Шўртанда дунёдаги ноёб завод барпо этилмоқда (+ФОТО)

13.12.2018, 15:24

Шўртанда дунёдаги ноёб завод барпо этилмоқда (+ФОТО)

Ғузор туманидаги ушбу ҳудуд яқин-яқингача қуруқ дашт эди. Бу ерда қурилиши мўлжаллаган завод лойиҳаси тўхтаб қолган, уни бошлашга ҳеч ким журъат қилолмаётганди.    

Шавкат Мирзиёев давлатимиз раҳбари бўлгач, бу лойиҳага оид барча масалаларни ҳал қилиб берди. Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги қарорида «Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестицион лойиҳаси буйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.  

Мамлакатимиз раҳбари 2017 йил февраль ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур заводнинг қурилиш майдонига келиб, унинг молиялаштирилиши, хорижий технологиялар  билан жиҳозланиши, қурувчилар ва кадрлар таъминоти каби барча масалаларни чуқур таҳлил қилган эди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 13 декабрь куни бу ерга яна бир бор ташриф буюрди. Фақат бу гал манзара умуман бошқача. 135 гектардан зиёд майдонда қурилиш ишлари қизғин. Темир-бетон пойдеворлар қўйилиб, эстакадалар кўтарилган. Улкан автокранлар ўрнатилиб, мураккаб ускуналарни йиғиш бошлаб юборилган. 

Завод дунёдаги етакчи лицензиар компаниялар – “Сасол” (ЖАР), “Халдор Топсе” (Дания) ва “Шеврон” (АҚШ) технологияси асосида барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари бош пудратчи – Корея Республикасининг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ва “Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd”, Сингапурнинг “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниялари томонидан олиб борилмоқда. Қурувчи ва пайвандчиларнинг кўпчилиги маҳаллий ёшлардир.

Мажмуа учун зарур 11 мингдан ортиқ технологик ускуналар Япония, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Хитой, Россия каби 21 та давлатдаги 126 та заводда тайёрланмоқда. 

Бундай иш ҳажми бежиз эмас. Табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи (GTL) олиш жуда ноёб жараён бўлиб, юқори технологиялар ва мураккаб илмий ечимларни талаб этади. Ҳозирда дунёда бундай заводлар атиги бешта, ўзимизнинг Шўртандагиси олтинчиси бўлади. 

Мазкур улкан лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ доллари. Унинг амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Булар  311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизел ёнилғиси, 431 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газдир.  

Заводнинг асосий аҳамияти мана шунда. Яъни, табиий газ шунчаки хомашё сифатида эмас, қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади.  

Масалан, 1000 куб метр табиий газ экспорт нархи ҳозирги кунда 155 доллар атрофида бўлса, бўлғуси заводда шунча газни қайта ишлаш орқали 300 долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Фойда икки баробар ортади.   

Йилига ҳисоблаганда, табиий газдан кўра тайёр GTL маҳсулотларидан кўриладиган қўшимча даромад 576 миллион доллардан ошади.   

Яна бир муҳим жиҳати – завод маҳсулотлари ҳозирда четдан импорт қиланаётган хомашёлар ўрнини қоплайди. Бунинг эвазига йилига нефть сотиб олишга кетадиган 1 миллиард доллардан ортиқ валюта маблағлари иқтисод қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев мажмуа қурилишини кўздан кечирди. Пудратчи ва инвесторлар билан суҳбатлашди.  

– Биз ҳар томонлама мулоҳаза қилиб, синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган, 1 миллиард доллар импорт ўрнини тўлдирадиган тарихий лойиҳа қилдик. Бу Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор қилиш учун катта салоҳиятга эга. Шу пайтгача тармоқда бундай номенклатура йўқ эди.  Бу ерда ёқилғи ишлаб чиқариб, бензин таннархини туширсак, одамларимиз шуни сезади, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлатимиз раҳбари мутахассислар, техника ва ресурслардан максимал фойдаланиб, қурилиш-монтаж жараёнларини оқилона мувофиқлаштириб, заводни ишга туширишни тезлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни бир кун бўлсаям эртароқ йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Заводни фойдаланишга топшириш муддатини қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.  

Ушбу завод Шўртан газ-кимё мажмуасининг ёнида жойлашгани умумлашган инфратузилма объектларидан фойдаланишда қулайлик яратади. Бу ерда яна бир лойиҳа – Шўртан газ-кимё мажмуасининг қувватини 125 минг тоннадан 505 минг тоннагача ошириш лойиҳаси режалаштирилган.

Унда GTL  заводидан чиқадиган нафтани қайта ишлаб, янги турдаги полиэтилен ва полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.  
Бу ишлар натижасида ҳудуд технологик кластерга айланиб, келгусида кимё, автомобилсозлик, туризм, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга асос бўлади.

 

  • Кўрилди
    1377
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+