Олий даражадаги музокаралар бошланди

13.12.2017, 17:30

Олий даражадаги музокаралар бошланди

Қирғизистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтмоқда. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада музокара бошладилар.

Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев Сооронбой Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, бугунги музокаралар икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, кўплаб масалаларда ҳамфикрлиги, ҳамкорликка муштарак интилиши туфайли Ўзбекистон билан Қирғизистон муносабатлари мустаҳкамланиб, ўзаро алоқалар фаоллашмоқда.

- Қирғизистон Президенти сифатида илк хорижий ташрифларингиздан бирини Ўзбекистон заминидан бошлаганингизни юқори баҳолаймиз, - деди Президенти Шавкат Мирзиёев. – Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга садоқатингиз ифодаси деб қабул қиламиз.

Сооронбой Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди.

- Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз, - деди Қирғизистон Президенти.

Президентлар ушбу ташриф савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациялари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги ишларни якунига етказиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидладилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшнилик ва ишончни мустаҳкамлаш борасида ўз азму қарори таъкидладилар.

Мулоқотда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Президентлар халқаро майдонда икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш борасида улкан салоҳият мавжудлиги, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга интилиши муштараклигини қайд этдилар.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида аввало қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интеграция жараёнлари ва шериклик алоқалар фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан алоқалар ҳам янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасидаги борди-келдилар кенгаймоқда.

Музокарада Президент Сооронбой Жээнбеков Қирғизистон Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор қайд этди.

Манба

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1390
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+