Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

26.01.2018, 09:30

Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш, фуқароларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг барча қатламлари тиббий хизматдан фойдаланиши учун шароит яратиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва бу ҳудудларнинг ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини берди, тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш эса 2 баравар кўпайди. 

Шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг ташкилий асослари шакллантирилганига қарамай, ҳанузгача унинг самарадорлиги замон талабларига жавоб бермайди, тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси етарли эмаслигича қолмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4985-сонли Фармонига мувофиқ ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, шу жумладан, тез тиббий ёрдам хизматининг тезкорлиги, самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида: 

1. Маълумот учун қабул қилинсинки: 

шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам, мулкий шакли ва бошқарувидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул кўрсатилади; 

ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатларда тиббиёт муассасаларига шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш тақиқланади. 

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2018 йилда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури (бундан буён – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин: 

тез тиббий ёрдам хизматининг соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини муассасалари билан самарали интеграциясини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини, кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш; 

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (бундан буён –РШТЁИМ), унинг филиаллари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш; 

тез тиббий ёрдам хизмати ихтисослаштирилган автотранспортини замонавий тиббий ускуналар ва рақамли радиоалоқа воситалари (рациялар) билан жиҳозлаш ва қўшимча жиҳозлаш; 

шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал ривожлантиришни таъминлайдиган илмий тадқиқотларнинг устувор ва истиқболли йўналишлари ҳамда илғор технологияларни ҳисобга олган ҳолда тиббий кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш. 

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси ва РШТЁИМ ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам станциялари негизида бутун республика ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган туну кун ишлайдиган ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

4. Тез тиббий ёрдам тизимини ихтисослаштирилган автотранспорт билан жиҳозлаш нормативлари ва улардан фойдаланиш муддатлари 2-иловага мувофиқ, шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати кўчма бригадасини тиббий ускуналар ва инвентарлар билан жиҳозлаш табели 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрнатилган тартибда: 

бир ой муддатда тез тиббий ёрдам тўғрисида низом ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашнинг янгиланган нормативларини тасдиқласин; 

мазкур қарор қабул қилинишини инобатга олган ҳолда бир ой муддатда беморларни республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига шошилинч ётқизилишини талаб этувчи кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар Рўйхатини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирлар тўлиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминласин; 

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Call-марказлар фаолиятини ташкил этиш учун шифокор, ўрта тиббий ва техник ходимлар лавозимларини жорий этиш йўли билан тез тиббий ёрдам хизматининг янгиланган штат меъёрларини қайта кўриб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин, шунингдек, уларни аҳолига самарали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлган малакали тиббий кадрлар билан қўшимча таъминласин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 1 февралидан тез тиббий ёрдам бригадалари ҳайдовчиларига уларга беморларни ташиш бўйича қўшимча равишда юклатилган функцияларни бажаргани учун, агар санитар штати мавжуд бўлмаса, тариф ставкасида 30 фоиз миқдорида устама тўлашни жорий қилиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу қарор ва Дастурда назарда тутилган тадбирларни бажариш учун ҳар йили зарур бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари тез тиббий ёрдам тизимининг автогараж хўжалигига доир талабларга риоя этилиши, унинг моддий-техник воситалар билан таъминланганлиги, шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадаси ихтисослаштирилган автотранспортининг узлуксиз ишлаши учун шахсан жавобгардирлар. 

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун хорижий давлатлар, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитларини (заёмларини) ва грантларини ҳамда бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш юзасидан зарур чоралар кўрсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда тиббиёт муассасалари раҳбарларини мазкур муассасалар томонидан шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш асоссиз равишда рад этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 21 майдаги “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-1114-сон қарорининг 2-банди ва унинг 1-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018 йилда шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури бажарилишининг таҳлилларига асосан 2019 йилда шошилинч тиббий ёрдам тизимидаги комплекс тадбирларни янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда: 

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; 

улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.Акмалов зиммаларига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 25 январь



* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
Ш А Р Ҳ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 18 октябрда ўтказилган соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, келгусидаги вазифалар ва истиқболдаги режаларга бағишланган мажлис баёнида белгиланган топшириқни ижро этиш юзасидан ишлаб чиқилган. 

Халқимизнинг соғлиғини янада мустаҳкамлаш, етук ва баркамол авлодни тарбиялашни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жумладан, ҳозирги вақтда мамлакатимизда энг такомиллашган ва замонавий шарт-шароитларни яратишга, тиббий хизматлар сифатини янада оширишга жиддий эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбари ўзининг ҳар бир нутқида, учрашувларда халқимиз ўз ҳаётидан рози бўлиши учун энг аввало унинг сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш зарурлигини қайта-қайта қайд этмоқда. 

