Депутатлар Давлат дастури бажарилиши юзасидан Ҳукумат ҳисоботини эшитди

02.08.2019, 09:38

Депутатлар Давлат дастури бажарилиши юзасидан Ҳукумат ҳисоботини эшитди

Бугун давлат аҳамиятига молик масалалар бевосита халқимиз билан муҳокама қилиниб, ҳар бир масалада юртдошларимизнинг фикрини ўрганиш кундалик ҳаётимиз, фаолиятимиз мезонига айланиб улгурди. Давлат сиёсати даражасига айланаётган ушбу жараённинг муҳим аҳамияти шундаки, халқимиз ўз вакиллари, яъни депутатлар орқали мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини бевосита кузатиб, назорат қилиб бормоқда. Мамлакат ҳаётидаги ҳар қандай масалага дахлдорлик ҳисси билан яшамоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қарор топган янги механизм — парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш баробарида Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Олий Мажлис палаталари олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши амалиёти тобора такомиллашиб бормоқда. Жамиятимиз ҳаётига оид янгиликлардан халқни хабардор қилиш, пировардида Ҳукумат фаолиятига халқнинг ўзи сайлаб қўйган депутатлари воситасида баҳо бериш амалиёти ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда реал воқеликка айланмоқда.

2019 йил 1 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида шундай муҳим тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи ярмида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи парламентда эшитилди.

Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов тақдим этди.

Депутатлар таъкидлаганидек, ҳисоботда барча муҳим масалалар кенг қамровда акс эттирилган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасига ҳамда унинг таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга юборилган парламент ҳамда депутатлик сўровларига берилган жавоблар ҳам чуқур таҳлил қилинган. Галдаги ҳисоботнинг аввалгиларидан ажралиб турган яна бир жиҳати шундаки, бажарилган ишлар баробарида Ҳукумат келгуси ярим йилликда адо этилиши белгиланган режаларини аниқ объектлар, рақамлар орқали маълум қилган. Ҳисоботда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари, макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг изчил ривожлантиришни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар батафсил баён қилинган. Айниқса, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестицион муҳитни яратиш, республика ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини кўтариш борасидаги ишлар чуқур таҳлил этилган.

Унга кўра, 2019 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсган. Хусусан, саноат тармоқлари 6,9 фоиз, жами хизматлар – 12,7 фоиз, чакана савдо айланмаси – 6,4 фоиз ҳамда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 2,1 фоизга ортиши иқтисодий ўсишнинг асосий омили сифатида хизмат қилди. Мамлакатда яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,6 бараварга, қурилиш ишлари ҳажми эса 20,0 фоизга ўсди.

Давлат бюджетининг 2019 йил январь-июнь ойларида даромадлари 50,7 трлн. сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 марта кўп), харажатлари эса, 55,3 трлн. сўмни ташкил этди. Давлат бюджети харажатлари таркибида энг юқори улуш (54,4 фоиз) ижтимоий харажатларга тўғри келди. Маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлиги сезиларли даражада оширилди.

Депутатлар бугунги иқтисодий тараққиётнинг муҳим бўғинларидан ҳисобланган туризм соҳасини ривожлантириш йўналишидаги ишларга эътибор қаратар экан, ўтган даврда 47 та мамлакат фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий қилиниб, визасиз режим татбиқ этиладиган мамлакатлар сони 65 тага етгани, яна 77 та давлат фуқаролари электрон кириш визасини олиш имконига эга бўлганига юқори баҳо бердилар. Ҳисобот даврида 247 та янги туроператор ташкил этилиб, 1,7 минг хона сиғимига эга 107 та меҳмонхона ишга туширилгани, сайёҳлар оқими 31 фоизга ошиб, 3 млн. кишини ташкил этгани эътироф қилинди.

“Обод қишлоқ” дастур доирасида жами 1 166 млрд. сўмлик иш ҳажмлари бажарилди. Мазкур маблағлар ҳисобидан,47,6 минг та якка тартибдаги уй-жой, 232 та кўп хонадонли уй-жой таъмирланиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 637 км ичимлик сув тармоқлари яхшиланди. 2 128 км электр, 215 км газ тармоқлари янгидан қурилди, реконструкция қилиниб, капитал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 53 та ижтимоий соҳа, 78 та бозор инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилди.

