1 августдан ойлик иш ҳақи неча фоизга ошади?

18.07.2019, 15:48

1 августдан ойлик иш ҳақи неча фоизга ошади?

Хўш, баробар ва фоизларда намоён бўлаётган рақамлар иш ҳақига тўловларни, пенсиядаги маблағларни қўлимизга қабул қилганда қанчалик тош босади?

Ўтган вақт давомида қайси соҳага қўл урилмасин, қандай ташаббуслар илгари сурилмасин, уларнинг моҳиятига эътибор қаратилса, Президент ҳар куни, ҳар дақиқа, ҳар жабҳада халқ ҳақида қайғураётганини англаш қийин эмас. Дунёда кечаётган зиддиятлар, экспорт орқали даромад топишдаги оғир шароитлар даврида халқ учун эзгуликка йўғрилган ҳаракату лойиҳаларни ҳаётга фаоллик билан татбиқ этиш, албатта, давлат раҳбаридан жуда катта жасорат ва журъатни талаб этади.

Ўзбекистонда бўлаётган бугун ва келажакка даҳлдор янгиланишларни кўрмаслик, сезмаслик мумкин эмас. Албатта, буларнинг барчаси танлаган йўлимиз оғир ва машаққатли бўлса-да, тўғри эканидан далолатдир. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12 июлида халқ ҳаётини фаровон қилиш, оддий одамлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзларини бу ҳаётда муносиб ҳис қилишлари учун олиб борилаётган хайрли ишларнинг мантиқий давоми сифатида яна бир муҳим ҳужжат — «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

Фармон ҳар йили қабул қилинадиган айни мазмундаги ҳужжатлардан фарқ қилади. Боиси бу гал унинг моҳиятида нафақат ойликларни кўтариш масаласи, балки ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш маслаги ҳам ўз аксини топган.

Минимал иш ҳақи энди 223 000 сўм!

Ҳужжатда кўрсатиб ўтилганидек, шу йилнинг 1 августидан бошлаб иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баробар, яъни 10 фоизга оширилиши, ногиронлик пенсиялари 50 фоиздан 75 фоизгача кўтарилиши, уларнинг айримларига эса 25 фоиз миқдорида қўшимча тўлов жорий қилиниши, албатта, тарихий қадамдир. Хўш, баробар ва фоизларда намоён бўлаётган рақамлар иш ҳақига тўловларни, пенсиядаги маблағларни қўлимизга қабул қилганда қанчалик тош босади?

Қайд этиш ўринли, фармонда назарда тутилган ўзгаришлар камида 2,5 миллиондан ортиқ бюджет ташкилотида ишловчи ходимларнинг иш ҳақи, 84 мингга яқин талабанинг стипендияси, 267 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахснинг нафақаси ҳамда 3,3 миллондан ортиқ пенсионернинг пенсия миқдори оширилишига бевосита таъсир қилади.

1 августдан Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи 223 000 сўм миқдорида белгиланмоқда. Таъкидлаш жоизки, минимал иш ҳақи миқдорининг ошиши, ўз навбатида, ўртача ойлик иш ҳақининг кўпайишига ҳам олиб келади. Дейлик, шу санадан эътиборан, ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2,4 млн. сўм, шифокорларда 2,1 млн. сўм, маданият ва спорт соҳаси ходимларида 2 млн. сўмни ташкил этади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга қандай қулайликлар яратилади?

Ҳужжат билан пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг моддий таъминоти ҳам яхшиланади. Эндиликда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори ойига 436 150 сўмни ташкил этади. Фармонда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, минимал миқдорларда нафақа олувчиларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, болаликдан ногиронлиги бўлган 300 мингга яқин шахсларга бериладиган нафақанинг энг кам миқдори ҳам эндиликда 436 150 сўм этиб белгиланди.

Шу билан бирга, II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсияси энг кам миқдорини белгилашга нисбатан ёндашувлар ҳам тубдан қайта кўриб чиқилди. Хусусан, янги тартибга кўра, бундай тоифадаги шахслар пенсиясининг энг кам миқдори — ҳозирги ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилди. Ушбу ўзгартириш қарийб 50 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахснинг пенсия миқдорини ўртача 145 фоизга оширишни таъминлайди. Ўз навбатида, II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига устама миқдори ҳам ҳозирги энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига кўтарилди. Яъни ҳар ойлик пенсияси миқдорига яна қўшимча равишда 55 750 сўм қўшилади.

Кимлар учун қўшимча тўлов жорий қилинади?

Маълумки, шу вақтга қадар пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган нафақа олувчиларнинг нафақа миқдорларига қўшимчалар умуман белгиланмаган. Эндиликда илк бор I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинмоқда. Бу энг камида 23 мингдан зиёд шахснинг нафақасига 55 750 сўм қўшимча ҳақ қўшилади деганидир.

Боқувчисини йўқотганлик нафақалари оила аъзоларининг сонига нисбатан амалдаги фоиз ҳисобида ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади. Масалан, ҳозирги кунда икки нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси учун ҳар ойда 182,5 минг сўм нафақа олаётган оила, жорий йил августдан бошлаб ҳар ойда 327,1 минг сўм ёки қўшимча 144,6 минг сўм (79,2 фоиз) кўпроқ нафақа олишади.

Иш ҳақи миқдорининг ошиши муносабати билан Президентнинг 2019 йил 21 майдаги тегишли фармонига ҳам ўзгартириш киритилиб, жорий йил 1 сентябрдан «энг кам ойлик иш ҳақи» ўрнига киритилаётган «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори» 577 170 сўмдан 634 880 сўмга оширилди.

Фармонда кўрсатилган ўзгаришлар билан боғлиқ барча харажатлар Давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиб, жорий йилнинг ўзида айни мақсадларга 3,5 трлн. сўмга яқин маблағ йўналтирилади.

Сирасини айтганда, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон барча давлатлар иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётган ҳозирги мураккаб ва оғир шароитда Ўзбекистоннинг халқ ҳаёти билан боғлиқ бундай қадамларни ташлаши ишонч ва шижоатдан далолатдир. Экспертлар фикрича, бугунги вазиятда дунёда камдан-кам мамлакатларгина мазкур йўналишда қатъий чораларни кўра оляпти. Президент томонидан қабул қилинган юқоридаги фармон айни жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир.

Манба: mahalladosh.uz

  • Кўрилди
    1404
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+