Ўзбекистон Президенти туркиялик ишбилармонлар билан учрашди (+фотогалерея)

20.02.2020, 16:19

Ўзбекистон Президенти туркиялик ишбилармонлар билан учрашди (+фотогалерея)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашди. Тадбирда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), «Гебзе» уюшган саноат зонаси, «Зираат» банки, «Зорлу холдинг», «Жошкуноз холдинг», «Экзачибаши», «Байкар», «Дунягоз», «Канимед саглик», «Бау глобал», «Хавелсан» каби қатор компаниялар вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти билан ўтган музокараларда бизнес алоқаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олинганини таъкидлади.

- Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун мамлакатимизга кирган компания албатта манфаат топади. Мен бунга кафолат бераман. Бунинг учун зарур ҳуқуқий, институционал шароитлар яратиб берилади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз ҳар бир хорижий ташриф чоғида ишбилармонлар билан учрашади. 2017 йили Туркияга давлат ташрифи пайтида ҳам шундай бўлган эди. 2018 йили Ўзбекистон ва Туркия Президентлари Тошкентда ўтган бизнес анжуманда қатнашди. Булар натижасида ишбилармон доиралар ўртасида ишонч ошди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик фаоллашди.  

Охирги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробардан зиёдга ортди. Қўшма ширкатлар сони салкам мингтага кўпайди. Транспортда ташиш кўламлари жадал кенгайиб бормоқда. 

Бугунги кунда Туркия компаниялари мамлакатимизда қурилиш, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, хизмат кўрсатиш ва  бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Бунда қўшма сармоявий лойиҳалар ижроси назоратга олингани, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш рағбатлантирилаётгани муҳим омил бўлмоқда.  

Масалан, 2019 йилда Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси иштирокида Навоий иссиқлик электр станциясининг иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. 

Мамлакатимизда 1993 йилдан буён ваколатхонаси фаолият кўрсатаётган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги юртимиздаги тиббиёт ва таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилишида фаол қатнашиб келмоқда.  

Туризм ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан. Туркиялик фуқаролар учун Ўзбекистонда визасиз режим жорий этилгани ва юртимизда зиёрат туризмига қулай шароитлар яратилаётгани сайёҳлар оқими кўпайишига сезиларли таъсир кўрсатди. Самарқанд-Истанбул йўналиши бўйича қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилди. 

Учрашувда, шунингдек, келишувлар ва имзоланган битимларни кенг кўламда амалга ошириш, савдо, инновация, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, туризм, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. 

Туркиялик ишбилармонлар ўтган йили Ўзбекистонга боргани, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўзгаришларга, одамларда «ислоҳотлар тафаккури»га гувоҳ бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон бозорига кириш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини билдирди. 

Бугунги учрашувда Ўзбекистон билан Туркиянинг вазирлик ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш, клиникалар ва олий ўқув юртлари ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди. Президентимиз бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга тез фурсатларда амалий ишларга ўтиш, бюрократик тўсиқларсиз уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.

  • Кўрилди
    580
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+