиган бўлди. Бу эса фермер хўжаликлари учун ортиқча меҳнат, сарф-харажат қилиш, пировардида етиштирилаётган маҳсулотлар таннархи ошишига, сув исрофгарчилиги ва ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувига олиб келаётган эди.

— Ислом тараққиёт банки иштирокида рўёбга чиқарилаётган Тошсоқа тизими магистраль суғориш каналларини қайта тиклаш лойиҳаси ана шу муаммоларни ҳал этишга қаратилган, — дейди Қуйи Амударё чап қирғоқ ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Одилбек Тоҳиров. — Лойиҳанинг асосий мақсади вилоятдаги магистраль каналларда сув оқимини тўсиб, унинг сатҳини мутаносиблаштирувчи иншоотлар қуриш орқали ўзи оқар тизимга ўтказиш, экин майдонларини насослар ёрдамида суғориш тажрибасидан воз кечишни назарда тутади. Лойиҳанинг умумий қиймати 145 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан 90 миллион 370 минг доллари Ислом тараққиёт банки ҳиссасига тўғри келади.

Хоразм шароитида деҳқончилик қилишнинг ўзига хос хусусияти бор. Яъни бу ерда бошқа минтақаларга нисбатан сув сарфи кўпроқ бўлади. Боиси вилоятда экин майдонларининг 58,2 фоизи кам, 30 фоизиўртача ва 11,8 фоизи кучли даражада шўрланган. Экин экишдан олдин 2-3 марта даланинг шўрини ювишга тўғри келади. Бу эса мелиорация тармоқларининг соз ҳолда ишлашини таъминлаш, уларда доимий равишда реконструкция, тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишларини олиб боришни тақозо этади.

— Вилоятимизда 2013 — 2017 йилларда Давлат дастури асосида 7688 километр узунликда, қиймати 151 миллиард 996 миллион сўмлик мелиоратив тадбирлар ўтказилиб, 120 минг гектар майдонда ер ости сув сатҳи ҳамда шўрланиш даражасини пасайтиришга эришилди, — дейди Хоразм мелиоратив экспедицияси бошлиғи Бекназар Ганжаев. — Жорий йилда эса 27 та лойиҳа бўйича 1795 километр узунликдаги мелиоратив тармоқларда 46,3 миллиард сўмлик реконструкция, тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилди.

Экин майдонлари ҳолатини яхшилаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ана шундай улкан ҳажмдаги ишлар бажарилаётган бир пайтда айрим туманларда шоли етиштиришда камчиликларга йўл қўйилгани оқибатида ер ости суви сатҳининг кўтарилгани бор гап. Шу йили қарийб 30 минг гектар майдонда етиштирилган шоли статистик ҳисоботда кўрсатилмаган. Сув таъминоти қулай ҳудудларда ўзбошимчалик билан шоли экинини жойлаштириш натижасида ғўза вегетацияси даврида Шовот, Қўшкўпир, Хива, Янгиариқ туманларида сув танқислиги юзага келди. Оқибатда бу ҳудудларда пахта ҳосилдорлиги пасайиб, аксарият фермерлар шартнома мажбуриятини бажара олмади.

Юртбошимиз вилоятда шоличилик тармоғидаги аҳволни таҳлил қилиб, бу йўналишда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, кам сув талаб қиладиган технологияларни жорий этиш, Вьетнам, Хитой давлатларидан мутахассисларни жалб қилиш бўйича топшириқ берди. Айни чоғда мазкур соҳа мутахассислари, олимлар билан ҳамкорликда амалий ишлар бошлаб юборилди.

Оилалар учун кутилмаган туҳфа

Қўшкўпирдаги Оқдарбанд қишлоғи суғориш тармоғидан анча узоқда, хоразмликлар таъбири билан айтганда, сув йўлининг охирида жойлашгани боис деҳқончилик ишлари қўшимча меҳнат, сарф-харажат талаб этади. Яна қатор салбий омиллар туфайли ушбу қишлоқ манзараси кўнгилларни хира қиладиган даражага келиб қолганди. 

