Илм билан, ақл билан ҳаракат қилсак, янада улкан марраларга эришамиз

22.05.2020, 04:24

Илм билан, ақл билан ҳаракат қилсак, янада улкан марраларга эришамиз
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, одамлар ҳаёти билан танишиш мақсадида 21 май куни Андижон вилоятига ташриф буюрди.
 
Давлатимиз раҳбари дастлаб Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалигида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди.
 
– Иқлим шароити юртимизга ўхшаш хорижий давлатларда пахтадан 70 центнергача ҳосил олишади. Қандай қилиб? Илм билан, ақл билан. Андижонда ер камлигини ҳисобга олиб, ундан икки карра самарали фойдаланиш зарур. Ишсиз, даромади етарли бўлмаган минглаб одамлар бор. Ишимизга ўшаларнинг кўзи билан баҳо беришимиз керак, – деди Президент.
 
Давлатимиз раҳбари ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш юзасидан кўрсатмалар берди.
 
– Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак. Соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Ундан олинадиган мой ҳам, омихта ем ҳам жуда сифатли, бозорбоп. Тўғри, бу қийин. Лекин қайси иш осон? – дея савол қўйди Шавкат Мирзиёев.
 
4010d7c9-5d85-740a-db94-1df45d1a22b3.jpg
 
Агротехнологияларни ривожлантириш мақсадида Тошкент давлат аграр университетининг Андижон вилояти филиали негизида қишлоқ хўжалиги йўналишида алоҳида олий таълим муассасаси ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
 
“Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалигининг умумий ер майдони қарийб 76 гектар. Жорий йилда ғалланинг ҳар гектаридан 20, пахтадан 10 центнердан қўшимча ҳосил етиштириш режалаштирилган. Ғалла ҳосилдорлиги 81 центнер бўлиши кутилмоқда.
 
Фермер хўжалигида 60 киши доимий ва мавсумий иш билан таъминланган. Чорвачилик, асаларичилик йўлга қўйилган.
 
Шу ерда пахтачилик, ғаллачилик ва мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
 
Давлатимиз раҳбари қайта жиҳозланган автобусда ташкил этилган сайёр лаборатория билан ҳам танишди.
 
Президентииз Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги “ВБМ текстиль груп” МЧЖга қарашли экспортбоп тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган замонавий корхонада ҳам бўлди.
 
70cc6d25-d135-71f3-60b4-9641f259f15a.jpg
 
Ушбу корхонани барпо этиш учун икки йил олдин “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги эски бино лойиҳа ташаббускорларига инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилган эди.
 
Ўтган даврда қарийб ўн уч йил қаровсиз ётган мазкур иншоотда йирик ҳажмда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Кенг, ёруғ цехлар, омборхона ва бошқа қўшимча хоналар бунёд этилди. Ишчиларнинг меҳнат қилиши ва дам олиши учун зарур қулайликлар яратилди.
 
Италия, АҚШ, Япониянинг замонавий тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилиб, 1200 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳани ишга тушириш учун 6,5 миллион доллар маблағ сарфланди. Унинг 4 миллион доллари тижорат банки кредитидир.
 
Президентимиз мазкур корхона мутахассис ва тикувчилари билан суҳбатлашиб, ишлаб чиқарилган тикувчилик маҳсулотларини кўздан кечирди.
 
– Авваламбор, сизларни яқинлашиб келаётган улуғ айём билан табриклайман. Бу фабрика андижонликларга ўзига хос туҳфа бўлибди. Биз учун ҳар бир иш ўрни муҳим. Бу ерда шунча хотин-қиз ишли бўлганидан жуда хурсандман. Тадбиркорларимиз жаҳон бозорларига чиқмоқда. Бу – дунёқараш ўзгариши, имкониятлар натижаси, – деди Президент.
 
МДҲ мамлакатлари билан шартномалар имзоланган бўлиб, йилига 27 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мўлжалланган. Бу географияни кенгайтириш мақсадида Европа Иттифоқи давлатлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
 
Мутасаддиларга пахта толасини қайта ишлашни чуқурлаштириб, қўшилган қиймат яратиш, корхоналарга қўшимча инвестициялар йўналтириб, ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштиришга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.
 
