Олий Мажлис ҳузурида янги институт ўз фаолиятини бошлади

08.01.2018, 11:07

Олий Мажлис ҳузурида янги институт ўз фаолиятини бошлади

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент, халқ депутатлари кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгарди. Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида, шунингдек 
2017 йил 22 декабрдаги парламентга тақдим этган Мурожаатномасида қонун ижодкорлигидаги камчиликлар, депутатларда қонунчилик ташаббуси борасида фаолликнинг етишмаслиги асосли танқид қилинган эди.

Президентимиз ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш, қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш борасида бир қатор таклифларни ҳам илгари сурдилар.  Қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш, Олий Мажлис таркибида илмий-амалий тадқиқот ва ахборот-таҳлилий фаолиятни олиб борувчи марказни ташкил этиш кабилар шулар жумласидандир.  

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш, парламент, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш, парламентнинг қонун ижодкорлиги ишлари сифатини тубдан яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди.

Институт зиммасига бир неча йўналишдаги вазифалар юклатилди. Институт биринчидан, қонунчилик муаммоларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини, яъни қонунларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилаётганини ўрганади,   Олий Мажлис палаталарининг фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлайди. 

Иккинчидан,  парламент палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди, уларнинг профессионаллик даражасини оширишга кўмаклашади. Жумладан, депутат ёки сенатор буюртмасига кўра бирор-бир соҳада кичик тадқиқот ўтказиб, тегишли муаммонинг ечимига қаратилган илмий асосланган маълумотномалар тайёрлаб беради. Ёки қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича берган таклифини амалга оширишда методик, амалий кўмак беради. 

Учинчидан,  ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказади, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқади. Масалан, ҳозир бизда аксарият кодексларнинг қабул қилинганига 20 йилдан ошди, ўтган давр мобайнида ҳаётимизда кўплаб ўзгаришлар бўлди, айниқса, Ҳаракатлар стратегиясида бир қатор долзарб вазифалар белгиланди, шулардан келиб чиқиб миллий қонунчилигимизнинг ривожланиш тенденцияларини аниқлашга қаратилган концепцияларни ёки бошқача айтганда “йўл хариталар”и ишлаб чиқилади. Бугунги кунда жами 20 мингга яқин қонун ҳужжатлари мавжуд бўлиб,  шундан атиги 2,1 фоизи қонунлар. Институт мазкур кўрсаткич салмоғини, қонунларнинг улушини ошириш, энг муҳими  тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш борасида ташаббуслар билан чиқади.

Бундан ташқари, Институт хорижий парламентлар иши тажрибасини унинг самарали шаклларидан Олий Мажлис палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятида фойдаланиш мақсадида ўрганади. Шунингдек, миллий қонунчиликнинг халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлиги тадқиқ этиб, уларни қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Институт ўз зиммасига юклатилган вазифалар ижросини  таъминлаш учун давлат ҳокимияти органларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, таълим ва илмий муассасалардан, бошқа ташкилотлардан зарур бўлган ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни сўраш ҳамда олиш ҳуқуқига эга.  Таълим ва илмий муассасаларнинг, марказларнинг, ҳуқуқни қўлловчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан (банкларидан), ахборот-кутубхона ресурсларидан белгиланган тартибда фойдаланади. Бевосита давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органларидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади. Илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш, тадбирлар ўтказиш ҳамда институт ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар тузади. Илмий тадқиқотларга вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар мутахассисларини, илмий-тадқиқот марказлари ходимларини, олимларни ва олий таълим муассасалари ўқитувчиларини, шу жумладан хорижлик шундай мутахассисларни жалб этади. Олий Мажлис палаталари, уларнинг кенгашлари, қўмиталари ва комиссияларининг ҳамда депутатлар бирлашмаларининг мажлисларида иштирок этади. Тегишли халқаро ва хорижий ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро тажриба ва ахборот алмашишни йўлга қўяди.

Зиммадаги вазифаларни талаб даражасида бажаришда табиийки Институтнинг кадрлар бўйича салоҳияти муҳим ўрин тутади. Бунинг учун Институт таркибида Стратегия ва менежмент,  Конституциявий ҳуқуқ ва давлат бошқаруви тадқиқоти, Суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тадқиқоти, Иқтисодиёт, молия ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари тадқиқоти, Ижтимоий сиёсат, соғлиқни сақлаш масалалари тадқиқоти, Қонунчилик назарияси ва қиёсий ҳуқуқшунослик каби бўлимлар ташкил этилган.

Институтнинг ҳар бир бўлими халқ билан, кенг жамоатчилик билан ишлайди, улар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг фикрларини олиб, тадқиқот ўтказади, мақсадга мувофиқ таклифларни қонунчиликда акс эттириш бўйича илмий-амалий таклифларни ишлаб чиқишга қодир, билим, малака, савия ва тегишли хорижий тилларни билиш жиҳатидан ҳар томонлама етук  амалиёчилар ва  олимлар билан тўлдирилмоқда.

Институтни шакллантириш жараёнида жаҳон тажрибасини, 50 дан ортиқ мамлакат амалиёти, яъни  парламентга илмий-эксперт, таҳлил хизматини кўрсатадиган турли шаклдаги органлар иши ўрганилди. Масалан, Жанубий Корея Миллий Мажлиси ҳузурида 100 дан ортиқ илмий ходимни ўзида жамлаган Миллий ассамблея тадқиқот хизмати фаолият олиб бормоқда. Япония парламентида мустақил таҳлиллар билан шуғулландиган учта орган — парламент миллий кутубхонасининг ҳуқуқий маълумот ва тадқиқот бюроси, Вакиллар палатасининг тадқиқот бюроси,  Маслаҳатчилар палатасининг тадқиқот идораси тажрибаси билан танишиб чиқилди. АҚШ Конгрессининг Тадқиқот хизмати, Германия Бундестагидаги Илмий хизмат, Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Тадқиқот маркази, Польша Сейми Канцелярияси Тадқиқотлар бюроси, Чехия Республикаси Депутатлар палатаси ва Сенатининг Парламент институти, шунингдек, Греция, Малайзия, Украина каби мамлакатларнинг худди шундай тусдаги тузилмалари фаолияти ўрганилди. Энг муҳим жиҳати, ушбу органларнинг номи ҳар хил бўлгани билан фаолият йўналиши ва мақсади бир хил, уч йўналишдаги вазифани бажаради. Биринчидан, халқ билан мулоқот қилади, халқнинг фикрини парламентга етказади. Иккинчидан, депутатлар ва сенаторларга илмий маслаҳат беради, уларга хулосалар, тадқиқот натижаларини тақдим этади. Учинчидан, парламент фаолиятини илмий асосда ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Шубҳасиз, мамлакатимизда мана шундай Институтнинг ташкил этилганлиги парламентнинг фаоллигини, роли ва таъсирининг ошишига, қонунчиликни халқимизга яқинлаштиришга, қонунларнинг ҳаётий бўлишига ва пировардида мамлакатимизнинг тараққий этишига хизмат қилади.  

Манба

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2989
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+