Ўзбекистон Президенти Хитой Раиси билан учрашди (+ФОТО)

25.04.2019, 10:16

Ўзбекистон Президенти Хитой Раиси билан учрашди (+ФОТО)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи 25 апрель куни эрталаб Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашувдан бошланди.

Хитой раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумида иштирок этиш учун ХХРга ташрифи билан қутлади. Хитой Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини юксак қадрлаши ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қатъий интилишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари халқаро форумда иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдириб, ушбу тадбир ҳам икки томонлама, ҳам минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ХХР Раиси ва бутун Хитой халқини яқинлашиб келаётган муҳим сана – Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 70 йиллиги билан муборакбод этди.

- Ҳурматли Президент, Сиз биринчи форумда ҳам иштирок этганингизни мамнуният билан эслайман. Шу маънода, Сизни “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми асосчиларидан бири сифатида қабул қиламиз, - деди Си Цзиньпин. - Ўзбекистоннинг форумга эътибори ва иштироки мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожидан далолат беради. Икки томонлама кўплаб келишувларга эришилган ва улар изчил амалга оширилмоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон - Хитой муносабатларининг истиқболи порлоқ.

Ўзбекистон ва Хитой – ҳар томонлама стратегик шериклар. Ўзбекистон ХХРнинг ташқи сиёсий курси ва ягона Хитой масалалари бўйича қатъий позициясини, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши олиб бораётган курашини қўллаб-қуввайтлайди. Хитой мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатини олқишлайди. Давлатлар халқаро ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Бугун сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, фан, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Хитой – Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири. Ўзаро товар айирбошлаш изчил ўсмоқда. Ўтган йил якунларига кўра унинг ҳажми 6,4 миллиард доллардан, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 50 фоизга ошган.

Мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. 2017 йил май ойида ХХРга амалга оширилган олий даражадаги давлат ташрифи натижасида умумий қиймати 4,5 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда товар айирбошлашни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинди, ўзаро савдо ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказишдан манфаатдорлик билдирилди. Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция, инновация ва технологиялар жалб этиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига, турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, минтақанинг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва унинг кенг кўламда амалга оширилишига амалий ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

Хитой Раиси Ўзбекистоннинг бу борадаги иштироки ва ташаббуслари Хитой билан Ўзбекистон ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

 

  • Кўрилди
    1385
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Kenjaboy2019-04-25 13:05:16

Президентимизнинг умри узок булсин! Худо хохласа 2021 йилда олдимизга куйилган хамма марраларга эришамиз!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+