Илгари вилоятда етиштирилган пахта фақат хомашё сифатида сотиларди. Бундан даромад 100 миллион долларга ҳам етмасди. Эндиликда қайта ишлаш ривожланаётгани натижасида жорий йилда қарийб 440 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. 2021 йилда бу кўрсаткични 527 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
 
46112f90-171f-0e5c-8403-584e81977096.jpg
 
Шу ерда вилоятда 2020–2021 йилларда амалга ошириладиган инвестиция, тадбиркорлик ва кичик бизнес, ҳунармандчиликни ривожлантиришга доир истиқболли лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
 
Хусусан, жорий йилда 954 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бунинг натижасида 68 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
 
“ВБМ текстиль груп” масъулияти чекланган жамияти томонидан Андижонда жинси шим ишлаб чиқариш, мато тўқиш ва бўяш корхоналари ташкил этилиши кўзда тутилган.
 
Қиймати 30 миллион долларлик ушбу лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 2700 янги иш ўрни яратилади, йиллик 750 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
 
Андижон аҳоли зичлиги энг юқори ҳудудлардан бири. Вилоятда ердан унумли фойдаланиш ҳисобига аҳолини уй-жой, иш билан таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, турмуш шароитини яхшилаш мумкин. Шу боис бу ерда собиқ ишлаб чиқариш майдонлари ўрнида турар жой мажмуалари қуриш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари бундан роппа-роса икки йил муқаддам – 2018 йил 20 май куни Андижон шаҳрида қад ростлаётган янги уй-жойларни кўрган эди. Мазкур ҳудудда бу масала долзарб эканини инобатга олиб, қўшимча турар жойлар қуриш бўйича топшириқ берганди.
 
Шу асосида шаҳарда жами 1 минг 798 хонадондан иборат 41 та кўп қаватли уй барпо этилди. Жумладан, бунёд этилаётган янги мавзеда ўтган йили йигирмата 7 қаватли, иккита 16 қаватли уй қуриб битказилди. Шу тариқа атиги уч йилда бу ерда илғор шаҳарсозлик андозаларига мос йирик мавзе пайдо бўлди.
 
Президентимиз ушбу мавзени бориб кўрди. 16 қаватли уйдаги хонадонлардан бирида бўлиб, оила билан суҳбатлашди.
 
c382bc6b-9fd7-b94b-f90d-f6b8c0740ca8.jpg
 
“Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида “Хоқон Автоинвест” МЧЖ томонидан қурилган 16 қаватли уйлар Андижон шаҳри учун намуна бўлди. Лойиҳа қиймати 46,6 миллиард сўм бўлган уйлар Туркия технологияси асосида, маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда яхлит темир-бетондан зилзилага бардошли қилиб қурилган. Бинонинг ташқи деворлари базальт материали билан қопланган. Интернет тармоғи, видеокузатув тизими билан таъминланган.
 
Хонадонлар электр плита, ошхона мебели, иситиш тизими ва иссиқ сув билан таъминлайдиган алоҳида қозонхона билан март ойида тайёр ҳолда топширилган. Ҳар бир уй иккитадан лифт билан жиҳозланган.
 
Мазкур уйлар ҳовлисида дам олиш ва спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, автотураргоҳ барпо этилган.
 
Янги уйларда шунча майдондаги бошқа лойиҳаларга нисбатан 2 баробар кўп хонадонлар жойлашгани маҳаллий шароит учун жуда муҳим. Шу боис хонадонларнинг нархи ҳам ҳамёнбоп.
 
Мазкур турар жойлар қурилиши шаҳарнинг ушбу қисмида урбанизация жараёнларини тезлаштирди. Аввало, кўп қаватли уйларда биронта сотилмаган хонадон қолмади, бу қурилиш суръатини оширди. Уйларга талаб юқорилиги боис ҳудудга саноат корхоналарининг қизиқиши кучайди.
 
Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтириш тўғрисидаги қарори асосида ҳудудда тижорат уйлари ҳам барпо этилмоқда. Яна бир афзал жиҳати, бундай турар жой мавзелари боғча, мактаб сингари ижтимоий инфратузилмаси билан бирга қад ростламоқда. Бошқача айтганда, андижонликларнинг кўп йиллик орзу-ҳаваслари ушалмоқда.
 
Аҳолини турар жойлар билан таъминлашни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
 
– Камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини – уй-жой. Одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади, – деди Шавкат Мирзиёев.
 
Туманлардаги аҳоли зич жойларга ҳам коммуникация олиб бориб, барча шароитларга эга кўп қаватли уйлар қуриш, замонавий қишлоқлар бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
 
Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига сафари чоғида Марҳамат туманидаги “Водий ҳамкор агрофирмаси” томонидан ташкил этилган қуёнчилик кластери билан ҳам танишди.
 
c64d5bd3-3201-33b7-8d2f-b8a7dd0de087.jpg
 
1 гектардан зиёд майдонда ташкил қилинган мазкур кластер жорий йил 1 майдан ишга тушди.
 
