Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

10.08.2019, 12:08

Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

Муҳтарам ватандошлар!

Халқимиз бутун мусулмон уммати билан биргаликда катта шоду хуррамлик ила кутиб олаётган Қурбон ҳайити билан сизларни, гўзал диёримиздаги барча мўминларни чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман.

Асрлар давомида эл-юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаб келаётган ушбу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин! 

Мана шундай шукуҳли ва саодатли айёмда ҳаммамиз аввало Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар айтишимиз табиийдир.

Сиз, азизларга яхши маълумки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, турли миллат ва элатлар ўртасида тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб бормоқда. 

Айниқса, халқимизнинг ислом маданияти ва цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини мамлакатимиз ва дунё жамоатчилигига етказиш, табаррук қадамжоларни обод қилиб, зиёратгоҳларга айлантириш, буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш борасида бошлаган хайрли ишларимиз илму маърифатнинг қадрига етадиган эл-юртимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. 

Фуқароларимиз учун яратилган янги имконият ва шароитлар туфайли ушбу мўътабар ва улуғ айём кунларида Маккаи мукаррамада муқаддас ҳаж амалларини адо этаётган 7 мингдан зиёд ватандошларимиз бугунги тинч-осойишта, эркин ҳаёт учун Парвардигори оламга ҳамду санолар айтиб, юртимизга равнақ, халқимизга хайр-барака сўраб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. 

Ҳожиларимизнинг барчасини самимий муборакбод этиб, уларнинг она диёримизга соғ-саломат қайтиб келишларини тилаймиз. Улар ўзларининг ибратли фазилатлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан ёш авлодимизни эл-юртга садоқатли ва фидойи, ҳидоят йўлидан борадиган ҳалол ва пок инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшадилар, деб ишонамиз.

Яратганнинг неъматлари зиёда бўлаётган ва шукроналик ҳислари қалбларимизни нурафшон қилаётган ушбу айёмда узоқ ва яқин ҳудудларда жойлашган барча мусулмон мамлакатларининг халқларини, хорижий дўст ва ҳамкорларимизни қутлаб, уларга тинчлик, бардавом тараққиёт ва фаровонлик ёр бўлишини тилаймиз.

Қадрли юртдошлар!

Қурбон ҳайитининг мамлакатимизда мустақиллик байрами арафасида кенг нишонланиши халқимизнинг руҳи ва кайфиятини янада кўтармоқда.

Айни шу кунларда эл-юртимизга хос бўлган меҳр-мурувват, шафқат ва саховат туйғулари яққол намоён бўлиб, барчамизни эҳтиёжманд, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни обод қилиш каби савобли ишларга даъват этмоқда. 

Бундай хайрли амаллар мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида рўёбга чиқарилаётган, инсонни азиз ва мукаррам деб билишга, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Биз уларнинг замирида ислом динининг инсонпарварлик моҳияти ва қудратини кўрамиз, буюк маънавий мерос ворислари эканимиздан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ҳурматли ватандошлар!

Барчангизни Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.

“Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, деган олижаноб эътиқод билан яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин!

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан хотиржамлик, аҳиллик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!

Эзгу интилиш ва ишларимизда Яратганнинг ўзи ҳамиша мададкор бўлсин! 

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

  • Кўрилди
    2103
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Абдуллаев Голибжон Азизович2019-08-11 12:14:03

Юртбошимизнинг Республикамиз равнақи , ривожи , гуллаб - яшнаши йўлидаги сайъ- ҳаракатлари таҳсинга лойиқдир . Ҳар жабҳада Республикамизнинг юксалиши учун амалга оширилаётган устивор бешта стратегия кенг қўлланиляпти . ,,Гуруч курмаксиз Бўлмайди " -, дегандек жамиятимиз ривожи учун ошкора ёки пинхона тўсқинлик қилаётган баъзи бир кимсаларни қачон таг - тугидан юлиб олиниб , супурилиб ташланади ? Республикамиз ёшларига бераётган эътиборингизга , уларнинг ЭНГ юқори илм олиши учун қарши бўлаётган кимсалар яна ўзлигини кўрсатишяпти ! Тиббиёт , биология , фармацевтика соҳаси бўйича ўтказилган имтиҳонларда химия фанидан ДТМ Раҳбариятининг абитуриентлар устидан кулиб , атайлаб ўзбек тилида Имтиҳон топшираётган БОЛАЛАР учун рус тилида , рус тилида Имтиҳон топшираётганлар учун ўзбек тилидан аралаш қилиб саволлар берилган . Буни ташкил қилган кимё домла - ўқитувчилари ўзлари ҳам еча олмайдиган масалаларни нимага беришади . Еттинчи , саккизинчи даражадаги жуда қийин масалаларни ечиш учун калькуля торлар нимага берилмади ? Мисол учун , ўзимнинг қизим ҳам биологиядан ўттизта саволнинг йигирма саккизтасига тўғри жавоб бериб , химиядан йигирматасига тўғри жавоб берган эди , қолганини вақти етмаган - сабаби яна ўша калькуляторлар бўлмаганлиги !!! Эртасига жавобни кўрсак - сунъий равишда химиядан баҳоларнинг пасайтирилганига амин бўлдик ! Ўртоқ Президент , Ҳурматли Шавкат Миро онович ! Сизнинг Республикамиз Равнақи ва Ривожланиши йўлида олиб бораётган кенг қамровли ҳаракатларингизга атайин ҳалақит қилаётган бунақа манқуртлар қачон йўқ қилиб ташланади ? Қачонгача бунақа бедодлик давом этади ? Қачонгача ҳақиқий билими бор , ростакамига Олий таълим оламан деган ёшларни имтиҳонларидан атайлаб ,, йиқитилади " ? Қачон ДТМ да , Олий Таълим Вазирлигида Ҳақиқат қарор топади ? Бундай ,, инсонлар " , агар инсон деб аташ деб мумкин бўлса , ҲАҚ ТАОЛЛОҲ нинг ҳамма нарсани кўриб турганини наҳотки билишмаса , ёки бу кимсалар ОЛЛОҲ ҲАҚ ТАОЛЛОҲНИНГ ғазабидан қўрқишмайдими ?!?


Ислам Каримов2019-08-11 04:05:19

Аввалам бор хамма йору дус бродарларимиизга, Курбон хайитти байрами муборак булсин. Енада хамжихатлигимиз баркарор булсин Узбекистонимиз енада гулаб ешнавурсин...


Шоҳида2019-08-10 18:28:39

Раҳмат катта! Барча эзгу тилакларингиз ўзингизга ҳам йўналсин. Юртимиз ва халқимиз бахтига соғ-омон бўлинг! Олингу олдирманг! Мустақиллигимиз абадий бўлсин! Ўзбекистон гуллаб-яшнасин!


Нодира Шарифовна Файзиева2019-08-10 15:06:56

Рахмат хурматли Шавкат Миромонович. Большое спасибо за заботу о народе, о будущем подрастающим поколении. Я более 30лет работаю в школе, хотелось чтобы побольше возложить ответственность родителям за воспитание детей, даже если ребенок у себя во дворе с кем нибудь подрался отвечает учитель, бумажную волокиту выполняет учитель. И хотелось бы чтобы было принято решение или проект по отношению родителей которые за пределами республики, а дети у родственников или вообще у нянек или знакомых. Хорошо было бы чтобы для учителей выделялись квартиры на льготных условиях, дома в Сергелях хорошие, но оплатить за 1этаж 75млн. Я не смогла, пришлось менять на 6 этаж где оплата 33млн. А для меня высоко, а квартира очень нужна.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+