Ўзбекистонда йил бошидан буён ялпи ички маҳсулот 5,3 фоизга ўсди

23.04.2019, 14:26

Ўзбекистонда йил бошидан буён ялпи ички маҳсулот 5,3 фоизга ўсди

2019 йилнинг январь – мартида Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми жорий нархларда 91 097,7 млрд. сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг январь – марти билан таққослаганда 5,3%га ўсди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" Давлат статистика қўмитаси биринчи чорак бўйича тақдим этган ҳисоботи таяниб хабар қилди.

Унга кўра, ЯИМ дефлятори индекси 2018 йилнинг январь – мартидаги нархларга нисбатан 120,4 фоизни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 2 734,4 минг сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,4%га юқори.

Иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқдир. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат (ЯҚҚ) ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 88,7%ини ташкил этди ва 5,2%га ўсди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 4,5 фоиз пунктни ташкил этди). Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 11,3%ни ташкил этди ва 5,8% даражасида ўсиш қайд этилди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 0,8 ф.п.).

ЯИМ ўсиш суръатига хизматлар соҳаси энг катта таъсир кўрсатди (2,0 ф.п.) ва бу соҳа ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,0%га ўсди. Шундан, савдо хизматлари (автотранспорт воситаларини таъмирлашни қўшган ҳолда) 4,2%га, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар 3,7%га, ташиш ва сақлаш 4,6%га, ахборот ва алоқа 2,7%га ва бошқа хизматлар 5,7%га ўсди.

Саноат тармоғининг қўшилган қийматида 6,8%лик ўсиш қайд этилди. Саноат ишлаб чиқаришининг ЯИМ мутлақ ўсиш суръатига ижобий таъсири 1,8 ф.п. даражасида баҳоланди. Саноат тармоғидаги ижобий динамика тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш тармоғи қўшилган қийматининг 4,8%га, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат тармоғи қўшилган қийматининг 7,6%га ва бошқа саноат тармоқларининг 5,5%га ўсиши ҳисобига таъминланди.

2019 йилнинг январь – марти якунлари бўйича, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноати қўшилган қиймати таркибида энг катта улуш металлургия ва металлни қайта ишлаш саноатига (машина ва ускуналардан ташқари) тўғри келди ва 36,7%ни ташкил этди. Тўқимачилик маҳсулотлари, кийим, тери ва унга тегишли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг улуши 14,6%, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш - 13,6%, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш - 8,7%, резина, пластмасса буюмлар ва бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш - 8,4%, автотранспорт воситалари, трейлерлар, ярим притсеплар ҳамда бошқа транспорт ускуналари ишлаб чиқариш - 6,3%, электр ускуналар ишлаб чиқариш - 2,8% ва ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатининг бошқа маҳсулотларини ишлаб чиқариш - 8,9%ни ташкил қилди.

Қурилиш ишлари ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,9%га ўсди. ЯИМнинг мутлақ ўсишида қурилиш тармоғининг ижобий ҳиссаси 0,3 ф.п. даражасида баҳоланди. 2019 йилнинг январь – марти якунларига кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 2,5% даражасида ижобий ўсиш қайд этилди. Мазкур тармоқнинг ЯИМ мутлақ ўсиш суръатига таъсири 0,4 ф.п.ни ташкил этди.

2019 йилнинг январь – мартида ЯИМ дефлятори индекси 2018 йилнинг мос давридаги нархларга нисбатан 120,4%ни ташкил этди. ЯИМ дефлятори индексининг энг юқори кўрсаткичлари саноат тармоғида (138,2%) ва бошқа хизматларда (129,5%) қайд этилди.

Республиканинг ўртача даражасидан паст бўлган дефлятор индекслари қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида (114,8%), қурилишда (113,9%), савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда (112,3%), ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқада (111,2%) ва маҳсулотларга соф солиқларда (92,7%) қайд этилди.

Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда ЯИМ тармоқлари бўйича таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 16,6%дан 14,9%га, қурилишнинг улуши 6,6%дан 6,1%га камайди, саноатнинг улуши эса 30,3%дан 33,9%га ўсди.

Хизматлар соҳасининг ЯИМ таркибидаги улуши 45,1%ни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 1,4 ф.п.га камайди.

  • Кўрилди
    1165
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+