Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

12.01.2018, 20:56

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари! 

Қадрли ватандошлар! 

Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. 

Бу қутлуғ сана мамлакатимизда ватанпарварлик, она юртга садоқат, мардлик ва жасурлик каби эзгу қадриятларни, халқимизга, буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларига хос бўлган юксак фуқаролик фазилатларини ўзида мужассам этадиган том маънодаги умумхалқ байрамига айланди. 

Ҳозирги кунда дунёда олдиндан айтиш қийин бўлган вазият ҳукм сураётган мураккаб бир шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини чуқур англаган ҳолда, биз 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири сифатида белгиладик. 

Ушбу Стратегия асосида биз ўтган йил давомида мамлакатимиз ҳаётининг бошқа тармоқлари қаторида ҳарбий қурилиш соҳасида кўпгина энг долзарб ва муҳим масалалар бўйича аниқ чора-тадбир ва ҳаракатларни кўзда тутадиган қарорлар қабул қилдик, уларни амалга ошириш бўйича ишларни самарали ташкил этдик. 

Шу тариқа қисқа вақт мобайнида аниқ натижаларга эришдик, Қуролли Кучларимизнинг келгусидаги қиёфасини белгилаб берадиган стратегик тамойиллар ва ана шу мақсадга эришишга қаратилган кенг кўламли комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишга муваффақ бўлдик. 

Аввало, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшниларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа экани ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди. 

2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, уларни босқичма-босқич замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. 

Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини ошириш бўйича ишлар бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди. 

Ҳар бир ҳудудда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди, уларга бевосита раҳбарлик қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига юкланди. 

Униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мустаҳкам ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш мақсадида ватанпарварлик тарбияси соҳасида моҳият эътиборига кўра ноёб тизим яратилиб, унинг доирасига мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари қамраб олинди. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ва Қуролли Кучлар тизимида унинг бирламчи тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши мамлакатимизда ёш авлод манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизнинг мантиқий давоми бўлди. 

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларимизда узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар бериш асосида кўп қаватли уй-жойлар босқичма-босқич барпо этилмоқда. Биз бу ишларни доимий равишда давом эттирамиз. 

Қадрли дўстлар! 

Амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бормоқда. 

Айни вақтда халқаро терроризм ва экстремизм хавфининг тобора ортиб бораётгани, дунёнинг айрим минтақаларида қуролли тўқнашувлар давом этаётгани, таҳликали вазият сақланиб қолаётгани Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига таҳдид солмасдан қолмайди, албатта. Буларнинг барчаси олдимизда пайдо бўлаётган таҳдид ва хатарларга муносиб зарба беришга доимо тайёр бўлишни талаб этади. 

Шу муносабат билан Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади ва давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади. Биз ана шу вазифаларни амалга оширишда Қуролли Кучлар, ҳарбий округлар қўмондонлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг фаол позициясига таянамиз. 

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари! 

Мана шу байрам кунида сизларнинг жанговар меҳнатингиз ўтган йиллар давомида Қуролли Кучларимизнинг обрўйи ва нуфузини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилганини алоҳида таъкидлашни зарур, деб биламан. 

Айнан сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан Ўзбекистон миллий армияси жадал ривожланмоқда, унинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги изчил ошиб бормоқда, мамлакатимизнинг мудофаа қудрати мустаҳкамланмоқда, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти таъминланмоқда. 

Сиз, азизларни ҳамда оила аъзоларингизни Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор самимий табриклайман. 

Жонажон Ватанимизни ҳимоя қилишдек ғоят шарафли ва масъулиятли вазифани адо этишда барчангизга катта ютуқлар, оилавий бахт-саодат тилайман. 


Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1426
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+