O‘zLiDeP фракцияси тўққиз ойлик ҳисоботни маъқуллади

06.11.2017, 18:02

O‘zLiDeP фракцияси тўққиз ойлик ҳисоботни маъқуллади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга, саноат ҳажми – 4,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги хажми – 3,5 фоизга, хизматлар ҳажми – 6,4 фоизга, қурилиш хажми – 5,3 фоизга ўсди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида, микрофирма ва кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми 105,6 фоизга ўсди. Бу эса ўз навбатида улар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдорининг ошишига замин яратди.

Фракция аъзолари масаланинг ушбу жиҳатларига тўхталиб, мамлакатда тадбиркорлик субъектларининг кўпайиши давлат бюджетининг мустаҳкамланишига хизмат қилиши асносида аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилаётганини таъкидлашди.

Таъкидлаш керак, мамлакатимиз иқтисодиётининг модернизациялашуви ҳамда сифат жиҳатидан янгиланишини амалга ошириш учун хорижий инвестиция ва илғор технологиялар жалб қилинишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиямиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири. Шундан келиб чиқиб фракциямиз аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Давлат бюджетининг марказлашган инвестициялар маблағлари ҳисобидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратишди. Таъкидландики, бу мақсадларга жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида 2 450,0 млрд. сўм маблағлар ажратилган.

Ҳисоботда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокамаси ҳам фракция аъзоларининг эътиборидан четда қолмади. Таъкидланганидек,  мамлакатимиз бу борада улкан патенциалга эга. Бугунги кунда ушбу соҳада 3,6 миллиондан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 17,2 , йиллик ўсиш эса 6 – 7 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга республикамизда хом-ашёни қайта ишлаш, уни тайёр экспортбоп маҳсулот ҳолига келтириш бўйича давлатимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, истеъмол товарлари соҳасида 63 та лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Улар ҳисобига ҳар йили 140,7 минг тонна мева-сабзавот ва 10,2 минг тонна гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш режалаштирилмоқда.

Тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига 32 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилиниб,
3 та янги ва модернизация қилинган замонавий енгил саноат корхоналари ишга туширилди ва уларда 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қорамол, қўй, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳалари доирасида эса 285 400 та иш ўринлари яратилгани депутатларни бефарқ қолдирмади. Бу эса мамлакатимизда тадбиркор ва фермерлар эркинлигини таъминлаш учун нафақат иқтисодий, балки, ташкилий, ҳуқуқий шароит ва кафолатлар кўлами кенгайиб, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилишдаги мавжуд тўсиқлар бартараф этилаётганидан далолатдир.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган йиғилиш якунида O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    1558
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+