Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

19.07.2019, 14:26

Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Автомобиль саноатини жадал ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини оширишни таъминлаш, илғор халқаро тажриба асосида замонавий бозор механизмлари ва бошқарув усулларини жорий қилиш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош ишлаб чиқаришни яратиш мақсадида:

1. 2019 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгилансин:

енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 350 минг донагача ошириш;

енгил автомобилларни маҳаллийлаштириш даражасини ўрта ҳисобда 60 фоизгача ­етказиш;

юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқариш ҳажмини 10 минг донагача ­ошириш;

автомобилларнинг йиллик экспорт ҳажмини 100 минг донагача етказиш;

корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини, шунингдек, “ЕRP” автомат­лаштирилган ҳисобга олиш тизимини жорий этиш;

аҳолининг кенг қатламлари учун ҳамёнбоп бўлган енгил автомобилнинг янги замонавий модели ишлаб чиқарилишини назарда тутган ҳолда автомобилларнинг моделлар қаторини янгилаш;

“Ўзавтосаноат” АЖ таркибига кирувчи камида иккита акциядорлик жамияти ­акцияларини маҳаллий ва халқаро фонд ­бозорларида бирламчи оммавий жой­лаштириш (IPO) орқали инвесторларни жалб этиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ­ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ етакчи хорижий компаниялар ва халқаро ­экспертларни жалб этган ҳолда бир ой муддатда қуйидагилар бўйича аниқ таклифларни тайёрлаш учун масъул бўлган “Ўзавтосаноат” АЖ ҳузурида доимий фаолият юритувчи лойиҳа офисини ташкил этиш чораларини кўрсин:

Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини 2023 йилгача янада жадал ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

илғор халқаро тажриба асосида замонавий бозор механизмлари ва бошқарув усулларини жорий этиш;

автомобиль саноатининг инвестициявий жозибадорлигини, шу жумладан, мотор транспорт воситалари ва уларнинг бутловчи ­буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи барча корхоналар учун солиқ ва ­божхона режимларини унификациялаш йўли билан ошириш;

эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни ўзлаштириш даражасини ошириш ва импорт ҳажмларини пасайтириш имконини берадиган қўшимча ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;

эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар ­ишлаб чиқаришнинг устувор сегментларида илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш, миллий муҳандислик марказларини ташкил этиш;

автомобиль саноатида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнларини такомиллаштириш.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2020 йил 1 январга қадар “Ўзавтосаноат” АЖ ва унинг улуши мавжуд бўлган ташкилотлар томонидан товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат хариди бўйича техник топшириқлар оригинал ишлаб чиқарувчи (ОЕМ) ёки автомобиллар лицензиари томонидан тасдиқланган (белгилаб қўйилган) ёки тавсия этилган маҳсулот етказиб берувчиларга нисбатан ёки бундай талаб автомобиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича асосий, лицензион ва инвестициявий битимлар, шунингдек, саноат намуналарини ишлаб чиқиш ва лойиҳалаш бўйича битимлар, автомобиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда техник кўмаклашиш бўйича битимлар билан ўрнатилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда ­экспертизадан ўтказилмайди;

б) 2019 йил 1 октябрдан кейин тузиладиган шартномалар бўйича “UzAutoMotors” АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларга акциз солиғи бекор қилинади;

в) 2019 йил 1 октябрдан бошлаб юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим автотранспорт воситалари ишлаб ­чиқарувчилари томонидан тўланади;

г) “Ўзавтосаноат” АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналарнинг асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган, 1-иловада кўрсатилган активлари қуйидагича сотилиши мумкин:

қўшилган қиймат солиғини (кўчмас мулк учун) ва ҳақиқий қийматини (хўжалик жамиятларидаги улушлар ва акциялар пакети учун) ҳисобга олган ҳолда уларнинг қийматини баҳоламасдан “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига бошланғич ­баҳоси бўйича аукционга қўйиш орқали;

савдога қўйилган вақтдан буён икки ой ичида талабгорлар мавжуд бўлмаган тақдирда, бошланғич баҳосини қадам-бақадам тушириб бориш орқали.

4. “Автосаноат инвест” МЧЖ ва “Ўзавтосаноат” АЖнинг “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Автосаноат инвест” МЧЖнинг тегишли равишда устав капиталини камайтириш ҳисобига “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖнинг устав капиталидаги “Автосаноат инвест” МЧЖ улушини баланс қийматида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига топшириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги бир ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.