Тадбиркорликка оид ижтимоий дастурлар доирасида 5,1 трлн. сўм, имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу имтиёзли кредитларнинг 4,5 трлн. сўми “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 249 мингдан ортиқ оилаларга ажратилгани, мазкур маблағлар минглаб оилаларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни тapғиб килиш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, компьютер технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, хотин-қизларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлашга қаратилган 5 та ташаббуси ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Умумтаълим мактабларида ташкил этиладиган спорт тўгараклари сони 38 554 тага етказилди. Ёшларнинг замонавий ахборот технологиялари соҳасида билим ва кўникмасини ошириш мақсадида республиканинг 9 та вилояти ва Тошкент шаҳрида жами 12 та рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. Мактабларнинг кутубхона фонди 16,3 млн. тадан 18,6 млн. та китобга бойитилди. 2019 йил охирига қадар республика бўйича 75 та тикув-трикотаж корхонаси ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, 22,5 минг нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Умуман, Ҳукуматнинг тақдим этилган ҳисоботи, унда келтирилган ҳар бир рақам ва далил депутатлар томонидан чуқур таҳлил қилинди. Давлат дастурида белгиланган муҳим ижтимоий-иқтисодий, социал вазифалар, чора-тадбирларнинг ижроси ҳолати қизғин муҳокамалар марказида бўлди. Парламент вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилаётган, бевосита Давлат дастурига дахлдор бир қатор масалаларга Ҳукумат аъзоларининг эътиборини қаратди.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини баён қилди. Жумладан, халқ вакиллари Давлат дастуридаги жами 139 та банддан 23 таси (16,5 фоизи)нинг ижроси тўлиқ таъминланмаганини асосли танқид қилдилар. Хусусан, қонун ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, иқтисодий фаолиятдаги давлат иштирокининг аниқ чегараларини белгилаш, 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бугунги кунга қадар қабул қилинмаган. Давлат дастурида назарда тутилган қатор қонун лойиҳалари устида олиб борилаётган ишларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, уларни ўз вақтида ва пухта ишлаб чиқиш, манфаадор вазирлик ва идоралар билан келишиш, парламент қуйи палатасига кўриб чиқиш учун киритиш борасидаги ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаган. Натижада «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги, «Дипломатик хизмат тўғрисида»ги, Солиқ кодексининг янги таҳририни тасдиқлаш каби қонун лойиҳаларини белгиланган муддатларда тайёрлашда қатор муаммолар юзага келмоқда.

Дастурнинг 155-бандида белгиланган давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, хусусан, 16 та тумандаги тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш механизмларини жорий этиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти. Аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтиришга йўналтирилган Давлат дастури доирасидаги амалий чора-тадбирлар ҳам ҳанузгача якунига етказилмаган.

Ички автомобиль йўлларининг ҳозирги ҳолати, уларни таъмирлаш ҳамда сақлаш ишларининг талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди. Давлат дастурининг 178-бандига мувофиқ шаҳар кўчалари ҳамда бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Бугунги кунда Давлат дастурининг 256-бандида назарда тутилган ташқи транспорт, логистика тизимини ривожлантириш, логистика марказларини такомиллаштириш, юк оқимини бошқаришга замонавий усулларни ва техник воситаларни жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Шунингдек, айрим вазирликлар томонидан пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, 2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастурини ишлаб чиқиш, ҳудудларда «инвестиция хаб»ларини ташкил этиш борасидаги ишлар якунига етказилмаган.

Депутатлар ҳар бир банд, белгиланган вазифанинг таг-замирида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, одамларнинг давлатдан рози бўлиб яшашига эришишдек муҳим мақсадлар тургани, шу боис, уларнинг ижросини кечиктирмасдан, ўз вақтида адо этиш ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этдилар. Шу маънода, тақдим этилган ҳисобот материалларида Давлат дастурида ижро муддати «йил давомида» деб белгиланган «Моддий маданий мерос объектларининг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш» (188-банд) «Тарихий шахслар ва миллий образлар акс этган анимацион фильмлар яратиш» (192-банд) ва бошқа бир қатор бандлар ижроси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозимлигини қайд этдилар.

Ўз навбатида, Ҳукумат вакили бугунги кунда жамиятимизда долзарб бўлиб турган, ижтимоий тармоқларда жамоатчилигимиз томонидан қизғин муҳокама қилинаётган бир қатор муҳим масалалар, хусусан, транспорт воситаларининг орқа ва ён ойналари тусини ўзгартириш, кундуз куни автомобилларнинг чироғини ёқиб юришга доир муаммоларни ҳал этиш масаласи бир неча ой аввал депутатлар томонидан кўтарилганини мамнуният билан таъкидлаб, кўчмас мулк ва турар-жойларни бузиш билан боғлиқ муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Айниқса, кўчмас мулкларни бузиш борасида Президентнинг тегишли Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаблари жойларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан етарлича бажарилмаётганини таъкидлаган Ҳукумат вакили ушбу масалалар Вазирлар Маҳкамасида атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этилгани, айрим масалалар, жумладан, “тонировка” масаласи бугун-эрта тўлиқ ҳал этилиши юзасидан амалий чоралар ишлаб чиқилганини маълум қилди. Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов бу каби долзарб масалаларни ҳал қилишда Парламент аъзоларини яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатишга чақирди.

Тадбирда депутатлар томонидан жорий йилнинг III чорагида Давлат дастурининг ижроси устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш ҳамда миллий иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, ҳудудларимизни ижтимоий ривожлантириш натижасида аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш борасидаги тадбирларнинг самарали амалга оширилиши зарурлигига, бу борада парламент вакиллари билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Айни масалалар юзасидан депутатларнинг Ҳукуматга таклиф ва тавсиялари билдирилди.

Бир сўз билан айтганда, қизғин ва амалий, ўзаро танқид руҳда кечган савол-жавоблардан сўнг депутатлар Ҳукумат ҳисоботини маъқулладилар.

Тадбир якунида парламент қуйи палатасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурини бажариш бўйича ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ўз ичига олган қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    316
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+