Камбағал ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш тизими жорий этилади

12.08.2020, 09:12

Камбағал ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш тизими жорий этилади

Ўзбекистон президентининг «Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қарордан асосий мақсад — Камбағал ва ишсизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишнинг янги тизимини жорий қилиш, уларни касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш жараёнларини ташкил этиш, эҳтиёжманд аҳоли ва ногиронлар иш билан бандлигини таъминлашга оид қўшимча чораларни амалга ошириш ҳисобланади.

Қарор билан:

  • камбағал ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишчи кучининг рақобатбардошлигини ошириш дастури тасдиқланди;
  • Россия Федерациясида фаолият юритаётган меҳнат мигрантларини ўқитиш чоралари белгиланди.
  • Қарор орқали Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини жорий этиш учун зарур бўладиган молиявий харажатлар ажратилди ҳамда уларнинг манбалари, йўналишлари ва кўламлари белгиланди.

Қарорда кўзда тутилган Камбағал ва ишсизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш тизими Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Ишга марҳамат» мономарказларини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкентда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларини, Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларини, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ўз ичига олади.

Ҳужжат орқали аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишга, нодавлат сектори имкониятларидан кенг фойдаланиш учун давлат ёрдамини бериш механизми жорий қилинади.

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун Вазирликнинг «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оперативбошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади;
 
Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларига ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи берилади; касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бинолари бир қисми берилган тақдирда — мазкур марказларнинг ўқув жиҳозлари ва анжомларидан имтиёзли фойдаланиш имкони яратилади.

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш, бунда давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражаси дан фойдаланиш белгиланган.

Қарорга мувофиқ «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини халқаро WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади. Мономарказлар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади.

Ушбу лойиҳалар ижросини таъминлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 150 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек мазкур қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар бир ҳудудда камида биттадан «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» бўйича нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари ўртасида очиқ танлов ўтказилади.

Қарор билан «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» танлови ғолибларининг лойиҳаларини рағбатлантириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 50 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Бу муҳим тадбирларни амалга ошириш натижасида ҳар йили 60 минг нафарга яқин ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини меҳнат боорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитиш имконияти юзага келади, 25 мингдан зиёд ногиронлиги бўлганларнинг бандлиги таъминланади.

Республика ишчи гуруҳи давлат ва нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари самарали фаолият юритишини ҳамда сифатли ва халқаро стандартларга жавоб берадиган касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилишини ташкиллаштиради, шунингдек ушбу мақсадда ажратилаётган маблағларнинг манзилли сарфланишини таъминлайди.

Қарор билан тасдиқланган Аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишчи кучининг рақобатбардошлигини ошириш дастури эса аҳоли бандлигига кўмаклашиш соҳасида хизматлар кўрсатиш сифатини янада оширишга
ва бу борада норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга, бандлик соҳасида узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга ҳамда яратилган иш ўринлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ахборот алмашинувини ташкил этишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, 800 мингдан ортиқ фуқаро ва иш берувчиларга бандлик ва меҳнат соҳасида давлат хизматлари кўрсатилади, шу жумладан 410 минг аёллар ва 300 минг ёшларнинг бандлиги таъминланади.

  • Кўрилди
    1027
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+