5. “Ўзавтосаноат” АЖ 2-иловага мувофиқ рўйхат бўйича дилерлик ташкилотларининг устав жамғармалари (капиталлари)даги улушлар сотилишини тезлаштирсин.

6. Қуйидагилар:

2019 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ;

импорт қилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини 120 кунга узайтириш имконияти бериладиган автотранспорт воситалари, тиркамали ва осма техникалар, уларнинг бутловчи буюмлари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган товарлар, материаллар ва технологик жиҳозлар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ:

а) икки ой муддатда:

тижорат банклари билан биргаликда мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган автомобилларни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий банклар ва экспорт-кредит агентликларининг имтиёзли кредит линиялари жалб этилишини;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш қисмида етакчи хорижий компаниялар билан музокаралар якунланишини таъминласин;

б) 2019 йил 1 декабрга қадар:

5-иловага мувофиқ, “Ўзавтосаноат” АЖнинг 2019 — 2022 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича “General Motors” компанияси билан музокаралар ниҳоясига етказилиши ва битимлар тузилишини;

5-иловада назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий банклар, экспорт-кредит агентликлари, шунингдек, инвестиция компаниялари ва жамғармаларнинг маблағлари ҳисобига энг қулай шартларда камида 700 миллион АҚШ долларини жалб этишни;

автомобиль саноатидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, жумладан, 6-иловага мувофиқ автомобиль саноати корхоналарининг устав капиталларидаги “Ўзавтосаноат” АЖнинг улушлари (акциялари)ни сотиш орқали инвесторлар жалб этишни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖнинг юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини расмий дилерлик ташкилоти (кейинги ўринда — расмий дилер)га харидорлар томонидан илгари фойдаланилган ўзларига тегишли автотранспорт воситаларини топшириш ҳамда улар қийматидаги фарқни тўлаш орқали маҳаллий автомобилларнинг янгисини харид қилиш имконини берувчи “TRADE-IN” дастурини 2019 йил 1 октябрдан татбиқ этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

“TRADE-IN” дастури доирасида қуйидагилар белгилансин:

а) расмий дилер томонидан жисмоний шахсларнинг илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш учун қўшилган қиймат солиғи суммасини ўз ичига олган сотилаётган объектнинг сотиш нархи билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ солиққа тортиш базаси бўлиб ҳисобланади;

б) расмий дилерлар томонидан амалга ошириладиган қуйидаги олди-сотди шартномаларига нисбатан мажбурий нотариал расмийлаштирув татбиқ этилмайди:

белгиланган шаклдаги ҳисоб-маълумотномаларни харидорга бериш тартибини жорий этиш орқали илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларига;

маҳаллий ишлаб чиқарувчи заводларнинг расмий дилерларидан сотиб олинган янги автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларига;

в) расмий дилерлик ташкилоти томонидан илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун уларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказиш вақтида йиғим тўланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий заводларнинг расмий дилерларини “TRADE-IN” дастури доирасида сотиб олинган илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотиш учун тегишли даражада ҳимояланган ҳисоб-маълумотномалар бланклари билан белгиланган тартибда таъминласин.

9. “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт
ва саноат вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда:

2019 йилнинг 1 ноябрига қадар эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларнинг хавфсизлик ва сифат кўрсаткичларини таъминлайдиган намунавий тажриба дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2019 йилнинг 1 декабрига қадар Пискент автомобиль полигони негизида автомобилларни ва уларнинг эҳтиёт қисмларини синовдан ўтказиш базасини ташкил этиш ҳамда уни зарур техника ва ускуналар билан жиҳозлаш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2020 йил 1 январга қадар автотранспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни тўла-тўкис синовдан ўтказишни таъминлаш учун маҳаллий лабораторияларни зарур техника ва ускуналар билан жиҳозлаш бўйича Комплекс дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2020 йил 1 мартга қадар “Автомобиллар учун ўртача корпоратив ёқилғи тежамкорлиги” стандартини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

10. Қуйидагилар:

Автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид чораларни ишлаб чиқиш ва амалда ижро этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 7-иловага мувофиқ;

мазкур қарорни амалга ошириш бўйича батафсил амалий тадбирлар режаси 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳи (Ходжаев):

ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни;

ушбу қарор ижроси тўғрисидаги маълумотларнинг ҳар 15 кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3818-сон қарорига 9-иловага мувофиқ қўшимча киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж. А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2019 йил 18 июль

  • Кўрилди
    1447
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

arofatxon ismatova2021-10-28 17:12:32

menga juda yoqdi


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+