Машинасозлик саноатини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

14.01.2021, 08:47

Машинасозлик саноатини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 13 январь куни машинасозлик тармоғини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Мазкур тармоқ мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи йўналишларидан бўлиб, саноатдаги улуши 11 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, ҳисоб-китобларга кўра, ушбу соҳада ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш имконияти бор.

Бугунги кунда бир қатор компаниялар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва инвестициялар олиб кириш истагини билдирмоқда.

Шу боис давлатимиз раҳбари локализация даражасидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар учун бир хил шароитлар жорий этиш бўйича кўрсатма берди. Бунда, автомобилларни саноат усулида йиғиш, йилига 50-60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлиги таъкидланди.

Жорий йилда Хоразмда кузов деталларини тайёрлаш корхонаси, Андижонда 4 та, Навоий вилоятида 2 та маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишга туширилади. Кооперация платформаси доирасида 122 та хусусий корхона иштирокида яна 80 та детал ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади. 

Мамлакатимизда барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. Йиғилишда шу масалага эътибор қаратилиб, хорижий мутахассислар иштирокида “Ўзавтосаноат” фаолиятини трансформация қилиш офисини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Ушбу жараёнларда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги етакчи бўлиб, ишларни мувофиқлаштиради.

1 июлга қадар тармоқ таркибидаги 40 та корхонани трансформация қилиш бошланади. Тармоқда рақобат муҳитини ривожлантириш учун компания таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23 та корхонани хусусийлаштиришга тайёрлаш лозимлиги қайд этилди. “Ўзавтосаноат”нинг асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган 14 та ташкилотдаги улушларини сотувга чиқариш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ислоҳ қилиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилди. Тармоқда иқтисодий самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича вазифалар белгинди.

Мутасаддиларга корхоналарнинг бўш ер майдонларини оптималлаштириш, техникалар таннархини 30 фоизгача тушириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳамёнбоп техникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу йил якунигача уларнинг локализациясини 30 фоизга, келгуси йилда эса камида 45 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда белгиланган вазифалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

  • Кўрилди
    1310
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+