Туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик муҳити танқидий таҳлил қилинди

25.09.2020, 09:40

Туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик муҳити танқидий таҳлил қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 сентябрь куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – иқтисодиётнинг ўсиш нуқталаридан бири, аҳоли бандлигини таъминлашнинг катта манбаи. Шу боис мамлакатимизда бу соҳани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Президентнинг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, барча зарур шароитлар яратиб берилди. Энди ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ишни тўғри ташкил этиб, янги корхоналар очилиши, уларнинг яшовчанлиги, маҳсулотлари ҳажми, яратилган иш ўринлари бўйича натижа қилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги қарорига асосан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган эди. Шунга мувофиқ, биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди. Таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида “ўрта” ҳамда 33 тасида “қониқарсиз” деб топилган.

Видеоселектор йиғилишида ушбу таҳлиллар асосида жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган ҳудудларга кўмаклашиш чоралари муҳокама қилинди.

Иқтисодий комплексга кирувчи вазирлик ва муассасалар “тадбиркорга хизмат қилувчи” ташкилотга айланиши зарурлиги таъкидланди. “Қониқарсиз” деб баҳоланган туман ва шаҳарларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, “яхши” ҳудудларнинг тажрибасини оммалаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Мисол учун, Самарқанд туманида ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 1,1 триллион сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 4,5 миллион сўмдан тўғри келган. Бу Самарқанд вилоятидаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, 508 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, янги иш ўринларининг 71 фоизи кичик бизнесда очилган. Маҳаллий бюджет тушумлари сўнгги уч йилда 2 баравар ортган.

Шунингдек, Қамаши туманида сўнгги уч йилда 802 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, ишламаётган 132 та корхона қайта тикланган. Экспорт ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробар ошган.

Аксинча, Нукус, Балиқчи, Бекобод, Ховос, Бахмал, Мирзачўл, Янгиқўрғон, Шовот, Касби, Қумқўрғон, Учтепа каби туманлардаги аҳвол қониқарсиз. Аслида уларда ҳам етарлича салоҳият ва инфратузилма бор.

Масалан, Қумқўрғон тумани тадбиркорлик кўрсаткичлари бўйича Сурхондарё вилоятида энг охирги ўринлардан бирида. Лекин у ерда 124 минг гектар яйлов ва 48 минг гектар оборотдан чиққан ер бор. Улардан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмаган.

Бекобод туманида ҳам кичик бизнес улуши республикадаги энг сўнгги ўринлардан бирида. Туманда йилига 36 минг тонна пахта, 100 минг тонна дон етиштирилса-да, қайта ишланмайди.

Мутасаддиларга “қониқарсиз” деб баҳоланган туманларда муҳандислик коммуникацияларини яхшилаб, кичик саноат зонаси ташкил этиш, яйловларда чорвачилик, қоракўлчилик, йилқичиликни ривожлантириш, чегараолди савдо ва хизматларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.  

Яхши кўрсаткичларга эришган туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари маошига 30 фоиз устама тайинланиб, аҳвол қониқарсиз бўлган ҳудудлар раҳбарларига жарима қўлланиши айтиб ўтилди.

– Одамларимиз турмушини яхшилашга ҳаракат қилмаган раҳбар бир кун ҳам ишламайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

“Қониқарсиз” ҳамда “ўрта” деб баҳоланган туман ва шаҳарларда инқирозга қарши бошқарув тизими жорий этилиши белгиланди. Яъни, уларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши мумкин. Халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланади.

– Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз, – дея таъкидлади Президент.

Йиғилишда янги корхоналар ташкил этиш, борларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. 

Жорий йилнинг 8 ойида 60 мингдан зиёд янги кичик бизнес субъектлари фаолият бошлади. Уларнинг ҳар бири ўртача 38 миллион сўм солиқ тушумини таъминлаб, камида 2 тадан иш ўрни яратмоқда. Лекин 31 мингдан зиёд корхона фаолияти ҳалигача тикланмаган. Ўз бизнесини очиш ҳаракатидаги инсонлар ҳам жуда кўп.

Савдо-саноат палатаси раҳбарлари ва Бизнес-омбудсман жойларга чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга халақит бераётган муаммоларни ҳал этиши, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиши кераклиги таъкидланди.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш, банклар томонидан маблағ берилган, лекин хомашё, энергия ресурси ёки логистика каби сабабларга кўра тўхтаб қолган лойиҳаларни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.  

Тижорат банклари тадбиркорларнинг бизнесдаги натижаларига қараб уларга “имтиёзли хизматлар пакети”ни таклиф қилиши муҳимлиги айтилди.

Маълумки, кичик бизнес ва маҳаллий ресурс солиқлари тўлиқ ҳудудлар ихтиёрида қолдирилмоқда. Яъни, ҳудудларнинг бюджет барқарорлиги, ривожланиши тадбиркорлик фаолияти билан бевосита боғлиқ.

Масалан, Конимех туманида маҳаллий бюджетга солиқ тушумлари жорий йилнинг 8 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 141 фоизга ошган. Пандемия даврида молиявий қийинчиликка дуч келган 20 та корхонага солиқ таътили берилиши натижасида 100 та иш ўрни сақлаб қолинган.

Давлат солиқ қўмитасига барча вилоятларда ишни шундай ташкил этиб, маҳаллий бюджетларни мустаҳкамлаш юзасидан кўрсатма берилди.

Йиғилишда бу йил кутилаётган бюджет тақчиллигини имкон қадар қисқартириш учун қўшимча тушумларни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини таҳлил қилиб, қўшимча даромадларни аниқлаш, бюджет ташкилотларининг пуллик хизматлардан даромадларини кўпайтириш ва бино-иншоотларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Охирги 4 йилда бизнесни ривожлантириш учун яратилган имкониятлар натижасида кўплаб кичик корхоналар фаолияти кенгайган. Давлатимиз раҳбари бундай интилишларни рағбатлантириш, корхоналарни йириклашишга ундайдиган қулай муҳит яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзларни табақалаштириш керак. Ўрта бизнес тоифасига кириши мумкин бўлган корхонани аниқлаб, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан мақсадли маблағлар ажратиш, маҳсулотини сертификатлаш, илм ва инновация харажатларини қисман қоплаб бериш каби чоралар орқали уларга кўмаклашиш муҳимлиги айтилди.

Видеоселектор йиғилишида сўзга чиққан ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча захираларни ишга солишга доир режаларини баён қилди.

  • Кўрилди
    968
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+