Ўзбекистон – Ҳиндистон: кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида

19.01.2019, 21:29

Ўзбекистон – Ҳиндистон: кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан 17-18 январь кунлари ушбу мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб, «Жўшқин Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбари 18 январь куни Гандинагар шаҳрида “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро саммити доирасида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди. 

Бош вазир Президентимизни Ҳиндистонга яна бир бор ташрифи билан самимий қутлар экан, нуфузли Ўзбекистон делегациясининг саммит ишидаги иштироки учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди. 

Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга ташрифи олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва шериклик муносабатларининг яна бир ёрқин далилидир. 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йили октябрь ойида Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг амалий ижроси билан боғлиқ масалалар, шунингдек, икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. 

Ташрифдан сўнг ўтган қисқа вақт давомида барча йўналишдаги ўзаро алоқалар фаоллашгани қайд этилди. 

Ўтган ҳафта Самарқанд шаҳрида «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви бўлиб ўтди. 

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Тошкентда қўшма Тадбиркорликни ривожлантириш маркази ўз фаолиятини бошлади. Мамлакатимизда Ҳиндистон саноат конфедерацияси ваколатхонаси очилиши кўзда тутилмоқда. 

Саммит арафасида Гужаратда Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. 

Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан Тошкент шаҳрида илғор ахборот технологиялари технопарки, Андижон вилоятида фармацевтика зонаси ташкил этилмоқда. 

Ҳиндистон Эксимбанки билан Ўзбекистонда ижтимоий муҳим лойиҳаларни молиялаштириш учун қиймати 200 миллион долларга тенг кредит линияси ажратиш бўйича келишувга эришилди. 

Янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртлари – Амити ва Шарда университетлари ўз ишини бошлайди. 

Давлат раҳбарлари ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа йўналишлардаги устувор лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурларининг амалий ижросини жадаллаштириш зарурлигини қайд этди. 

Маданий-гуманитар алмашувни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашилди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни фаол ривожлантириш йўлида қатъий эканликларини таъкидладилар. 

Учрашув сўнггида Ҳиндистонга уран етказиб бериш бўйича имзоланган узоқ муддатли келишувни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтди. 

Гандинагар шаҳридаги “Маҳатма Мандир” кўргазмалар мажмуасида «Жўшқин Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммити бўлиб ўтди. 

Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Австралия, Канада, Франция, Япония, Норвегия, Нидерландия, Польша, Корея Республикаси, Дания, Чехия, Мальта, Таиланд, БАА каби мамлакатлардан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва трансмиллий корпорациялар бошлиқлари, экспертлар иштирок этди. 

Йирик иқтисодий анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Гужарат штати қадимдан савдо ва тадбиркорликда етакчи ҳудуд бўлиб келгани, мазкур саммит ана шу анъаналарни давом эттириб, замонавий Ҳиндистоннинг бизнес руҳини намоён қилаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари Ҳиндистон билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. 

– Эрамиздан аввалги III-II асрларда ҳинд заминини Марказий Осиё билан Буюк Ҳиндистон йўли боғлагани яхши маълум. Бугун ҳам Марказий ва Жанубий Осиё бозорлари ўртасидаги ишончли савдо ва транспорт коммуникацияларини яратиш ҳар қачонгидан долзарбдир. Биз Трансафғон темир йўли лойиҳасини муҳокама қиляпмиз. Истиқболда бу йўл Жанубий Осиёга, жумладан, Чохбаҳор порти орқали Ҳиндистонга чиқиш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлатимиз раҳбари ахборот технологиялари, дастурий таъминот, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергия ҳамда ушбу соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этди. Бу бўйича дастлабки ҳаракатлар бошланган. 

Сармоядорларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун энг қулай шароитлар яратилиши алоҳида таъкидланди. 

Ўзбекистон, аввало, кимё саноати ва энергетика, фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал, туризм соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор. 

– Гужаратнинг улкан иқтисодий салоҳияти ва Андижон вилояти билан шериклик алоқаларидан келиб чиқиб, шоҳ Бобур туғилган ва улуғ Акбаршоҳ аждодларининг ватани бўлмиш Андижонда Ўзбекистон – Ҳиндистон минтақалари бизнес-форумини шу йили ўтказишни таклиф қиламиз, – деди Президентимиз. 

Давлатимиз раҳбари 2020 йилда Ҳиндистонда “Ўзбекистон маданияти йили”ни ҳамда Ўзбекистонда “Ҳиндистон маданияти йили”ни ўтказиш, жорий йилда юртимизда Ўзбекистон – Ҳиндистон Ёшлар фестивалини ташкил қилиш таклифини илгари сурди. 

Президентимиз сўзининг якунида юртимизнинг саноат, инвестиция ва сайёҳлик салоҳияти, бой тарихи ва маданияти ҳақида танишиш имконини берувчи саммит доирасида ташкил этилган Ўзбекистон кўргазмасига барчани таклиф қилди. 

“Жўшқин Гужарат – 2019"” саммитида сўзга чиққанлар ҳамкор мамлакатлар ўртасида ўзаро тажриба ва технология алмашиш, янги шериклар ва инвестициялар жалб этиш йўлларини топиш бўйича ўз нуқтаи назарларини баён этди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Республикасига амалий ташрифи якунига етди. 

  • Кўрилди
    1005
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+