Вячеслав Аваков: “Ислом Каримов жуда бақувват ва соғлом инсон эди”

15.01.2018, 14:06

Вячеслав Аваков: “Ислом Каримов жуда бақувват ва соғлом инсон эди”
Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Президентнинг шахсий шифокори, Тошкент тиббиёт академияси анестезиология ва реаниматология кафедраси профессори, Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази директори Вячеслав АВАКОВ билан суҳбатлашди.
 
– Йигирма беш йил давомида Ислом Каримовдай буюк инсоннинг ёнида ишлаш бахтига муяссар бўлганимдан хурсандман. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан 1991 йилнинг охири 1992 йилнинг бошларидан таниш бўлганман. Ўшанда соғлиқни сақлаш вазири томонидан Президентнинг тиббиёт хизматини ташкил этиш мақсадида жалб этилган эдим. У пайтлар бу хизмат мавжуд бўлмаган. Ҳатто, Президент шамоллаб қолганида ҳам атрофида унга қарайдиган мутахассис йўқ эди. Президентнинг бир дақиқа ҳам, бир сония ҳам ёнида тиббиёт ходимисиз бўлмаслигини таъминлашга ҳаракат қилардим. Шундай хизмат ташкил этиш зарур эдики, куну тун, уйда ҳам, ишда ҳам, ҳатто йўлда ҳам Президент ва оиласи, унинг ёнидаги ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш зарур эди. Шифокорлар Президентнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна ва бошқа оила аъзолари иштирокида танлаб олинарди. Биз ана шундай тиббиёт хизматини ташкил этдик.
 
Албатта, Президент тиббиёт хизматига кўп ҳолларда унинг ўзи эмас, балки атрофдагилар мурожаат қиларди. Чунки Ислом Каримов жуда бақувват ва соғлом инсон эди. 
 
Президентимиз ўзига масъулиятни кўп оларди, тинимсиз хорижий сафарларда бўлар ва мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятга таништиришга интиларди. Бу эса жуда машаққатли иш бўлиб, Ислом Абдуғаниевич эса бу ишни янада мураккаблаштирар эди. Масалан, қайсидир хорижий давлатга ташрифга доир протоколда бу ташриф уч кунга мўлжалланган бўлса, Ислом Каримов уни максимал даражада қисқартирар, расмий учрашувлар орасидаги танаффусларни деярли ўчириб ташлар эди. У кишининг дам олиши зарурлиги ҳақидаги гапларимизни кескин рад этарди.
 
У киши ўзини аямас эди. Чунки у пайтлар давр мураккаб эди. Мустақил Ўзбекистон энди ўзини тиклаётган, дунё миқёсида тан олинишига ҳаракат қилаётган давлат эди. Халқаро жамоатчилик Афғонистон, Покистонни билишини, лекин Ўзбекистон ҳақида эшитмаганини айтишар, Президент эса Ўзбекистон – мустақил, катта салоҳиятга эга давлатлигини таъкидлашдан чарчамасди. Тез-тез хорижга сафар уюштирарди.
 
Эсимда, қайсидир йили адашмасам Голландияга борган эдик. Маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувда Ислом Каримов Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳақида жуда тўлқинланиб гапириб, инвесторларни жалб этишга ҳаракат қилди. Унинг нутқи барчада катта таассурот қолдирди. Ўша пайт бир тадбиркор келиб, “Сиз билан учрашишдан олдин харитадан Ўзбекистонни узоқ қидирдим, лекин тополмадим” деганда, Президентимиз “Ўзбекистонни харитада топиш қийин эмас, чунки унинг майдони тўртта-бешта Голландиянинг майдони билан баробардир” дея ҳазил мутойиба билан оқилона жавоб қилган эди. Бугун Ўзбекистонни дунё танийди. Буларнинг барчасида Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизмати катта, деб биламан.
 
Ўтган йиллар давомида Ислом Каримовни кузатиб, шуни англадимки, у жуда юқори иш қобилиятига эга инсон эди. Суткасига йигирма олти соат ишларди, десам муболаға бўлмайди. Чунки у иш графигини жуда тиғиз қилиб қўяр, ҳатто уни тиббий кўрикдан ўтказиш учун шу графикка мослашишга ҳаракат қилардик. Йилда бир мартагина чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга аранг кўндирардик. Ахир қирқдан ошгандан кейин ҳар бир инсон йилда камида бир ё икки марта тиббий кўрикдан ўтиши зарур. Давлат раҳбари эса инчунун. 
 
