Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
19.06.2019, 11:37
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 21 июнь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимиз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишга, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилган.
Янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги, “Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ва Кармана тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.
Сенаторлар томонидан Сирдарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.
Сенат аъзолари Истиқболли туризм йўналишида Ўзбекистон халқаро имижини ошириш чоралари тўғрисида, Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати тўғрисида ҳукуматга парламент сўровлари юбориш масаласини муҳокама қиладилар, шунингдек илгари юборилган парламент сўровлари натижаларини кўриб чиқадилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг йигирманчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун ишчи гуруҳ тузилди.
Шунингдек, мажлисда Кенгаш ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Ўхшаш янгиликлар
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқи
20.12.2023, 15:38
-
Ўзбекистон Президенти иқлим соҳасидаги глобал кун тартиби доирасида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди
04.12.2023, 10:20
-
Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти саммитида муҳим ташаббусларни илгари сурди
06.11.2023, 10:27
-
Ўзбекистон – Франция: қатъий ишонч ва азалий дўстликка асосланган муносабатлар стратегик шериклик даражасида давом этади
03.11.2023, 15:38
-
“Яшил ипак йўли”ни барпо этиш йўлидаги муҳим ташаббуслар ва самарали мулоқотлар
20.10.2023, 10:02
Фикрингизни қолдиринг