“Обод қишлоқ” дастури доирасида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилгач, у мутлақо янги қиёфага кирди.

— Қишлоғимизда 9,5 минг нафарга яқин кишилар истиқомат қилади, — дейди “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимбой Раҳмонов. — Республика ишчи гуруҳи ва сектор раҳбарлари уйма-уй юриб, 1500 дан зиёд хонадон эгалари билан юзма-юз мулоқотда бўлди. Қишлоқнинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари аҳволи ва коммунал соҳадаги муаммолар “Йўл харитаси” асосида қисқа муддатда бартараф этилди. Бу ерда яшовчиларни турли миллатга мансуб фуқаролар ташкил қилишини инобатга олсак, “Обод қишлоқ” дастурининг айнан мазкур ҳудудда татбиқ этилиши, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, ўзаро аҳилликнинг ёрқин намунаси, десак, муболаға бўлмайди.

Дастур доирасида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

С. Машарипов хасталикка чалингач, турмуш шароити оғирлашади. У рўзғордан орттириб уй-жойни таъмирлашга имкон топа олмади. Бугун ана шундай 20 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жойлари таъмирдан чиқариб берилди. Қишлоқда янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги 40 та арзон уй-жой қурилиши кўп йиллардан буён шахсий уйи бўлишини орзу қилиб келаётган оилалар учун кутилмаган туҳфа бўлди.

— Бир ҳовлида учта оила истиқомат қилаётганимиз туфайли фарзандларимизнинг дарс тайёрлаши учун етарли шароит йўқ эди, — дейди Ошоққалъа қишлоғида яшовчи Гуландом Ёдгорова. — Анча йиллардан бери оиламизга мос, ихчам, барча қулайлиги мавжуд уй-жойга эга бўлишни орзу қилардик. Туман ҳокимлиги қошида тузилган комиссия оилавий аҳволимизни ўрганиб чиқиб, арзон уй-жой сотиб олишга тавсиянома берди. Қишлоғимизда барпо этилган икки сотих майдонга эга, бир қаватли, уч хонали уйга кўчиб кирдик. Бундан қанчалик қувончга тўлганимизни сўз билан таърифлаш қийин.

— Ёшим тўқсондан ошди, умримнинг кўп қисми далада, деҳқончиликда ўтди,— дейди Султон бобо Давлатов. — Қишлоғимиз тарихида ҳали бундай миқёсда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўлган эмас. Кундан-кунга обод бўлаётган уй-жойларни, кўчаларни, ҳаётимиздаги ўзгаришларни кўриб, кексаю ёшнинг баҳридили очилмоқда. Қишлоғимиздаги мактабгача таълим муассасаси чорак асрдан бу±н фаолият кўрсатмасди, биноси ҳам ташландиқ ҳолга келиб қолганди. Қисқа муддат ичида таъмирланиб, замон талаблари асосида қайта жиҳозланган ушбу муассаса 130 нафар болажонни ўз бағрига олди. Қўшни маҳаллада 150 ўринли яна битта мактабгача таълим муассасаси бунёд этилди. Шунингдек, 2 та умумтаълим мактаби ҳам таъмирлаш ишларидан кейин бутунлай янгича қиёфага кирди.

Қишлоқнинг 300 ўринли маданият саройи биноси ҳам анча йиллардан бери қаровсиз аҳволда ётган эди. У мукаммал таъмирланиб, маданият ва дам олиш уйи сифатида элга хизмат қила бошлади. Ёшлар меҳнат гузари, кутубхона, ҳаммом, гўзаллик салони каби инфратузилма объектлари қисқа муддатларда қурилиб фойдаланишга топширилди. Тадбиркор Комилжон Нуримовнинг саъй-ҳаракатлари билан нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона очилди. Қишлоқдаги 3 та маҳаллада сунъий қопламали майдон бунёд этилгани эса спортсевар ёшларни беҳад қувонтирди.

