​Ховос ҳавас масканига айланмоқда​

19.07.2019, 14:01

​Ховос ҳавас масканига айланмоқда​

Президент Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 18 июль куни Сирдарё вилояти Ховос туманига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари дастлаб Ховос тумани марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Бугунги кунда Ховос шаҳарчасида 27 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда охирги эллик йил давомида биронта кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар эски, тор, зах уйларда яшаб келган. Инфратузилма иншоотлари ҳам оғир аҳволга келиб қолган, сизот сувларнинг юқорилиги аҳоли яшаш шароити янада ёмонлашишига олиб келган.

Президентимиз жорий йил 19 февралда вилоятга ташрифи чоғида туман марказини қайта қуриш, инфратузилмани яхшилаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган эди. Унинг ижроси доирасида 2019 йил 7 майда Вазирлар Маҳкамасининг Ховос тумани марказини ривожлантиришга оид қарори қабул қилинди.

Айни пайтда махсус ажратилган ҳудудда комплекс қурилиш ишлари амалга оширилиб, 30 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Жами квартиралар сони 760 тани ташкил этади. Уларнинг 600 таси арзон, 160 таси тижорат квартираларидир.

10 та тижорат уйининг 1-қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари бўлади. Шунингдек, 150 та бир қаватли уйлар бунёд этилмоқда. Уйларни жорий йил кузда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Замонавий инфратузилмага эга янги турар жойлар аҳолининг ижтимоий шароитини яхшилаб, ҳаёт сифатини оширади.

Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, мактаб, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат шохобчаларида ҳам қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Президент қурилишда ишлатилаётган материалларнинг нархи ва сифати билан қизиқди. Маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, уларнинг нархини янада камайтириш чораларини кўриш кераклигини таъкидлади. Урбанизация нуқтаи назаридан туман келажагини бугундан ўйлаш, зарур жойларга коммуникация тармоқлари тортиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва бўшаган ерлардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.

Энди янги иш ўрни яратишга эътибор қаратишимиз керак. Токи янги уйга кўчиб ўтадиган юртдошларимиз доимий даромад манбаига эга бўлсин, деди давлатимиз раҳбари.

Шу ерда Президентимизга Сирдарё вилояти, хусусан, Ховос туманида ичимлик суви таъминоти ва оқова тизимини ривожлантириш, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Мирзаобод туманида бунёд этилаётган паррандачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва полиз экинлари мажмуаси, “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида Ховос шаҳрида жамоат тартибини сақлаш бўйича ҳамкорликда ташкил этиладиган хизматлар, жорий йилда туманда тузиладиган кичик бизнес субъектлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, кейинги йилларда 1 минг 164 километр сув қувури ётқизилгани, 57 та сув тарқатиш станцияси ва бошқа иншоотлар қурилгани қайд этилди. Шу ва галдаги ишлар натижасида 2020 йил бошида вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиши 88 фоиздан ошади. Мирзаобод туманида бунёд этилаётган паррандачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва полиз экинлари мажмуасида минглаб янги иш ўрни яратилади.

Жойларда жиноятчиликни камайтириш, олдини олишда ички ишлар ва прокуратура органлари ҳамкорликда ишлаб, олдингидек туман ёки вилоят кесимида эмас, балки маҳалла кесимида вазиятни таҳлил қилиши кераклиги, Ховос туманида йирик ишлаб чиқариш мажмуаларининг йўқлиги инобатга олиниб, кичик тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш, мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари туман марказидаги аҳолининг турмуш шароити билан танишди.

Шавкат Мирзиёев Ховос туманидаги «Саховат» фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғўза ривожини кўздан кечирди.

«Бек кластер» корхонасига қарашли мазкур хўжаликда жорий мавсумда ғалладан 455 тонна ҳосил олиниб, 314 миллион сўмдан зиёд соф фойда кўрилган. Бўшаган майдонга экспортбоп дуккакли экинлар экилган. Ҳозир 50 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда.

Фермерлар "Сардоба" сув омбори қурилгани, зараркунандаларга қарши курашиш учун Сирдарё вилоятига 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилгани натижасида энг долзарб масалалар ҳал этилиб, юқори ҳосил етиштирилаётганини таъкидлади.

Далага чиқишдан мақсад нима ўзи? Даромад топиш! Даромадни эса қўшимча ҳосил таъминлайди. Шунинг учун теримгача ҳар бир тупга камида бештадан кўсак, гектарига беш центнердан пахта қўшишга ҳаракат қилиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда вилоят туманлари ва секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар билан учрашув бўлди. Унда қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Жорий йил февраль ойидаги ташриф давомида ишлаб чиқилган, умумий қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган 2 йиллик ҳудудий инвестиция дастурини бажариш доирасида биринчи ярим йилликда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар кўп капитал қўйилмалар ўзлаштирилган.

