Ўзбекистон-Беларусь: инновацион ривожланиш сари муҳим қадам
02.08.2019, 18:46
Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 31 июль куни расмий ташриф билан ушбу давлатда бўлди.
Айтиш керакки, Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги муносабатлар кейинги икки йилда дўстлик ва шериклик руҳида жадал ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама асосда мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Халқларимизнинг дўстлиги ва яқинлиги ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ва мамлакатларимизнинг турли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашига мустаҳкам асос вужудга келди.
Президентимизнинг ушбу мамлакатга ташрифи ана шу алоқаларнинг мантиқий давоми сифатида уни янги босқичга олиб чиқди десак асло муболаға бўлмайди. Бу ишлаб чиқариш ва илмий-техник кооперацияни, ҳудудлараро ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим, оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва полиграфия фаолияти, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳалардаги алмашинувлар ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган икки томонлама кўплаб келишувларда ҳам ўз аксини топди.
Айниқса давлатимиз раҳбари юқори технологиялар паркида банк-молия, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, экология ва бошқа соҳалар учун яратилган инновацион ечим ва ишланмалар билан танишиб, мазкур технопарк резидентлари имкониятларининг Ўзбекистонда тақдимотини ташкил этиш таклифини илгари сурганлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Бу ўзига хос чақириқ юртимиздаги тадбиркорлар учун юқори инновацион технологиялар бўйича тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Шу боис тадбиркорларимиздан янада фаоллик ва ташаббускорлик талаб этилади.
Ҳам тадбиркор ва ҳам ушбу қатлам манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фаоли сифатида олдимизда турган асосий вазифа Президентимизнинг ушбу ташаббуслари мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш ва бу борада уларни ҳеч иккиланмасдан беларуслик ҳамкасблари билан алоқаларни мустаҳкамлашга ундашдан иборатдир.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Беларусь мамлакатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ишончга асосланган ҳамкорлик замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларга асосланган ҳолда янги босқичга кўтарилишига ишончимиз комил.
Дилшод ШОУМАРОВ,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси
раиси ўринбосари
Ўхшаш янгиликлар
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқи
20.12.2023, 15:38
-
Ўзбекистон Президенти иқлим соҳасидаги глобал кун тартиби доирасида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди
04.12.2023, 10:20
-
Марказий Осиё иқтисодиёти – глобал аҳамиятга молик ўзаро боғлиқлик маркази
27.11.2023, 09:21
-
Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти саммитида муҳим ташаббусларни илгари сурди
06.11.2023, 10:27
-
Ўзбекистон – Франция: қатъий ишонч ва азалий дўстликка асосланган муносабатлар стратегик шериклик даражасида давом этади
03.11.2023, 15:38
Фикрингизни қолдиринг