Кооперация усулида 50 та хонадонга қуёнлар тарқатилиб, улардаги одамлар бандлиги таъминланди. Шунингдек, қуён терисини ошлаш ва теридан телпак тикиш цехида 20 та иш жойи яратилади.
 
Корхонага “Калифорния”, “Янги Зеландия”, “Фландер”, “Рекс” ва “Великан” зотли 1000 бош қуён олиб келинган бўлиб, бир йил давомида улар сони 30 минг бошга етиши кутилмоқда. Бу ҳар бир қуён икки килограмдан тош босса, жами 60 минг килограмм парҳезбоп гўшт етиштирилади деганидир.
 
Қуёнчилик кластери томонидан бир йилда жами 3 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш, 150 минг долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.
 
Айни пайтда вилоятда қуёнчилик йўналишида 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида кооперация усулида хонадонларда қуён боқиш кўпайтирилса, экспорт ҳажми янада ошади.
 
Вилоятда омихта ем ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қуёнчиликни 1 миллион бошга етказиш бўйича вазифалар белгиланди.
 
Шу ерда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик корхоналари салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
 
Давлатимиз раҳбарига Ипотека банк томонидан Хитой технологияси асосида балиқ етиштириш лойиҳаси тақдим этилди. Одатда балиқчилик хўжаликлари бир гектар кўлда 3-4 тоннагача балиқ етиштиради. Мазкур интенсив усулда бир гектар сунъий кўлда 100 тоннагача балиқ олинди. Шунча ҳосилни етиштиришга бор-йўғи олти ой вақт керак бўлди.
 
Ушбу технология биофильтр, ультрафиолет ёрдамида соатига 200 тонна сувни тозалаб, кислородга бойитиб беради. Бир гектар ҳавзадаги сувни тозалаш учун 3 кун вақт керак бўлади. “Valliy Fish” МЧЖ томонидан Андижон туманида амалга оширилган ушбу тажриба ғоят самарали бўлиб, айни пайтда Улуғнор туманида 60 та тадбиркор 100 та Хитой технологиясини қўйишни бошлади. Бу ушбу интенсив усул ёрдамида вилоятда йил охиригача 10 минг тонна балиқ етиштириш мумкин деганидир.
 
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарига маъқул бўлди. Балиқчиликда Андижон технологиясини барча вилоятларда ҳам амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Яқин кунларда вилоят ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари учун Андижон туманида кўргазмали семинар ташкил қилиниб, балиқ етиштиришда Хитой технологияси ўргатиладиган бўлди.
 
– Андижонда чорва кам, гўшт бошқа жойлардан олиб келиняпти. Қуён, парранда, балиқ кўпайтирилиб, гўшти истеъмолга чиқарилса, вилоятда гўшт нархи тушади. Камбағал оилаларга тарқатилиб, кластерлар томонидан қайта сотиб олинса, уларга даромад бўлади. Иқтисодий комплекс ва сектор раҳбарлари шу билан шуғулланиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
 
Давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига сафари чоғида «Замонавий қишлоқ» лойиҳаси тақдимоти билан танишди.
 
Шу борада Пахтаобод тумани Бўстонобод қишлоғи ҳамда Қўрғонтепа тумани «Янги ҳаёт» маҳалласи учун дастлабки бош режа ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, қишлоқ ҳудудларга зарур муҳандислик коммуникациялари тортилиб, кўп қаватли уйлар қурилади. Улар, аввало, бир уйда кўпчилик яшаётган, муҳтож оилаларга берилади.
 
022f4a80-5ca9-85ef-4866-c005f14f6fd7.jpg
 
“Замонавий қишлоқ”да мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт муассасасидан ташқари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқлари, “Book cafe”, мини-банк шохобчаси, спорт-кўнгилочар масканлар, автобекат, қўйингки аҳоли учун барча қулайликлар яратилади. Шу тариқа қишлоқларимиз ҳам келгусида замонавий, яшаш қулай масканларга айланади.
 
Президентимиз бу борада Андижон тажрибасини яратиш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун алоҳида лойиҳа ишлаб чиқиш, «Замонавий қишлоқ»даги уйларни бошқа турар жойларга нисбатан арзон қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
 
Шу ерда вилоятда камбағалликни қисқартириш, ипотека кредитлари асосида якка тартибдаги уйларни қуриш-таъмирлаш лойиҳалари муҳокама қилинди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида Digital City номли технопарк билан танишди.
 