Биз уни тушунардик. Шу боис унга жисмоний юкламаларни кўпайтиришни бошладик. Президент билан катта теннис ўйнардик, югурардик. Ислом Каримов қисқа фурсат ичида теннис ўйнашни шунчалар яхши ўзлаштирдики, бир неча ойда барчамизни, ҳатто, спарринг шеригини ҳам ортда қолдирди. Кейинчалик ёш ўтган сари ҳам теннис ўйнашни канда қилмади. Бу унинг ўз олдига қўйган мақсадига етишиш учун барча қийинчиликларни енгиб ўтишга қодирлигидан далолатдир.
 
Ҳаётимнинг йигирма беш йили давомида у киши билан ёнма-ён юрдим. Унинг узоқни кўра билиш қобилиятига ҳар доим тан берганман. Айниқса, қурилиш ва бунёдкорлик борасидаги ишларга катта аҳамият берарди. Бино қурилишида шамолнинг йўналишини, қуёшнинг тушишини инобатга оларди. Халқнинг фаровонлигини, яхши ҳаёт кечиришини ўйларди.
 
Ҳар шанба Ислом Абдуғаниевич билан кўришиб, Дўрмондаги боғни сайр қилардик. Бу боғ қаровсиз ётган ўттиз икки гектар ерда у кишининг ташаббуси билан ташкил этилган эди. Биласизми, ҳозир шу боғ Тошкент шаҳрининг том маънода айтганда “ўпка”си ҳисобланади. Яъни шаҳар ҳавосининг тоза бўлишида бу боғнинг аҳамияти катта. 
 
У ўзига ва атрофдагиларга нисбатан ўта талабчан эди. Масалан, қайсидир жисмоний юкламани бажариш чоғида, ёки ишдан ташқари оила даврасида ўтирганда ҳам фақат иш ҳақида, халқ ва давлат ҳақида қайғурарди. Биз уни чалғитишга ҳаракат қилар, лекин барча уринишларимиз деярли зое кетарди. У доим “Мен ишдан чалғий олмайман!” деб таъкидларди. Ислом Каримов борлиғи билан ўзини ишга бағишлаган инсон эди. Ишонасизми, йигирма беш йил давомида бирон жойга, яъни хориждаги номи чиққан дам олиш масканларига бориб ҳордиқ чиқарганини эслай олмайман. Нари борса, ўзимиздаги Қайнарсойга бориб, шанба ва якшанба кунлари икки-уч кун дам оларди, холос.
 
Туғилган куни жуда оддий, фақат яқинларигина иштирокида ўтарди. Ортиқча сарф-ҳаражатга, санъаткорларнинг келиб хизмат қилишига йўл қўймасди. Яна бир жиҳатни тан олиш керак: у киши қанчалик талабчан ва қаттиққўл бўлса, шунчалик меҳрибон ва самимий эди. Бу бир-бирига қарама-қарши хусусиятлар доим ёнма-ён эди. Ҳар қандай муаммони аниқ ва қатъий ҳал қиларди. Оиласида аёлига, болаларига, невараларига баъзан қаттиққўллик қилар, лекин кўпинча меҳрибон эди. Ислом Абдуғаниевичнинг оила аъзолари билан қандай муносабат қилишига ҳавасимиз келар ва у кишидай бўлишга интилардик.
 
У дўстликни қадрларди. Дўст бўлишга аҳд қилдими, ҳақиқий дўст бўларди. Шахмат ўйнаётгандами, ҳордиқ чиқараётгандами баъзан болалик, ёшлик хотираларини эслашни, ўша пайтлардаги дўстлари ҳақида гапириб беришни яхши кўрарди. Қайсидир байрамдами, бирон бир сана билан боғлиқ йиғиндами Татьяна Акбаровна билан бирга Ислом аканинг болаликдаги, ёшликдаги дўстларини таклиф қилардик. Ислом Каримов болалиги, ёшлиги ҳақида мароқ билан гаплашган дўстларидан миннатдор бўлар, аксинча, ўзининг муаммоларини айтиб, у кишидан фойдаланиб қолиш пайида бўлганлар билан эса алоқани узарди. Чунки Ислом Каримовнинг муаммолари олдида у кишиники денгиздан томчидай эди. Шундай пайтларда мен Ислом акага “Сиз ўзингизни биз билан солиштирманг. Ахир сиз билан бизнинг орамизда осмон билан ерчалик фарқ бор. Масалан, ёмғир ёғса мен оддий одам сифатида соябон олиб чиқиш ҳақида ўйласам, сиз эса одамларнинг уйидан чакки ўтмаяптими, экинларга нима бўлади, қиш совуқ келса, нима қиламиз, деб бутун халқни, мамлакатни ўйлайсиз” деб тасалли берардим. У киши эса кулиб қўя қоларди.
 
