Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “тинч инқилоби”

05.12.2018, 09:59

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “тинч инқилоби”

Самимият самимийликка чорлайди, деган гап бор. Яъни бундай ёндашув билан ҳамманинг эътиборини тортиб, қалбларни эзгуликка даъват этиш мумкин. Бугун давлатлар ўртасидаги муносабатларда самимият яққол намоён бўлаётганини кўряпмиз.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган прагматик ташқи сиёсат замирида барча давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, турли масалалар юзасидан оқилона муросага эришиш, барқарор тараққиёт учун кенг кўламли шароитлар яратиш мақсади мужассам. Энг асосийси, янгиланишлар мамлакат тараққиёти, одамлар бахту иқболи йўлида амалга оширилмоқда. Испаниянинг машҳур “Diario arbat” нашрида чоп қилинган мақола ҳам юртимизда кейинги икки йил мобайнида олиб борилган ислоҳотларга бағишланди. Мақола муаллифи — Фернандо Мануэль Морагон Месегер. У геосиёсат, тарих ва география соҳасидаги таниқли экспертлардан биридир. Қуйида ана шу мақола эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугунги Ўзбекистон туб ислоҳотлар йўлидан кетмоқда. “Тинч инқилоб” сиёсатига амал қилиб, аниқ бир мақсад йўлида олға интиляпти. Бинобарин, мамлакатда белгилаб олинган вазифаларга эришиш учун изчил ва қатъият билан кенг кўламли ислоҳотлар рўёбга чиқарилаётир. Бунда кўҳна қадриятлар ва юрт тарихи ҳам сақлаб қолиниб, асраб-авайланмоқда.

2016 йил 4 декабрь куни ўтказилган сайлов якунларига кўра, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлди. Орадан ўн кун ўтиб, яъни 14 декабрда эса қасамёд қабул қилди. Шу вақтдан бошлаб, давлат раҳбари барча соҳада мисли кўрилмаган қатор ўзгаришларни бошлади. Булар Ўзбекистонни ташқи дунёга очгани ҳолда тараққиёт учун янги туртки берди.

Минтақавий ва халқаро алоқаларнинг илиқлашуви, айниқса, қўшни Тожикистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг қайта тикланиши янги раҳбарият томонидан илгари сурилган ислоҳотларга энг яхши мисол бўлса ажаб эмас. Маълумки, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни, асосан, Роғун ГЭС қурилиши лойиҳаси билан боғлиқ можаро сабабли дўстона, деб аташ мушкул эди.

Шавкат Мирзиёев эса Тожикистон билан алоқаларни яхшилаш ва мустаҳкамлаш йўлидан борди. 2018 йилнинг 17 август куни Тожикистон Президенти 20 йил ичида биринчи марта Ўзбекистонга давлат ташрифи билан борди. Сафар доирасида қатор битимлар имзоланди ва узоқ йиллар давомида муаммо бўлиб келган Роғун ГЭСга доир оғриқли масала ҳал этилди.

Бундан ташқари, бошқа қўшни давлатлар билан ҳам мустаҳкам ҳамкорликка эришиш учун саъй-ҳаракатлар олиб борилди. Айниқса, Ўзбекистон Афғонистондаги нотинчликка барҳам бериш мақсадида барчани бир эзгу ғоя атрофида бирлаштирди. Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва осойишталик ҳукм суриши учун Ўзбекистон бор куч-ғайратини ишга соляпти.

Ҳамкорлик бўйича фаоллашув нафақат қўшни давлатлар, балки узоқ хориж мамлакатлари билан ҳам кузатилмоқда: АҚШ билан 4,8, Россия билан 27,1, Франция билан эса 5 миллиард долларлик икки томонлама келишувлар имзоланди.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг жадал равнақи эътиборга лойиқ. Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши, ҳаво бўшлиғидан ўзаро фойдаланиш тўғрисидаги битим, ҳарбий-техник алоқаларни ривожлантиришга оид шартнома — ўтмишда булар, ҳатто тасаввурга ҳам сиғмасди. Шавкат Мирзиёев донолик билан нафақат ўз қўшнилари, балки айни пайтда ўзаро манфаатлар тўқнашуви даврини бошидан кечираётган АҚШ, Россия ва Хитой каби етакчилар билан ҳамбарқарор ташқи сиёсат юритмоқда.