Хоразмнинг “ташриф қоғози”га айланади

Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак саркарда, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган миллий қаҳрамон, хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори Жалолиддин Мангуберди тўғрисида ХIII асрдан то ҳозирги кунга қадар ёзилган китобларнинг сони минг жилддан ортиқни ташкил этади. Шунинг ўзи ҳам унинг шавкатли номи беқиёс шараф ва эҳтиромга лойиқ эканини кўрсатади. Собиқ тузум даврида у тўғрисида ёзишга йўл қўйилмади, узоқ ўтмиш қаърида бу ном гоҳ унутилди, яширин тутилди, тарихини ўрганиш тақиқланди.

Бугун бобомиз номи халқимиз томонидан улуғланди. Мамлакатимизда кўча ва хиёбонларга саркарда номи берилди, “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилди. Эндиликда Урганч шаҳри марказидаги Ал-Хоразмий ва Паҳлавон Маҳмуд кўчалари кесишмасида бунёд этиладиган, саҳни 3,5 гектарни ташкил қилувчи мемориал боғда Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ўрнатиладиган бўлди.

— Ҳайкал саркарда жасорати ва шону шавкатига мос ҳолда маҳобатли бўлиши, бу майдон Президентимиз таъбири билан айтганда, Хоразмнинг “ташриф қоғози”га айланиши керак, — дейди тарих фанлари доктори, профессор Озод Машарипов. — Шу боис тарихчи олимлар, архитекторлар, қурувчилар маслаҳатлашиб, майдонни чуқур мазмунли, чиройли, жозибали қилиш учун умумий ечимга келамиз. Келажакда бу мажмуа барча катта қизиқиш билан ташриф буюрадиган масканга айланади.

Унутилмас воқеа

Бугун қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасалари сонини оширишни тақозо қилмоқда. Бу, биринчидан, болаларнинг умумий саводини чиқариш, дунёқарашини кенгайтириш имконини берса, иккинчи томондан, ёш болали оналарнинг меҳнат қилиш, оила даромадини оширишига шароит яратади.

Вилоятда нодавлат таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йил сентябрь ойида фаолият бошлаган “Ниҳол” инновацион мактаби бошланғич синфларга ментал арифметикани ўргатишга ихтисослаштирилган. Бу ерда инглиз, рус тили фанлари чуқурлаштирилган тартибда ўқитилади. Ўқувчилар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида шахмат тўгараги очилган. Келаси ўқув йили учун мактабга тайёрлов гуруҳлари иш бошлаган.

Мактаб қурилишига 3 миллиард 350 миллион сўм маблағ сарфланган бўлиб, 19 та фан хонаси, кутубхона, ошхона, спорт зали, ҳамшира ва ўқитувчилар хоналари, фаоллар зали мавжуд. Ҳозирги кунда 582 нафар бошланғич синф ўқувчиси машғулотларга жалб қилинган.

— Таълим муассасамиз 250 ўринга мўлжалланган, яна 500 ўринли янги ўқув биносига эҳтиёж бор, — дейди мазкур мактаб директори Умида Собирова. — Шу боис мактабимиз ёнидан қўшимча ер майдони ва 6 миллиард сўмлик имтиёзли кредит олиш ниятидамиз. Янги ўқув биносини қуриб, ишга туширсак, яна 50 иш ўрни яратилади. Президентимиз ташрифи чоғида мактабдаги шароитни кўздан кечирар экан, бизнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлади, ўқув муассасамизга янги автобус ва ўқувчиларимизга планшетлар совға қилинди. Бу барчамиз учун унутилмас воқеа бўлди.

Умуман, Юртбошимизнинг Хоразм вилоятига ташрифи ушбу ҳудудаҳолисининг кайфиятини кўтарди, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

  • Кўрилди
    1765
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+