Депутатлар минглаб юртдошимизга фуқаролик беришни назарда тутадиган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар

18.02.2020, 19:07

Депутатлар минглаб юртдошимизга фуқаролик беришни назарда тутадиган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил 18 февралда ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилган масалалардан бири «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қайд этилганидек, фуқаролик — ҳар бир шахсга барча фуқаролар қатори тенг шароит ва имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи муҳим ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ ҳисобланади. Ватанимиз ҳудудида туғилиб, яшаб, ишлаб, бироқ муайян сабабларга кўра, ана шундай муҳим ҳуқуқ — Ўзбекистон фуқаролигини ололмай юрган юртдошларимиз ҳам оз эмас.

Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёев кейинги уч йил ичида ана шундай оғриқли масаласи бор кўплаб юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини берди.

Статистика маълумотларига кўра, 1991 йил сентябрь ойидан бугунги кунга қадар 8249 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. Уларнинг асосий қисми — 7765 нафари (94 фоизи) 2016 йил декабрь ойидан 2019 йил июль ойига қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам айни масалага алоҳида тўхталиб ўтгани минг-минглаб юртдошларимизнинг олқишига сазовор бўлди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада, жумладан, фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганини қайд этди.

Президентимиз мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келганини таъкидлар экан, хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркорлиги тўғрисида кўрсатма берган эди.

Ҳисоб-китобларга кўра, шу тариқа 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ узоқ йиллардан буён ечилмасдан келаётган муаммоси ҳал этилиши кўзда тутилган эди.

Мажлисда парламент аъзолари томонидан кенг муҳокама этилган «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни муҳим масалани ҳал этишга қаратилгани билан диққатга сазовордир.

Амалдаги Қонун 27 йил аввал қабул қилинган бўлиб, маънан эскирган ҳамда бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қўламли ислоҳотлар талабларига жавоб бермайди.

Шу боис, лойиҳа парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ ҳамда Вазирлар Маҳкамаси, Адлия, Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари мутахассислари, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида қайта-қайта кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди. Мутахассис ва экспертларнинг таклифлари олинди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг 6-моддасида 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискага ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга кирган кунга қадар Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс, истак билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши назарда тутилган.

Қонун лойиҳасига “ватандош” тушунчаси киритилиб, фуқаролиги бўлмаган ватандошларга нисбатан фуқароликка қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари яратилиши бўйича қатор нормалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари эркинлаштирилади. Фуқароликни олиш мақсадида тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони қисқаради. Фуқароларни консуллик ҳисобига туриш муддати узайтирилади. Умуман, бу билан соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.

Мажлисда кечган қизғин савол-жавоб, муҳокамалардан сўнг қонун қабул қилинди ва Сенатга юбориладиган бўлди.

  • Кўрилди
    855
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+