Ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир​

21.02.2020, 09:16

Ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир​
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашди. Тадбирда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги, «Гебзе» уюшган саноат зонаси, “Зираат” банки, «Зорлу холдинг», «Жошкуноз холдинг», “Экзачибаши”, «Байкар», «Дунягоз», «Канимед саглик», «Бау глобал», «Хавелсан» каби қатор компаниялар вакиллари иштирок этди.
 
Ўзбекистонда қулай бизнес муҳитини яратиш бўйича қилинаётган ўзгаришлар ва хорижий инвесторларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар туркиялик ишбилармонларнинг юртимизга қизиқишини оширди. Жумладан, охирги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробардан зиёдга ортди. Қўшма ширкатлар сони салкам мингтага кўпайди. Транспортда ташиш кўламлари жадал кенгайиб бормоқда.
 
Бугунги кунда Туркия компаниялари мамлакатимизда қурилиш, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Бунда қўшма сармоявий лойиҳалар ижроси назоратга олингани, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш рағбатлантирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. 
 
Масалан, 2019 йилда Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси иштирокида Навоий иссиқлик электр станциясининг иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.
 
Мамлакатимизда 1993 йилдан буён ваколатхонаси фаолият кўрсатаётган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги юртимиздаги тиббиёт ва таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилишида фаол қатнашиб келмоқда. 
 
Ўзбекистонга қизиқиш билдираётган турк компаниялари тиббиёт, таълим, машинасозлик каби соҳаларга инвестиция киритиш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш орқали юқори саноатлашган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, учинчи давлатларга экспорт қилишни режалаштирмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда бизнес муҳити ўзгаргани, бюрократияга барҳам берилгани, хорижий инвесторларга эшиклар очилгани, уларга эркин ишлаши учун кафолат берилишини таъкидлади. Жумладан, Ўзбекистонда инвесторларга худди Туркиядаги каби барча шароитлар яратиб берилишини қайд этди.
 
– Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун мамлакатимизга кирган компания албатта манфаат топади. Мен бунга кафолат бераман. Бунинг учун зарур ҳуқуқий, институционал шароитлар яратиб берилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
 
Ўтган йили инвестиция бўйича қонун қабул қилинди. Бу қонун билан эндиликда Ўзбекистонда инвесторларнинг барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинади.
 
Президентимиз эндиликда туркиялик ишбилармонлар билан мунтазам мулоқот олиб борилиши, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 5 нафар ходим фақат инвестиция бўйича ишлашини таъкидлаб, турк тадбиркорларини фаолликка чорлади.
 
Учрашувда келишувлар ва имзоланган битимларни кенг кўламда амалга ошириш, савдо, инновация, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, туризм, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
 
Туркиялик ишбилармонлар ўтган йили Ўзбекистонга боргани, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўзгаришларга, одамларда «ислоҳотлар тафаккури»га гувоҳ бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон бозорига кириш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини билдирди.
 
Шу билан бир қаторда "Ronesans Holding" билан "Ўзбекистон металлургия комбинати" акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш, шунингдек, шифохоналар ва савдо марказларини қуриш бўйича умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилди.
 
Учрашувда Ўзбекистон билан Туркиянинг вазирлик ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш, хизмат кўрсатишни кенгайтириш, клиникалар ва олий ўқув юртлари ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди. Президентимиз бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга тез фурсатларда амалий ишларга ўтиш, бюрократик тўсиқларсиз уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
 
Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан бунёд этилган ушбу мажмуа Президент қароргоҳидан ташқари турли давлат муассасалари, конгресс-хол, маданият маркази, масжид ва Халқ кутубхонасидан ташкил топган. 4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файлдан иборат фондга эга кутубхона хизмат даражаси бўйича дунёдаги энг улканларидан биридир. Ушбу маънавий бойлик маскани Президент қароргоҳи – Жумҳур башканлиги саройи ёнида қурилгани ҳам унинг аҳамиятини кўрсатади.
 
Кутубхона архитектураси, шунингдек, бутун мажмуа лойиҳаси турк муҳандиси Шафик Бирке томонидан миллий меъморлик ва замонавий услубларни уйғунлаштирган ҳолда ишланган. Лойиҳани яратишда бир қанча ривожланган давлатлар зиё масканлари, АҚШдаги Президент кутубхонаси, Буюк Британия, Франция миллий кутубхоналари тажрибалари ўрганилган.
 
Кутубхона қурилиши 2015 йили бошланган. Умумий майдони 125 минг квадрат метрдан иборат бинонинг асосий қисми 11 қават бўлиб, марказий катта гумбаз ва фойе, ўқиш ва кўп тармоқли заллар, қадимий қўлёзма адабиётларни реставрация қилиш лабораторияси, архив мажмуаси, кўргазма майдонлари, болалар учун аудио ва видео кўриш хоналари, нашрларни сақлаш фондлари, кафелар, ресторанлардан ташкил топган.
 