Яқиндагина 5,6 гектар майдонда қуриб битказилган ушбу мажмуа ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган. Ҳозирги кунда бу ерга туманлардан 328 нафар мутахассис жалб этилган.
 
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан суҳбатда уларни доимий ўрганиш, изланишга чорлади.
 
– Жуда тўғри йўлни танлагансизлар. Бу – серқирра ва истиқболли соҳа. Сизлар бошқалардан 10-15 йил олдин юришларингиз керак. Энг долзарб йўналишлар бўйича дастурий маҳсулотлар яратиб, халқимизга ва хорижликларга қулай хизматлар кўрсатиб, ҳам оилангизга, ҳам жамиятимизга наф келтиришингиз мумкин, – деди Президент.
 
487282fd-1ade-2ebc-23a1-2a811f1f8e23.jpg
 
Технопаркда маҳаллий ёшлар, тадбиркорлар, янги ҳунар ўрганиш истагида бўлган фуқаролар учун кенг қулайликлар яратилган. Жумладан, коворкинг маркази, дата-центр, конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес инкубатор, медиа марказ, киберспорт хонаси ташкил этилган.
 
Туманларда ахборот технологиялари бўйича бошланғич ўқув курслари бўлади. Улардан танлаб олинган ёшлар Digital Cityда интенсив равишда инглиз тилига ўқитилиб, IT хизматлар кўрсатишга тайёрланади. Технопаркдаги 76 нафар тингловчига мўлжалланган залда йил мобайнида 2 мингдан ортиқ кишини ўқитиш мумкин.
 
Ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқилган Digital City лойиҳаси моҳиятига кўра, Тошкентдаги IT паркдан сўнг ташкил этилган иккинчи, вилоятлар миқёсида эса биринчидир.
 
Мажмуада ётоқхона ва ошхона ташкил этиб, шароитларни янада яхшилаш, бундай технопаркларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам очиш бўйича кўрсатмалар берилди.
 
Президентимиз Digital Cityнинг мақсади ва вазифалари, унда яратилган шароитлар билан танишар экан, келаси 5 йилда Ўзбекистон учун ушбу соҳани ривожлантириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолиши, ёшларни иш билан таъминлаш, иқтисодиётни жадал ривожлантиришда соҳанинг имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
 
Шу ерда ёшлар бандлигини таъминлаш, мактаб битирувчиларини фриланс бозорига тайёрлаш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берилди.
 
Андижонда ҳам узоқ-яқин туманларда фрилансерлик фаолияти, яъни масофадан туриб дастурлаш ва хостинг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланаётган мутахассислар талайгина. Digital City (“Рақамли шаҳар”) технопаркидаги коворкинг маркази уларнинг ишини осонлаштиради, техника, офис харажатларини қисқартиради. Бундан ташқари, марказда рўйхатдан ўтган дастурчилар жаҳон бозорига ўз хизмат ва маҳсулотларини экспорт қилиш, ҳамкорлар топиши осон кечади.
 
92ee5faa-62cd-6079-af48-b61169f9d2e7.jpg
 
Жорий йил январь-май ойларида вилоятда қарийб 19 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Йил охирига қадар яна 24 мингдан зиёд йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш бўйича манзилли режа ишлаб чиқилган. Жумладан, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби соҳаларда ёшлар учун янги иш ўринлари ташкил этилади.
 
2019/2020 ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 40 мингдан зиёд ўқувчи тамомлайди. Улар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра 12 мингдан зиёд ўқувчи олий таълим муассасаларида, қарийб 6 минг нафари техникум ва касб-ҳунар коллежларида ўқиш, қолгани ҳарбий хизматга бориш, ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида.
 
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида манзилли чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Бу борадаги дастур доирасида йил давомида хотин-қизлар учун доимий иш ўринлари яратиш, субсидиялар ажратиш, ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларига жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилган аёлларга меҳнат гувоҳномаларини бериш орқали жами 10 минг 88 нафар аёлнинг бандлиги таъминланади.
 
Давлатимиз раҳбари олий ўқув юртига киролмаган ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг қизиқиш ва лаёқатини ўрганиб, касбга йўналтириш бўйича топшириқлар берди.
 
Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи давом этмоқда.
 
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
 
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
 
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
 
ЎзА махсус мухбирлари
  • Кўрилди
    874
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+