Ислом Каримов бирон нарса қилмоқчи бўлса, ситқидилдан қиларди. Бир куни Ислом ака тўсатдан: “Сизникига меҳмонга борамиз!” деб қолди. Шошиб қолдим, дарров аёлимга қўнғироқ қилиб, тайёргарлик кўриб туришини айтдим-да, ўзим йўлга тушдим. Уйга бордик, Ислом ака, ҳамма жойни кўздан кечириб чиқди. Бироз гурунг қилиб ўтирди. Аслида келишидан мақсад менинг турмуш шароитим билан танишиш, менинг мисолимда мамлакатда профессорлар қандай ҳаёт кечираётганини билиш эди. 
 
Ҳа, у Ватанини, халқини чин юракдан яхши кўрарди. Шунчалик яхши кўрардики, қиёси йўқ эди. Масалан, бир йили Бразилияга бордик. Меҳмонхонага жойлашдик. Ислом Каримовнинг хонасининг деразасидан океан, соҳил, пальмалар кўриниб турарди. Жуда гўзал манзара эди. Манзарага қараб “Гўзалликни қаранг!” деб ҳайратимни билдирганимда, у киши “Бизда бундан ҳам чиройлироқ жойлар кўп!” деганди. Бу сўзлар унинг қалбидан чиққан самимий сўзлар эди.
 
Мен чин маънодаги ватанпарварликни Ислом Каримовдан ўргандим. У фарзандларимнинг анча йилдан бери Америкада яшашини билар ва доим “бир кунмас, бир кун сен ҳам кетасан” дерди. Мен у кишига “Нега кетар эканман? Мен шу ерда туғилиб ўсдим, таълим олдим, иш топдим, оила қурдим. Мен Ватанимга керакман. У ёқда ҳеч кимга керак эмасман” дердим. Бундан у киши мамнун бўларди. Мен ваъдамга содиқ қолишга ҳаракат қиламан. 
 
Сўнгги ўн йилда биз нафақат Президент ва шифокор сифатида, балки дўст, ака-ука сифатида мулоқот қилардик. Баъзан халқнинг ҳаёти, яшаш тарзи, аҳволи, кайфияти ҳақида сўрар, мен у кишига “Бир марта дўконларимизни бориб кўринг, ҳамма нарса бор. Шаҳар ва қишлоқларимизни кўринг” дердим.
 
Бир сафар “Ислом Абдуғаниевич, нега бизда конвертация йўқ? Ахир бошқа давлатларда бор-ку!” деб савол бердим. У шундай оддий ва аниқ жавоб берди-ки, лол қолдим. Ўшанда “Биласанми, бир кун келиб конвертация ҳам бўлади. Ҳозир бизнинг иқтисодиётимизда муаммолар кўп. Завод-фабрикалар қуришимиз керак. Унинг учун энг замонавий ускуналар керак. Ускуналар эса четдан валютада келтирилади. Агар конвертацияни йўлга қўйсак, биз валютани маиший, майда-чуйда нарсаларга ишлатиб юборамиз. Биз валютани завод ва фабрикаларга сарфлашимиз ва иқтисодиётимизни кўтариб олишимиз керак” деганди.
 
Ислом Каримов оқилона ва узоқни ўйлаб иш юритадиган буюк инсон эди. Мамлакатимизни энг оғир дамларда ҳам оёққа туриб олишида, иқтисодиётимизнинг ривожланишида, халқнинг тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришида Биринчи Президентимизнинг ҳиссаси катта. 
 
Юқорида айтиб ўтганимдай, у киши бақувват ва соғлом эди, соғлигидан шикоят қилмасди. 26 август куни ҳаммамиз Татьяна Акбаровнанинг туғилган кунини нишонладик. Ислом Абдуғаниевич соат тўққизларда ишдан келди, ҳаммамиз бир оила аъзоларидек чиройли дастурхон атрофида ҳазил-ҳузул қилиб ўтирдик. Ислом аканинг ҳам кайфияти аъло эди. Эртасига эса у кишининг соғлиги кескин ёмонлашгани ҳақида эшитдик. Зудлик билан етиб бориб, Ислом Абдуғаниевични шифохонага олиб бордик. Менинг хаёлимда эса бир савол айланаверарди: қандай қилиб шундай соғлом одам бирдан йиқилиши мумкин?!
 
Менинг ака-укаларим йўқ эди, биттагина опам бор эди. Биринчи Президентимиз вафот этганларида ўзимнинг туғишган акамни йўқотгандай бўлганман. 
 
Мендан кўпинча “бахтиёрмисан?” деб сўрашади. Мен “Албатта” дейман. Чунки Ислом Каримовдай буюк инсоннинг ёнида ўтган йигирма беш йил мен учун катта ҳаётий мактаб бўлди. Ислом Каримовдан Ватанни, халқни севишни, юртнинг, табиатнинг гўзаллигидан баҳра олишни ўргандим. 
 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1834
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+