Солиқ солиш соҳасида 2021 йилдаги асосий ўзгаришлар

08.01.2021, 11:56

Солиқ солиш соҳасида 2021 йилдаги асосий ўзгаришлар

Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2021 йилда мамлакатимизда солиқ солиш соҳасида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. 

1. Коронавирус пандемияси давридаги солиқ енгилликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5978-сон Фармонида қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи бўйича берилган баъзи солиқ имтиёзлари доимий қоида сифатида чекланмаган муддатда Солиқ кодексида ўз аксини топди.

2021 йил 1 январдан:

– товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилари учун солиқ даври ҳар чорак этиб белгиланди;

– фойда солиғи тўловчилари жорий чоракда кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб, фойда солиғи бўйича аванс тўловлар суммаси тўғрисида кейинги чорак биринчи ойининг 10-кунигача маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бир қаторда, 2021 йилда ҳам айрим чораларни қўллаш давом этади. Унга кўра Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда солиқ ҳисоботларини беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кечиктирилганлиги учун солиқ тўловчиларга жарима солинмайди.

2. Махсус солиқ режимлари бўйича солиққа тортиш

Айланмадан олинадиган солиқ татбиқ этилмайдиган солиқ тўловчилар сафи кенгайтирилди. Хусусан, эндиликда алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш учун турғун савдо шохобчалари, шунингдек бозорлар ва савдо марказлари, умумий даромад миқдоридан қатъий назар, қўшимча қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчилари ҳисобланади.

Риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилди.

3. Акциз солиғи

Aкциз солиқ тўловчиларига аниқлик киритилмоқда, хусусан, якуний истеъмолчига сотиладиган олиб кирилган (импорт қилинган) акциз тўланадиган товарлар (бензин, дизель ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газ) ўз эҳтиёжлари учун ишлатилганда, ушбу товарларни ўз эҳтиёжлари учун олиб киришни амалга оширган шахслар солиқ тўловчилари бўлиб эътироф этилади.

Эндиликда акциз тўланадиган товарларнинг (хизматларнинг) рўйхати ва улар учун ставкалар Солиқ кодексида белгиланади. 

Уяли алоқа хизматларининг акциз солиғи ставкаси 25 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилади. 

4. Фойда солиғи

2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартиблар ўрнатилди:

 - Солиқ кодексининг 304-моддаси 8, 9, 14, 15 ва 17-бандларига мувофиқ келиб тушган маблағлар ҳисобидан олинган ёки сотиб олинган (барпо этилган) мол-мулк, шунингдек солиқ ва божхона имтиёзлари берилганлиги натижасида бўшаган маблағлар ҳисобидан олинган ёки сотиб олинган (барпо этилган) мол-мулк амортизация активлари сифатида тан олинмайди ва амортизация қилинмайди;

- солиқ тўловчи кейинги ҳисобот (солиқ) даврларида амортизация қилинадиган активлар қийматини қайта баҳолашни амалга оширса, бундай қайта баҳолаш натижаси амортизация ажратмаларини ҳисоблашда солиқ мақсадлари учун ҳисобга олинмайди;

- амортизация қилинадиган активнинг қиймати уларни қайта баҳолашни ҳисобга олмаган ҳолда дастлабки қийматидан ҳисобланган амортизация тўловлари орқали ҳисобланади.

Бунда, 2021 йил 1 январдаги бухгалтерия маълумотларига асосан солиқ тўловчида мавжуд бўлган, аввал амалга оширилган қайта баҳолашни ҳисобга олган ҳолда амортизация қилинадиган активлар қиймати солиқ солиш мақсадида бошланғич қиймат ҳисобланади.

5. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

Якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўлов манбаида солиқ агенти – якка тартибдаги тадбиркор томонидан солиқ тўловчига даромад тўланганда ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш тартиби жорий этилади.

Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар шахсий даромадларидан солиқни белгиланган миқдордаги ёки йиллик декларация асосида тўлашни танлаш ҳуқуқига эга бўлган тартиб бекор қилинади.

6. Ижтимоий солиқ

Ўзини ўзи банд қилган шахслар, шунингдек чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, меҳнат стажи ҳисобланиши учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлашлари лозим.