Янгиер шаҳрида қиймати 600 миллион доллар бўлган, йилига 400 минг тонна аммиак ва 660 минг тонна карбамид ишлаб чиқарадиган кимё заводи мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи мажмуа бўлиши қайд этилди.

Сирдарё иссиқлик электр станцияси энергоблокларини модернизация қилиш, 2020-2023 йилларда мазкур станция ёнида ҳар бири 1 минг 300 мега-ватт қувватга эга бўлган 2 та янги иссиқлик электр станициясини қуриш, "Фарҳод" гидро электр станциясини модернизация қилиш ва "Сардоба" сув омборида кичик ГЭС қуришнинг аҳамияти таъкидланди.

Ушбу электр станцияларидаги ишлар якунланганидан кейин вилоятдаги мавжуд қувватлар 2 минг 774 мега-ваттга, электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23,5 миллиард киловатт соатга ошади. Энг муҳими, йилига 2,5 миллиард куб метр табиий газ, қарийб 500 миллион доллар маблағ тежалади.

Сирдарё вилоятида бу йилги пахта ҳосили учун 73 минг гектар майдонга чигит қадалган. Баҳор серёғин келгани оқибатида айрим майдонлар бузилиб, қайта уруғ экилган.

Вилоят ва соҳа мутасаддиларига қолоқ майдонларнинг ҳар бир контурида назоратни йўлга қўйиб, биостимуляторлар билан ишлов бериш, барча агротехник тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Пахтанинг харид нархи ўтган йилгига нисбатан қарийб 1,3 баробарга кўпайтирилгани фермерларнинг манфаатдорлигини оширгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари йирик саноат корхоналари бўлмаган вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотни ўстириш, аҳолини иш билан таъминлашнинг асосий манбаи кичик бизнес бўлиши кераклигини таъкидлади.

Вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича янги тизим ишга тушган. Унга асосан, Гулистон шаҳрида 4, Сирдарё туманида 2 ички ишлар бўлими очилиб, улар таркибида, шунингдек, қолган туманлар ички ишлар бўлимларида хотин-қизлар бўйича инспекторлар лавозими жорий этилган. Натижада вилоятда жиноятчилик сони ўтган йилларга нисбатан 38 фоизга камайди.

Икки йил аввал Сирдарё вилояти тиббиёт йўналишида қолоқ ҳудудлардан эди. Президент топшириғи билан бир йил ичида вилоят кардиология, наркология диспансерлари, Гулистон, Мирзаобод туманларида, Ширин шаҳрида шифохоналар фойдаланишга топширилди. Умуман, 33 тиббиёт объекти учун 47 миллиард сўм маблағ ажратилди. 2019 йилнинг ўзида вилоят эндокринология ва тери-таносил касалликлари диспансерлари, Гулистон шаҳар туғруқ мажмуи қуриб битказилди. Сирдарё, Ховос туманлари юқумли касалликлар шифохонаси, Боёвут туман шифохонаси ва кўп тармоқли поликлиникаси, Гулистон шаҳар кўп тармоқли поликлиникаси фойдаланишга топширилди.

Вилоятдаги тиббиёт муассасалари 2018 йилда 1 миллион долларлик тиббий жиҳозлар билан таъминланган бўлса, 2019 йилда шу мақсад учун 4 миллион доллар маблағ ажратилди.

Дастлаб Боёвут тумани ва Гулистон шаҳрида намуна тариқасида ташкил этилган тиббий хизмат кўрсатиш тизимидан эндиликда вилоят миқёсида фойдаланилмоқда. Барча тиббиёт муассасалари интернет тармоғига уланиб, электрон поликлиника, электрон навбат тизими йўлга қўйилмоқда. Вилоятда тиббий суғурта бўйича ҳам илғор тажриба ўзлаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятда жиноятчиликнинг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини таъминлаш, таълим тизимини такомиллаштириш, кичик бизнесни ривожлантириш, бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш каби масалалар бўйича зарур топшириқлар берди.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга сафарлари ҳамиша улкан янгиланишларни бошлаб беради. Улар натижасида халқ фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётни ривожлантириш, маданий-маърифий ҳаётни бойитиш, шаҳару қишлоқлар қиёфасини ўзгартиришга хизмат қиладиган йирик лойиҳалар амалга оширилади. Ҳавас масканига айланиб бораётган Ховос тумани шу фикрнинг яна бир ёрқин далили бўлади.

  • Кўрилди
    295
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+