Депутатлар “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунни қабул қилдилар

28.10.2019, 16:54

Депутатлар “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунни қабул қилдилар

Парламент қуйи палатасининг 2019 йил 22 октябрда ўтказилган мажлисида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси депутатлар томонидан катта қизиқиш билан кўриб чиқилди.

Айтиш жоизки, биринчи ўқишдаги муҳокамадан кейиноқ мазкур қонун лойиҳаси масъул қўмита аъзолари, депутатлар, мутахассис ва экспертлар иштирокида жойларда кенг муҳокамадан ўтказилди. Халқ билан учрашувларда мактабгача таълим муассасалари ходимлари, ота-оналар, нуроний кексалар томонидан, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимизда “Тарбия гўдакликдан бошланади”, деган ҳикматли сўзига амал қилиб, таълим-тарбия соҳасидаги ўзгаришларни унинг энг қуйи босқичи – мактабгача таълим тизимидан бошлангани, янгидан-янги замонавий боғчалар қурилаётгани мамнуният билан эътироф этилиб, миннатдорлик билдирилди. Мазкур соҳада илгари мавжуд бўлмаган қонун қабул қилинаётгани мамнуният билан тилга олинди. Шу боис, нафақат жамоатчилик, балки, депутатлар ҳам мазкур қонунни сўзсиз қабул қилиш лозим деган қатъий тўхтамга келдилар.  

Дарҳақиқат, мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ўлароқ, ҳар томонлама соғлом, баркамол шахсни тарбиялаш ҳамда фарзандларимизни мактабга тайёр ҳолда етказиб бераётгани ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мактабгача таълим ва тарбияни тубдан ислоҳ этиш мақсадида соҳани янада такомиллаштириш, самарали бошқарув тизимини ташкил этиш борасида бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилди. Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, шу орқали мактабгача  таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича амалий ишлар қилинди.   

Эътиборли жиҳати, кўрилган чоралар натижасида, юртимизда давлат-хусусий шериклиги, аутсорсинг каби замонавий механизмлар биринчи бўлиб айнан мактабгача таълим тизимига кенг кўламда, самарали ва сифатли жорий қилинди. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари билан бир қаторда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳам шиддат билан ривожланиб, улар сони муттасил кўпайиб бормоқда.

— Жойларда аҳоли, сайловчилар билан учрашувларимиз чоғида, айниқса, мазкур қонун лойиҳасининг жамоатчилик ўртасида муҳокамасини ўтказган пайтларимизда одамлар бугун боғчаларнинг кўпаяётганидан мамнун эканликларини қайта-қайта айтмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Раҳмонов. — Сабаби, боғчалар сони ортиб, қамрови кенгаймоқда. Боғчада тарбияланган бола билан у ерда бўлмаган боланинг тарбиясида, дунёқарашида жуда катта фарқни сезасиз. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати сабаб бугун таълимда узлуксизликни таъминлаш мақсадида айнан шу тизимга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Биз депутатлар буни чуқур англаган ҳолда, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонун қабул қилиш нечоғли муҳим эканини яхши биламиз.

Хўш, бу қонун лойиҳаси халқимизга нима беради? Аввало, у болаларимизни ҳар томонлама етук, интеллектуал салоҳиятли этиб тарбиялаш, маънавий-эстетик, жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, мамлакатимизда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтириш орқали мактабгача таълим билан болалар қамрови кўламини босқичма-босқич оширишга, уларга солиқ имтиёзлари ва преференциялар, бюджет субсидияларни ажратиш ҳамда мактабгача таълим-тарбиянинг муқобил шаклларини жорий этишга кўмаклашади.

Ана шулардан келиб чиқиб, мажлисда “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун депутатлар томонидан катта кўтаринкилик билан қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборишга қарор қилинди.

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    1758
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+