Афв этиш институтининг моҳияти қандай, унинг амнистиядан фарқли жиҳатлари нима?

09.12.2017, 14:16

Афв этиш институтининг моҳияти қандай, унинг амнистиядан фарқли жиҳатлари нима?

Инсон ҳаётда билиб-билмай хатога йўл қўйиши мумкин. Лекин мутафаккирлар айтганидек, "хатолар, агар уларни тан олиб, пушаймон бўлишга бўйин ёр берса, ҳамиша кечиримлидир". 

Шунинг учун ҳам адашиб ҳуқуқбузарлик йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш ўзини инсонпарвар давлат, деб биладиган ҳар қандай мамлакат олдидаги муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир. 

Шу маънода 2017 йил 29 сентябрда давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиш қабул қилинганидан жамоатчилигимиз кенг хабардор. 

Мазкур фармойишда суд амалиётида жазонинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиб бўлиши, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи ва айбини енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиш етарлича тўлиқ таъминланмаётгани қайд этилган эди. Амалга оширилган ишлар натижасида 274 жиноят иши бўйича айблов қайта малакаланган, жиноят ишларининг 50 таси қонунчиликдаги ўзгариш, 805 таси жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги, 26 таси қилмишда жиноят таркиби мавжуд эмаслиги муносабати билан тугатилган. 

Шулар инобатга олиниб, маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш бўйича махсус комиссия, ишчи гуруҳлар тузилди. 

Ушбу фармойишга мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди. 

Ўрганиш жараёнида маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг қопланганлиги ва бошқа оқибатларнинг бартараф қилинганлиги, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи маълумотларга, унинг ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволи, жазонинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиблигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам атрофлича ўрганилди. 

Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Конституциямизнинг 25 йиллигини нишонлаш арафасида фармон қабул қилинди. 

Мазкур фармоннинг қабул қилиниши Асосий қонунимиз муқаддимасида қайд этилганидек, Ўзбекистон инсонпарвар давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигининг амалий исботи бўлиб, юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олинишининг ёрқин намоёни бўлди. 

Халқимиз кўп йиллар мобайнида амнистия актини кўп эшитиб , афв этиш қўлланганлигининг деярли гувоҳи бўлмаган. Шу маънода маҳкумларни афв этишга қаратилган мазкур фармон Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинди. 

Афв этиш институтининг бевосита моҳияти ва амнистиядан фарқли жиҳатларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, афв этиш ҳукм қилинган шахсга нисбатан инсонпарварлик ифодаси бўлиб, уни жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилади ёки суд томонидан белгиланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштиради. Афв этиш аниқ ҳукм қилинганга нисбатан индивидуал тарзда амалга оширилади ҳамда уни оқлайдиган ва жиноят содир қилинганлиги фактини бартараф қиладиган ҳолат ҳисобланмайди. 

Амнистия акти жиноят содир қилган маълум тоифадаги шахсларга жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларини қўлламаслик орқали уларга тузалиш имкониятини бериш ёки бу чоралар қўлланганда уларнинг аҳволини яхшилаш мақсадида кўрсатиладиган инсонпарварлик ифодаси ҳисобланади. Содда қилиб айтадиган бўлсак, амнистия актида аниқ бир шахснинг фамилия, исми шарифи кўрсатилмай, маълум тоифадаги шахслар (масалан, ёшлар, 60 ёшдан ошганлар, аёллар), одатда ижтимоий хавфли қилмишни биринчи марта содир қилаётганлар, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлар жазодан озод қилиниши ёки унинг муайян қисми камайтирилиши кабилар белгиланади. Яъни аввал жиноятлар тоифасини белгилаб беради, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар аниқланади. 

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, “амнистия жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам бўлган деб айтсак, тўғри бўлади. Прокуратура, ички ишлар ва суд идораларида ҳам бундай номаъқул ишларга йўл қўйилган. Бу эса амнистияга тушган кимсаларда жазони ҳис этмаслик, бизга ҳамма нарса мумкин, деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келган. Энг ёмони, амнистияни қўллашда жабрланган тараф ва жамоатчилик фикри инобатга олинмаган, бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун, афсуски, амнистия бўйича озод қилинган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда”. 