Ўзбекистон янги раҳбарият бошчилигида инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ва унга риоя этишга қаратилган ислоҳотлар соҳасида сезиларли юксалишга эришди. Зеро, мамлакатда бунга давлат сиёсати ва халқаро шериклар билан ўзаро алоқаларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қараляпти. Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнат амалиётига бутунлай барҳам берилди. Умуман олганда, жамиятдаги ижтимоий муҳит ижобий хусусият касб этаётир: фуқаролар ўзларини янада эркин ҳис қилишмоқда ва ўз фикрини айтиш, ариза ёки шикоят беришдан қўрқмаяптилар.

Раҳбарият иқтисодий ўсишнинг муҳим эканлигини чуқур англаган ҳолда хориж инвестицияларини жалб этиш учун ўз бозорини ташқи бизнесга очиб беришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда учта асосий йўналиш: автомобиль ва темир йўллар, аэропортлар, электростанциялар инфратузилмалари, замонавий технологияларни харид қилиш, малакали кадрлар тайёрлашга устуворлик берилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Улар давлат хизматлари барча даражада модернизация қилинишини таъминлаши керак. Булар коррупцияга қарши курашиш ва турли масалаларни идора қилишда давлат хизматлари самарадорлигига кўп жиҳатдан эришишни англатади.

Собиқ иттифоқ давридан мерос бўлиб қолган мавжуд муаммоларни йўқ қилиш учун қатор янги қонунлар қабул қилинди. Маҳаллий органлар фаолиятини модернизациялашда фуқаролар иштироки ва фикрларига масъулият билан ёндашилмоқда, мазкур соҳадаги у ёки бу муаммони ҳал қилишда мурожаат ва шикоятлар сони инобатга олинаётир. Бошқача айтганда, халқнинг ўзи давлат раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили асосида раҳбариятга баҳо қўймоқда.

Испания Ўзбекистоннинг турли тармоқлари, айниқса, иқтисодиёт секторини модернизация қилишга катта ҳисса қўшиши мумкин. Масалан, мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё саноати, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш, рақамли технологиялар ва инфратузилмалар бўйича бой тажрибаси Ўзбекистон учун жуда асқатиши, шубҳасиз.

Ўзбекистоннинг Испанияга бўлган қизиқиши ҳам тобора ортиб бораётир. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги катта делегациянинг 2017 йил ноябрь ойидаги ташрифи ана шундан далолат. Унинг доирасида қатор муҳим келишувларга имзо чекилди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Мадриддаги Фавқулодда ва мухтор элчиси тайинланди.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзбек халқига ёрқин келажак, мамлакатнинг жадал тараққиёти ва фаровонлиги ошиши йўлида улкан умидлар бахш этмоқда.

"Халқ сўзи"

  • Кўрилди
    1444
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Даврон Темиров ЎзЛиДеП Бўка туман Кенгаши ижрочи котиби2018-12-05 11:40:31

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлган вақтдан бошлаб юртимизда, барча соҳаларда мисли кўрилмаган қатор ўзгаришларни бошланди. Булар Ўзбекистонни ташқи дунёга очгани ҳолда тараққиёт учун янги туртки берди. Собиқ иттифоқ давридан мерос бўлиб қолган мавжуд муаммоларни йўқ қилиш учун қатор янги қонунлар қабул қилинди. Пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнат амалиётига бутунлай барҳам берилди. Умуман олганда, жамиятдаги ижтимоий муҳит ўзгариб, фуқаролар ўзларини янада эркин ҳис қилишмоқда ва ўз фикрини айтиш, ариза ёки шикоят беришдан қўрқмаяптилар. Амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизга ёрқин келажак, мамлакатнинг жадал тараққиёти ва фаровонлиги ошиши йўлидаги орзуларини амалга оширишга замин яратмоқда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+