7. Юридик шахслар мол-мулк солиғи

Солиқ кодексининг 415-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган объектларга нисбатан пасайтирилган солиқ ставкасини 0,2 дан 0,4 фоизга ошириш йўли билан юридик шахслар учун пасайтирилган солиқ ставкасини босқичма-босқич базавий ставкага етказиш давом эттирилмоқда.

8. Жисмоний шахслар мол-мулк солиғи

Кўп қаватли уй билан бевосита боғлиқ бўлган автомашина тўхташ жойлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ объектига киритилмоқда. 

9. Ер солиғи

Мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналари учун мева-сабзавот маҳсулотлари эгаллаган ерлар бўйича, шунингдек деҳқон хўжаликларининг суғориладиган ва суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ер солиғи тўлаш тартиби жорий етилади.

Балиқларни кўпайтириш (етиштириш) учун самарасиз фойдаланиладиган сунъий сув ҳавзалари эгаллаган ерларга нисбатан юқори солиқ ставкаларини белгилаш ва ер солиғи бўйича солиқ имтиёзларини бекор қилиш чоралари қўлланилади.

Солиқ кодексининг 429-моддасида назарда тутилган, илгари солиқ имтиёзлари берилган алоҳида объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан солиқ ставкасининг камайтирувчи солиқ коэффициенти 0,1 дан 0,25 га оширилади. 

10. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ

Қуйидаги тартиблар белгиланмоқда:

- сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирувчи балиқчилик хўжаликлари солиқ базасини табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан олинган ва ушбу сув ҳавзаларига қайтариб қуйиладиган сув ҳажмининг фарқига қараб аниқланади, коллектор-дренаж тармоғига қайтариб қуйиладиган сув ҳажми бундан мустасно;

- сув ресурсларини ҳисобга олиш воситалари мавжуд бўлмаган ва фойдаланилган сув ресурсларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлашнинг иложи бўлмаган тақдирда қишлоқ хўжалигида, шу жумладан балиқ етиштиришда солиқ базаси сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан тасдиқланган сув ресурслари истеъмолининг нормативларига мувофиқ аниқланади.

- Солиқ солиш объекти ва (ёки) солиқ ставкаси турли бўлган бир неча турдаги фаолият билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар бундай фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари шарт ва тегишли солиқ ставкалари бўйича солиқ тўлаш тартиби киритилмоқда. 

11. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ

Қуйидаги фойдали қазилмалар учун 5 фоиз миқдорида, бироқ 1 куб.м учун 7 500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда: қурилиш қумлари, қум-шағал аралашмаси, қумтошлар, қурилиш майда тошлари (карбонат жинслар), қурилиш майда тошлари (гранитлар, порфиритлар ва сланец жинслари).

12. Солиқ имтиёзлари

1. Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби аниқлаштирилмоқда, хусусан:

йўловчи ташиш хизматлари учун тақдим этилган имтиёзлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган тарифга мувофиқ шаҳар йўловчи транспорт хизматларига ва жамоат йўловчи транспортига нисбатан (таксилар, жумладан маршрут таксилари бундан мустасно) қўлланилади.

халқаро молия институтларининг кредитлари ва давлат ташкилотларининг халқаро кредитлари эвазига сотиб олинган товарлар (хизматлар) учун берилган имтиёз, агар уларни озод қилиш қонунда назарда тутилган бўлса, қўлланилади.

2. Ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик маршрутлар бўйлаб ташкил этилган татиб кўриш зоналарида (жойларда) сотиладиган табиий шароблар (бутилкалардан ташқари) акциз солиғи солиш объекти ҳисобланади.

3. Барча турдаги чиқиндиларни сақлаш ва улардан фойдаланиш учун ажратилган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объектидан чиқариб ташланди.

4. Ҳар қандай турдаги сувни тежайдиган суғориш технологияси жорий қилинган ер участкалари учун юридик шахслардан ер солиғи ундирилмайди.

5. Коллектор-дренаж тармоқларидан фойдаланиладиган сув ресурслари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ солиш объектидан чиқариб ташланди.

6. “Ипотека Банк” АТИБ, Халк Банки ва “Микрокредитбанк” учун тақдим этилган баъзи солиқ имтиёзлари бекор қилинди.

  • Кўрилди
    2457
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+