Амнистиядан фарқли ўлароқ, авф этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади. Яъни шахс ўз айбини тан олиб, унга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Бундай ҳолатларда амнистияга тушган айрим кимсалардек жазони ҳис этмасликка ўрин қолмайди. Бу эса мутафаккирларимизнинг ҳақиқий инсонпарварлик, энг аввало, адолатдир, деган фикрининг яққол исботидир. 

Давлатчилигимиз тарихида ҳам авф этишга оид ҳужжатлар қабул қилинганлигини кузатишимиз мумкин. Бунга мисол сифатида буюк саркарда Амир Темурнинг “олтмишдан ошган отадан ош сўрама” ёки “биринчи марта гуноҳ қилган шахснинг гуноҳидан ўтинглар, иккинчи марта гуноҳ қилган шахснинг ҳам гуноҳидан ўтинглар, учинчи марта гуноҳ қилган шахсни гуноҳига яраша жазоланглар”, деган ўгитларини келтириш мумкин. 

Авф этишнинг моҳиятида инсонпарварлик, кечиримлилик, бағрикенглик каби тушунчалар ётади. Яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, баъзи бир одамлар жазо деганда жиноят содир этган шахсни қийноққа солиш, хўрлашни тушунадилар. Ваҳоланки, жазодан мақсад кимнидир қийноққа солиш, хўрлаш эмас, балки Жиноят кодексининг 42-моддасига асосан жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. 

Оғир жазо, айниқса, фуқароларни жамиятдан ажратиш билан боғлиқ бўлган жазоларнинг жиноятчиликнинг олдини олишдаги аҳамиятини ошириб кўрсатиш ўринсиз эканлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш самарадорлиги жазонинг оғирлиги ва шафқатсизлигига эмас, балки биринчи навбатда, қонунни бузган шахснинг жазонинг муқаррарлигини нечоғли англашига боғлиқ. 

Шунинг учун ҳам Президентимиз “келинг, ўзимизга бир савол берайлик: аслида, одамни суд қилишдан мақсад нима? Уни тарбиялаш, тўғри йўлга солиш эмасми? Жиноятчиликнинг олдини олиш эмасми? Лекин инсонни фақат жазолаш билан, фақат репрессив усуллар билан тарбиялаб бўлмайди. Буни ҳаётнинг ўзи кўп бор исботлаган. Инсонни тарбиялаш учун бутун жамият ҳаракат қилиши, авваламбор, жиноий ҳолатларни туғдирадиган сабаб ва омилларни ҳаётимиздан бартараф этишимиз керак. Барчамиз биргаликда шу ишга ҳисса қўшишимиз керак”, деган чуқур маъноли сўзларни айтдилар. 

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, афв этиш давлат раҳбарининг қандайдир мажбурияти, бурчи эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ушбу ҳуқуқидан фойдаланиб, адашган шахсларга яна бир бор тўғри йўлга қайтишга имкон берди. 

Яна бир гап. Қабул қилинган фармон асосида жуда кўплаб одамлар озодликка чиқади. Бу эса минглаб оила хурсандчилиги дегани. Ахир оила тўлиқ бўлишидан, озодлик шукуҳидан ортиқ бахт борми, дунёда?! 
Албатта, жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг жам бўлиши, айниқса, оила боқувчиси, тарбиячиси бўлган ота-онанинг уйга қайтиши жуда чуқур маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, мазкур фармон айни вақтда оиланинг давлат муҳофазасида бўлишига ҳам хизмат қилади. 

Президентимизнинг фармони Конституция куни арафасида қабул қилинганида ҳам ўзига хос маъно мавжуд. Конституция тимсолида, афв этилган шахс ҳаётида ва фаолиятида қонунга нисбатан ҳурмат, эҳтиром, қонунга итоаткорлик руҳини шакллантириш мужассам. Ишонамиз, кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади. 

Миравзал Миракулов,
юридик фанлари доктори, доцент.
 
ЎзА
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 
  • Кўрилди
    2473
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+