Давлат божи бўйича янги қонун: нима зарурат бор эди?

16.01.2020, 12:19

Давлат божи бўйича янги қонун: нима зарурат бор эди?

“Давлат божи тўғрисида”ги қонун 2020 йил 6 январда имзоланди ва эълон қилинган 7 январь кунидан кучга кирди. Қонун қабул қилингунига қадар давлат божига оид нормалар турли хил қонун ҳужжатларида тарқоқ ҳолда тартибга солиб келинаётган эди. Жумладан, Солиқ кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат божи ставкалари ҳақида”ги, “Хорижий валютадаги давлат божлари, йиғимлар ҳамда солиқ бўлмаган бошқа тўловлар ставкалари тўғрисида”ги қарорлари каби 40 га яқин ҳужжатларда белгиланган эди.

Бу эса фақат давлат божи тўловчини эмас, балки ижро этувчи идора ва мансабдор шахсларни ҳам чалғитаётган, пировардида эса бу борада ҳуқуқбузарликлар, давлат божини ноўрин қўллаш, нотўғри ҳисоблаш, ортиқча ёки кам ундириш каби ҳолатларни келтириб чиқараётган эди.

Асосий  жиҳатлар

Аввало, ягона ва яхлит ҳужжат сифатида қонун давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатларни аниқ қилиб, қонун даражасида тартибга солади.

Иккинчидан, мазкур қонун давлат божларини ундиришни тартибга солувчи 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бирлаштиргани билан ҳам аҳамиятли. Демак, давлат божини ундириш энди фақатгина ушбу ҳужжатга асосланади.

Учинчидан, таъкид­ланаётган қонуннинг қабул қилиниши билан юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ёки бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган давлат божи билан боғлиқ нормалар Солиқ кодексидан чиқарилди.

Тўртинчидан, хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада ундирилиши белгиланган. Хорижий валютада белгиланган давлат божлари ставкалари қайта кўриб чиқилиб, сўм эквивалентида ундириш тартиби айнан янги қонунда ўз аксини топди. Умуман олганда, давлат божи ставкалари ўзгаришсиз қолди ва уларнинг миқдори шу қонун иловасигагина мувофиқ белгиланади.

Давлат божи аниқ миқдорларининг қонун даражасида белгиланиши мамлакатда бизнес муҳитини яхшилаш, инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Энг асосийси эса, давлат божи ставкалари миқдорининг асоссиз оширилишининг олди олинади.

Судлардаги  ўзгаришлар

Қонунда фуқаролик ишлари бўйича судларда ва иқтисодий судларда чет давлат суди (арбитражи)нинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан ҳакамлик судлариники билан бир миқдорда, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварида давлат божи ундирилиши белгилаб қў­йилди. Бу эса ўз-ўзидан аҳоли ва тадбиркорларга яратилган яна бир имконият ва қулайлик демакдир.

Суд қарорлари, ҳукмлар, ажримлар, бошқа суд ҳужжатларининг дуб­ликатлари ва кўчирма нусхаларини, шунинг­дек, тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра, бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини берганлик учун ҳужжатнинг ҳар бир бети учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 2 фоизи миқдорида давлат божи тўланади.

Мазкур қонун қабул қилингунга қадар бу борада судларда ҳар хил давлат божи ставкалари белгиланган эди. Масалан, иқтисодий судларда БҲМнинг 10 фоизи, фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий судларда 0,5 фоиз давлат божи ундирилиб келинаётганди. Энди барча судлар учун давлат божининг бу тури БҲМнинг 2 фоизи қилиб белгиланди. 

Яна бир эътиборли жиҳат, ушбу қонуннинг 7-моддасида давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати белгилаб қўйилди. Жумладан, янги ташкил этилган давлат ташкилотлари судларга мурожаат қилишда давлат божи тўлашдан озод этилмоқда.

2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолади, деб белгиланган.

Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ўз манфаатида судларга давлат божи тўловисиз мурожаат қилиш ҳуқуқи истисно этилди. Савдо-саноат палатаси фақат палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан мурожаат қилса, имтиёз берилади.

“Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши давлат божлари соҳасида ҳуқуқни қўллаш билан боғлиқ судлар амалиётида келиб чиқаётган айрим ноаниқликлар, ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириб, соҳада низоларнинг олдини олиш, давлат божи тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялаш кафолатларини таъминлайди.

Отабек ИСМОИЛОВ,

Олий суд бошқарма бошлиғи

  • Кўрилди
    1946
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+