Кечиримлилик, бағрикенглик – юксак инсонпарварликди

04.06.2019, 18:58

Кечиримлилик, бағрикенглик – юксак инсонпарварликди
Президент фармонига мувофиқ, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро афв этилди.
 
Ҳаёт йўллари турфалиги, унда гоҳ қувонч, гоҳ ғам алмашиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Айни вақтда ҳеч бир инсон мен доим ҳаёт йўлларининг текис ва ёруғ йўлида юраман, деб айта олмайди. Чунки бу йўлларнинг оқ ва қора чизиқларини ҳамма бирдек босиб ўтиши азалий қонуният.
 
Аммо бир ҳақиқат борки, сабрли, имон-эътиқодли, ақлга таяниб иш кўрадиган одамлар ҳаётнинг қора чизиғини ўз матонати ила ёруғ юз билан босиб ўта олади. Бироқ, шундай одамлар ҳам борки, иродасизлик қилиб эгри йўлларга кириб кетади.
 
Лекин ҳамма ҳам одам. Кимнидир қилган ёмон иши учун бир умрга чоҳга итариб бўлмайди. Уни кечириш, тўғри йўл топишига имкон бериш, зарур бўлса, қўллаб-қувватлаш асл инсоний қадриятлардан ҳисобланади.
 
Айниқса, жиноят қилиб жазосини олган шахсларга имкон бериш давлат сиёсатида мавжуд бўлса, унинг чинакам бағрикенглиги ва инсонпарварлигини кўрсатади. Ўзбекистон бу жиҳатдан бошқа давлатларга нисбатан анча илғор. Чунки халқимиз ҳаётидаги муҳим саналар муносабати билан Президент томонидан афв эълон қилиниши анъанавийлик касб этган.
 
– Муборак Рамазон ҳайити арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг афв этишга оид яна бир фармони эълон қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова. – Бу юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият сифатида тан олинишининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Афв этиш ҳукм қилинган шахсга нисбатан инсонпарварлик ифодаси бўлиб, уни жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилади ёки суд томонидан белгиланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштиради.
 
Авф этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади. Яъни шахс ўз айбини тан олиб, бунга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Бундай ҳолатларда амнистияга тушган айрим кимсалардек жазони ҳис этмасликка ўрин қолмайди.
 
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 3 июнь куни “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолагани халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олди.
 
Чунки Рамазон ҳайити юртдошларимиз учун улуғ байрамлардан бири бўлиши билан бирга, меҳр-мурувват кўрсатиш онлари ҳамдир.
 
Халқимиз ҳайит кунларини байрам қилиш билан бирга, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, мушкул аҳволга тушиб қолганларга мадад бўлиш, эҳсон қилиш билан бир-бирининг кўнглини обод этиш, шафқат кўрсатишни одат қилган. Шундай муборак кунларда адашган кишиларнинг афв этилиши ана шу эзгу ва хайрли амалларга тўлиқ ҳамоҳангдир.
 
Қайд этиб ўтиш керакки, фармонга мувофиқ, муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 575 нафар фуқаро афв этилди.
 
Афв этилган шахсларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилади. Шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилади.
 
Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини чет эл фуқароси ташкил этади.
 
Афв – жамиятимизнинг инсонпарварлик ва адолат тамойилларига уйғун ва ҳамоҳангдир. Чунки жиноят содир этган шахс нафақат ўзининг, балки жигарбанди бўлган фарзандлари, ота-онасию қавму қариндошларининг ҳам келажаги ва тақдирига таъсир ўтказмасдан қолмайди. Озодлиқдан маҳрум бўлиш билан улар шириндан-ширин фарзандларини ўз меҳридан айириб, мўйсафид ота ва муштипар онасини фарзанд доғига мубтало қилади.
 
Шу сабабли, қилмишидан чинакам пушаймон бўлган шахсларни кечириш – қалби вайрон бўлиб яқин инсонини кутаётган бутун бир оилани янгидан ҳаётга қайтариш билан баробар. Бу эса юксак олижаноблик тимсолидир.
 
Мазкур инсонпарварлик акти давлатимизнинг ҳар қандай ҳолатда фуқаролар учун ғамхўрлигининг ёрқин мисолидир. Зеро, жиноятга қўл урган, боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш муқаддас динимизнинг ҳам асосий ғояларидан бири саналади.
 
Зеро, жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки “Жаҳолатга қарши маърифат“ ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    1398
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+