Бугунги кунда шошилинч тиббий ёрдам тизимининг таркиби Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят филиаллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, тез тиббий ёрдам станциялари ва санитар авиацияси хизматини ўз ичига олади. Ҳар йили шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида 600 мингдан ортиқ бемор стационар даволанмоқда, 1 миллиондан ортиқ кишига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, тез тиббий ёрдам хизмати томонидан эса йилига 7 миллиондан ортиқ чақириққа хизмат кўрсатилмоқда. 

2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва бунинг натижасида ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди. Тез тиббий ёрдамнинг сайёр бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш кўрсаткичи 2 баравар кўпайди. 

Шу билан бирга, тез тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги ҳали-ҳануз замонавий талабларга жавоб бермайди. Сайёр бригадаларнинг бир марта қўлланиладиган тиббий буюмлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланганлиги қониқарсиз даражада қолмоқда. 

103 телефон рақами орқали тушаётган ҳар бир чақириқни, унинг устуворлик ва шошилинчлик даражасидан қатъий назар, сўзсиз бажариш қоидасига асосланган аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг ташкилий тузилмасини оқилона тузилма, деб бўлмайди. Ҳозирги кунда тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан бажарилаётган чақириқларнинг 30 фоизи инсон ҳаётига хавф туғдирмайдиган сурункали касалликлар бўйича бажарилаётгани бундан далолат беради. 

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу тизимни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари, тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти сифати ва натижадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасида илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари назарда тутилган. Булар: 

тез тиббий ёрдам хизматининг бирламчи соғлиқни сақлаш бўғини муассасалари билан самарали интеграциясини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини, у томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш; 

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг филиаллари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари шошилинч тиббий ёрдам бўлимларининг ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, уларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш ва қўшимча жиҳозлаш; 

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва ҳудудий филиалларининг кадрлар, илмий ва техник салоҳиятини кенг жалб этиш йўли билан тизим учун тиббий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш; 

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси ва РШТЁИМ ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам станциялари қошида тез тиббий ёрдамни чақиришга мўлжалланган туну кун ишлайдиган, ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этиш белгиланган. 

Шу билан бирга, Президентнинг қарори билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурида ҳудудларга амалий ёрдам бериш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассисларининг минтақаларга мунтазам равишда чиқишларини ташкил этиш назарда тутилган. 

Шошилинч ҳолатларда ташхис қўйиш ва даволашнинг янги, самарали технологияларини яратишга қаратилган истиқболли йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш, шу жумладан, интервенцион кардиология, кардиохирургия, нейрохирургия, микрохирургия, эндовидеохирургия усулларини кенг ва тизимли равишда жорий этиш; 

шошилинч тиббий ёрдам тизимининг врачлари ва ўрта тиббиёт ходимлари, илмий ва илмий-педагогик кадрларини жаҳоннинг етакчи хорижий клиникаларида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш; 

қарорнинг тегишли банди билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда тиббиёт муассасалари раҳбарлари шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси юклатилди. 

Мутахассислар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар даражасини ошириш, шошилинч вазиятларда ташхис қўйиш ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш ушбу қарордан кутилаётган натижалар ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, даволаш жараёни самарадорлигини оширибгина қолмай, балки стационарда даволаниш муддатларини ва ушбу мақсадлар учун сарф-харажатларни қисқартиришга хизмат қилади; 

фуқароларнинг малакали тиббий хизматларга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, тез тиббий ёрдамнинг сифатини ошириш учун ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади; 

тез тиббий ёрдам хизмати амалиётига замонавий илмий-техник воситаларни, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўли билан унинг тезкорлиги, сифати ва самарадорлиги даражаси оширилади. 

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарор ва у билан тасдиқланган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар шошилинч тиббий ёрдам тизимини, шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштиришда, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги даражага кўтаришда, илғор хорижий тажрибани амалиётга жорий этишда, соҳа мутахассис-олимлар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот фаолияти кўламларини кенгайтиришда дастуриламал бўлади. 

Сўз аҳоли соғлиғи, инсонларнинг манфаатлари, халқнинг фаровонлиги ҳақида борар экан, ушбу масалалар доимо диққат-эътиборда бўлади. 
  • Кўрилди
    1145
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+