Ушбу маърифат маскани энг замонавий техник имкониятларга эга бўлиб, янги форматдаги кутубхона хизматларини ўзида мужассам этган.
 
Очилиш маросимида бутун дунёдан икки мингга яқин меҳмон –олимлар, ёзувчилар, таълим ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари қатнашди. Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти томонидан таклиф этилган олий даражадаги ягона меҳмон бўлди.
 
Бунда ҳам ўзига хос чуқур маъно бор. Давлатимиз раҳбарининг китобга меҳри, китобхонлик тарғиботига эътибори бўлакча. Маърифат, таълим, ёшлар тарбиясига оид халқаро ташаббуслари ҳам барчага маълум. Жорий йил Ўзбекистонда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилингани ҳам илмга эътиборнинг яна бир далолати.
 
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
 
Давлатимиз раҳбари шундай муҳим ва шукуҳли воқеага таклиф учун миннатдорлик билдириб, қардош турк халқини ушбу илм-маърифат маскани билан муборакбод этди.
 
– Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса, аввало, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда, – деди Президентимиз.
 
Ўзбек ва турк халқларининг илдизи бир, маънавияти муштарак. Имом Бухорий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Алишер Навоий мероси халқларимизнинг миллий юксалишига катта ҳисса қўшган. Қозизода Румий Самарқандда мударрислик қилган. Али Қушчи ҳаётининг сўнгги йилларини Истанбулда ўтказган. Абдурауф Фитрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Саид Аҳрорий каби кўплаб жадид боболаримиз Туркияда таҳсил олган.
 
Бугунги кунда Истанбулда Абу Райҳон Беруний номидаги университет бор. Туркия китоб фондларида Алишер Навоий асарларининг 100 дан ортиқ қўлёзмалари сақланиб келмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари юртимизда замонавий мактаблар, илмий-маърифий марказлар ташкил этилаётганини таъкидлади.
 
Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, ҳадис, калом, ақийда, тасаввуф, фиқҳ мактаблари очилган. Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини намоён этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда.
 
Бу йил улуғ алломалар Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудларига бағишланган тадбирлар ўтказилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилганининг 145 йиллик санаси нишонланади. Шунингдек, жорий йилда Бухоро шаҳри “Ислом маданияти пойтахти”, Хива шаҳри “Туркий дунё маданияти пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилиши режалаштирилган.
 
Президентимиз туркиялик олимлар, адабиётшунос ва диншуносларни ушбу маданий-маърифий тадбирларга таклиф этди. Ўзбекистоннинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд ноёб қўлёзма асарлар сақланаётгани, уларнинг аксарияти ўз тадқиқотчиларини кутаётганини таъкидлади.
 
Туркия Президенти ушбу қувончли айёмда Ўзбекистон Президенти рафиқаси билан бирга иштирок этаётгани учун ташаккур изҳор этди.
 
– Ўзбекистон биз учун маданий тасаввуримизни шакллантирган, олимларни етиштирган, илм, ирфон ва маънавий дунёмизни таъминлаган ҳаётий манбаларимиздан энг муҳимидир, – деди Режеп Таййип Эрдоған. – Илм муҳити асрлар давомида Тошкент билан Анқара, Самарқанд билан Конё, Бухоро билан Бурса, Хива билан Эдирнени боғлаб, ўзаро бойитгандир. Бу кун Халқ кутубхонасини Жаноби Олийлари билан биргаликда очиб, муштарак маданиятимиз ҳақида бутун дунёга муҳим бир ишора бермоқдамиз.
 
Шавкат Мирзиёев дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий” асари ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган китобларни кутубхонага туҳфа қилди.
 
Шунингдек, Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасига 350 дан зиёд турли мавзудаги китоблар тақдим этилди.
 
Давлат раҳбарлари рафиқалари ҳамроҳлигида Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонаси фаолияти билан танишди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси мазкур маҳобатли кошонанинг биринчи фахрий меҳмонлари бўлишди.
 
Ноёб китоблар кўргазмаси намойиш этилди. Туркия Президенти давлатимиз раҳбарига ноёб китоблардан бирини совға қилди. Давлат раҳбарлари биргаликда Ўзбекистондан келтирилган китоблар кўргазмаси билан ҳам танишдилар.
 
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига ташрифи якунланди. Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия мулоқотининг янги форматига асос солган ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берди. Ўтказилган учрашув ҳамда музокаралар, имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилади.
 
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
 
ЎзА махсус мухбири. 
 
Анқара
  • Кўрилди
    224
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+